Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ақида / АЛЛОҲДАН БОШҚАГА САЖДА ҚИЛИШ ҲУКМИ

АЛЛОҲДАН БОШҚАГА САЖДА ҚИЛИШ ҲУКМИ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Мен айтаман: Мазкур бобдаги ҳадислар Аллоҳдан бошқага сажда қилишнинг жоиз эмаслигига ҳужжат сифатида далил бўлади. Яна шунга далолат қиладики, сажда Боқий илоҳга хосдир! Фоний бўлмиш кимса бунга салоҳиятли эмас, хоҳ у набий бўлсин, хоҳ валий бўлсин, хоҳ тирик бўлсин, хоҳ ўлган бўлсин.

Қайс ибн Саъддан ривоят: Ҳийрага келиб, у ердагилар Марзбон (подшоҳ)га сажда қилишларини кўриб қолдим. Ўзимча: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилишга ҳақлироқ”, деб ўйладим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келдим. Ул зотга: “Мен Ҳийрага бориб келдим. У ернинг аҳолиси Марзбонга сажда қилар эканлар. Сизчи, эй Расулуллоҳ?! Сиз сажда қилишга ҳақлироқсиз!” – дедим. Ул зот дедилар: “Агар сен қабрим олдидан ўтадиган бўлсанг, унда унга қараб сажда қилар экансан-да?!”. Мен: “Йўқ!” – дедим. Ул зот марҳамат қилдилар: “Бас, бундай қилманглар! Агар мен бировга сажда қилишга буюрувчи бўлганимда эди, аёлларни эрларига сажда қилишларини буюрган бўлардим. Улар мана шунга ҳақлироқ бўлган бўларди”. Абу Довуд ривоят қилган. “Ан-Найл”да ҳам келган. Уни Шурайк ал-Қози сабабли иллатли деб туриб, саҳиҳ эмас, дейилган. Чунки Шурайк гўзал ҳадис айтувчидир.

“Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан ривоят: Муоз розияллоҳу анҳу Шомдан келганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга сажда қилди. Шунда Ул зоти шариф: “Бу нимаси, эй Муоз?” – дедилар. “Шомдан келдим. У ердагилар ўзларининг бошлиқлари ва роҳибларига сажда қилишларини кўриб қайтдим. Ўзимча мана шуни сизга қилишни хуш кўрдим”, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Бундай қила кўрманглар! Агар мен Аллоҳдан бошқага сажда қилишга буюрувчи бўлганимда эди, хотинни эрига сажда қилмоғини буюрган бўлардим”. Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилган.

“Ан-Найл”да айтади: Ибн Можжа уни салоҳиятли исноди ила келтирган. Чунки (ровийлар орасидаги) Азҳар ибн Марвон ва Қосим аш-Шайбоний тўғри сўздирлар. Яна бундай деган: Муоз розияллоҳу анҳунинг мазкур бобдаги қиссасини (муҳаддислардан) ал-Баззор ровийлари саҳиҳ (тўпламларнинг) кишилари бўлган иснод билан тахриж қилган. Яна уни ал-Баззор, ат-Табароний бошқа иснод билан келтирган. Унда Набаҳон ибн Фаҳм бор бўлиб, у заифдир. Яна уни ал-Баззор ва ат-Табароний бошқа иснод билан ҳам келтирган. Унинг ровийлари ишончли. Яна бундай деган: сажда қилиш ҳукми Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳадисида собит бўлиб, ал-Баззор ривоят қилган. Ат-Табаронийда эса Суроқа розияллоҳу анҳунинг ҳадисида бор. Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳадисини эса Имом Аҳмад ва Ибн Можжа ривоят қилган. Исмат разияллоҳу анҳунинг ҳадисини эса ат-Табароний ва ундан бошқалар ривоят қилган. Шундан сўнг бундай дейди: “Агар башарга сажда қилиш мумкин бўлганида, хотинни эрига сажда қилишга буюрар эдим”, деган маънодаги ҳадислар бир-бирига шоҳид бўлади ва бир-бирини қувватлаб келади.

