Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Аллоҳинг Каломига ошуфта жажжи қорилар

Аллоҳинг Каломига ошуфта жажжи қорилар

Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги “Рамазон” масжидида Биринчи вилоят Қуръон билимдонлари кўрик танлови бўлиб ўтди. Унда Свердловск вилоятининг турли бурчакларидан Аллоҳнинг Каломини ёд олган жажжи қорилар иштирок этишди. Кўрик танлов Мусулмонлар идорасининг Свердловск вилояти бошқармаси ҳамда “Баракот” хайрия фонди ташаббуси билан ташкил этилди.

“Баракот” хайрия фонди раҳбари Залия Валиева кўрик танлов ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди: “Аллоҳнинг марҳамати билан биз Қуръон байрамига йиғилдик. Унинг доирасида қорилар ва қориялар, Ҳадис ва Сийрат илми билимдонлари куч синашдилар. Биз бугун Исломнинг қайта туғилишидаги тарихимизни янгитдан бошладик. Ушбу танлов – дастлабки қадамдир. Бу бошланиши. Аллоҳ таоло бизларга Ўзининг муқаддас Каломини – Қуръони Каримни нозил қилди. Муқаддас Каломни тинглаш ва ўқиш, шубҳасиз, қалбларни юмшатади, атрофга яхшилик улашади, сакинат индиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида шундай дейилади: Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади: “Қуръонни моҳирона тиловат қиладиган қори элчи, ёзувчи ва ўта яхши фаришталар билан (бир мақомда)дир. Қуръон ўқиганда тили тутиладиган қорига икки ҳисса кўп савоб (берилади)” (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган)”. Аллоҳнинг инояти билан Муқаддас Қуръон оятларини ўқиган ва тинглаганлар ўзларига муносиб мукофотларни олдилар. Бизнинг танлов – вилоят бўйича ўтказилган йирик тадбирдир, уни ҳар йили ўтказишни режалаштирмоқдамиз. Биз уни Мусулмонлар идораси билан ҳамкорликда ташкил қилдик. Ғоянинг пайдо бўлганига анча бўлганди. Даставвал болаларга Қуръондан таълим берувчи мактаб очишни орзу қилгандик. Ўйлаймизки, бу ана шу орзуимизнинг ушалиши томон қўйилган илк қадамдир. Ушбу лойиҳа болалар ва ёшлар орасида исломий билимларни шакллантиришда асос бўлиб хизмат қилади. Бугун биз бетакрор маънавий муҳитга тушдик, болакайларнинг ажойиб қироатларидан баҳра олдик, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига доир таъсирли ҳикояларни тингладик, гўзал ва унутилмас таассуротлар оғушида қолдик. Мана бир неча асрлардан буён Қуръони Карим дунёдаги миллионлаб мусулмонлар учун дастурул амал бўлиб келмоқда, бу Яратганнинг буюк инъомидир! Барча иштирокчиларни муборакбод этаман. Ҳақиқатда бу ерда мағлублар йўқ, чунки барча қорилар – Аллоҳ таолонинг йўлида ғолибдирлар!”

Танлов қатнашчиларига диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Бу тадбирга маҳаллий ОАВнинг катта эътибор қаратганлиги таҳсинга лойиқдир. Улар тадбирнинг анонсларини эълон қилишди, шу сабабдан масжид иштирокчи ва томошабинларга тўлиб кетди.