Тааббуд (ибодат қилиш), таъзим (улуғлаш) ва таҳийят (саломлашиш, табриклаш, олқишлаш)нинг фарқини айтиш ботил фарқлаш бўлиб, уни ғулувга кетганлар ўйлаб топганлар. Чунки Муоз розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Ул зотнинг илоҳлиги учун сажда қилиб қўймади, балки Ул зотни таъзимга мустаҳиқ бўлган пайғамбар деб туриб сажда қилди. Шунингдек, Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сажда қилишни таклиф қилганида Ул зотни илоҳ деб эътиқод қилиб қилмади, балки уни набий ва расул бўлгани учун қилди. Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга рухсат бермаганлар. Балки уларни сажда фақат Аллоҳга хос таъзим эканлигига, фоний бўладиган кимсаларга қилинмаслигига иршод қилганлар. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинни эрига сажда қилишга буюрмоқчи бўлиб, лекин буюрмаганликларининг сабаби унинг илоҳлиги учун эмас, балки таъзимга мустаҳиқ бўлгани учун эди. Шундай бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга рухсат бермадилар ва бу Аллоҳга хосланган таъзим эканлигини баён қилганлар. Демак, сажда Аллоҳ таолога хосланган таъзим бўладиган бўлса, бас, кимки уни бошқага қилса, Аллоҳга ширк келтирган бўлади. Бу ул зотга хосланган таъзим бўлгани учундир. Бас, у мушрик бўлиб қолади.

Ана шунинг учун ҳам Шамс ал-Аимма ас-Сарахсий: “Аллоҳдан бошқасига таъзим юзасидан сажда қилиш куфрдир!” – деган. Бадриддин ал-Айний эса “Ал-Биноя”да бундай деган: “Бу замонда султонга фақат таъзим ва улуғлаш маъносида сажда қиладилар. Уларнинг куфрига шак-шубҳа йўқ”. Ал-Маҳбубий “Шарҳ ал-Жомеъ ас-сағир”да бундай дейди: “Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан бошқага сажда қилиш куфрдир! Агар бу мажбурлаш орқасидан бўлмаса. Жоҳил сўфиларнинг ўз шайхлари қаршисида қилаётган нарсалар (яъни, саждалар) ҳақиқий ҳаром, бидъатнинг энг қабиҳидир. Мана шундан уларни иложсиз қайтаришлари керак”. Айнийнинг “Ал-Биноя” асарида ҳам келтирилган.

Таҳийят саждасига келсак, “ал-Воқеот”дан зоҳир бўлишича, у куфр эмас, балки фақат ҳаром бўлади. Бироқ, менга таъзим саждаси билан таҳийят саждасининг орасидаги бировини куфр бўлади, бошқасини бундай бўлмайди, дейишга асос бўладиган фарқ маълум бўлмади. Чунки Аллоҳ таолога хос бўлган таъзим билан Аллоҳдан бошқага таъзим қилиш ширкдир. Худди шунингдек, Аллоҳга хос бўлган таъзим бўладиган нарсани таҳийят қилиш ҳам феълий ширк бўлади-ку. Чунончи, агар биров учун таҳийят юзасидан намоз ўқиса, бунинг фарқи йўқ. Агар таҳийят саждаси ўтган умматларда жоиз бўлган-ку, деб савол берилса, биз айтамиз: буларнинг саждаси ҳозирги ҳолатдаги суратда бўлган деб таслим бўла олмаймиз, зотан, у инҳино – сал эгилиш маъносида (келинларники каби) жоиз бўлган бўлиши мумкин. Чунончи, Аллоҳ таоло айтади: “Удхулу-л-боба сужжадан!” (“Сажда қилган ҳолда эшикдан киринглар!” Нисо сураси, 154-оят). Агар уни ушбу суратда деб айтган тақдиримизда ҳам, бундай бўлмайди. Чунки бу Аллоҳ таолога хос таъзимдир. Ширк келтириш эса хосланиш сабабидан келиб чиқади. Хосланиш бўлмас экан, ширк келтириш ҳам бўлмайди. Демак, бу билан юқоридаги хаёл бартараф бўлади.

Кейин, жоҳилларнинг авлиёлар ва машойихларнинг қабрларида қилаётган нарсалари (яъни, саждалари) таҳийят жинсидан эмас, балки у таъзим жинсидандир. Чунки у таҳийят жинсидан бўлганида эди, у саломлашиш, қўл бериб кўришиш каби бўларди. Уни авлиёлар ва машойихларнинг қабрларига хослаб қўйишларида ҳам ҳеч қандай бошқа маъно йўқ. Қачонки улар қабрларга ва ўзларига мана шуни хослаб олган эканлар, бу шунга далолат қиладики, уларнинг мақсадлари ўзлари ва бошқаларнинг ораларида муштарак бўлган таҳийят эмас, балки ҳаддан ошган таъзимдир. Бас, улар таҳийят ва таъзимнинг мавжуд фарқини топа олмайдилар. Қандай ҳам топа олардилар?! Бас, шак йўқки, уларнинг бу ишлари куфрдир ва амалий ширкдир. Валлоҳу аълам!

“Эъло ус-сунан” асосида

Тошкент вилояти Пискент тумани «Саид Ота»

жоме масжиди имом хатиби Эшонхўжаев Саидрохим