Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қалбнинг хотиржамлиги ва ҳаловати…

Қалбнинг хотиржамлиги ва ҳаловати…

    Аллоҳ таоло барча жонзотлар қатори инсоннинг ҳам ризқини тақдири азалда белгилаб қўйган бўлиб, шариатимиз бизларга ўша ризқни ҳалол-пок йўл билан топишни буюради. Ҳалол меҳнат билан оиласини таъминлаш қанчалик зарур ва файзли амал эканлиги хусусида Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз муборак хадиси шарфларида шундай баён қилади: “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик ва иффатини сақлаш учун ҳалол мол – дунё талаб қилса, юзи тўлин ой кечасидаги ой каби (порлаган холда) бўлиб, Аллоҳга йўлиқади” (Имом Сарахсийнинг “Ал – Мабсут” китобидан).

Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби уламолари таърифича, “Аллоҳ таоло махлуқотларига – одамлар ва ҳайвонларга берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий ҳар бир нарса ризқдир”. Аллоҳ таоло катта ёки кичик ҳар бир инсонга, ҳар бир ҳайвонга берган ва улар фойдаланадиган емак, ичмак, кийим ёки уй-жой уларнинг ризқидир.

    Абу Хафс Насафий ўзининг “Ал ақоид ан Насафия” рисоласида: “Ҳаром ҳам ризқдир. Ҳар бир инсон ўз ризқини – хоҳ у ҳалол бўлсин, хоҳ ҳаром – тўла олади. Бирор инсон ўз ризқини емади ёки унинг ризқини биров еб қўйди, деб тасаввур қилинмайди”, деб ёзади.

     Уламоларимиз касбни шундай таърифлашади: “Касб мақсадни ҳосил қилиш учун ҳаракат этиш ва унга сабаб бўладиган нарсаларни ишга солишдир”.

     Шунингдек, улар таваккул таърифида: “Дунё ва охират ишларида фойдани жалб қилиш ҳамда зарарни даф этишда қалбнинг Аллоҳ таолога сидқидилдан эътимод қилиши”, дейишади.

    Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича, таваккул қалбга ва касб аъзоларга боғлиқ иш бўлиб, сабабларни ишга солмагунча, таваккул ҳосил қилинмайди.

      Ватандошимиз Ҳаким Термизий Муовия ибн Қуррадан ривоят қилади: Умар ибн Ҳаттоб бир гуруҳ одамларга йўлиқиб қолиб: “Сизлар кимсизлар?” деб сўради. “Таваккул қилувчилармиз”, дейишди. “Йўқ, сизлар текинхўрларсиз, таваккул қилувчи аввал донни ерга сепиб қўйиб, кейин Аллоҳга таваккул қилади”, деди.

   Ҳақиқий Исломдан узоқлашиши натижасида ҳалол билан ҳаромни ажратиш гўёки қийин ишдек ёки иккинчи даражага тушиб қолгандек. Оилани боқиш вазифамиз экан деб, кўчадан топганларимизни, ҳалолми, ҳаромми, суриштирмасдан ёки фарқига бормасдан уйга олиб келаётганларимиз ҳам йўқ эмас.

 Инсонда яшаш ҳуқуқи ва мол тўплаш ҳуқуқи бор, бу ҳуқуқни деб бурчимизни унутиш эмас, аксинча, бу бурч бизга луқмамизни ҳаромдан сақлаш масъулиятини юклайди.

 Луқма поклигини кўз қорачиғини сақлагандек асраш лозим. Зеро, Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалол ризқ талаб қилиш иккинчи даражадаги фарздир”– дедилар”.

  Шу ўринда инсонга қалбий хотиржамлик ва ҳаловат нақадар зарур. Мусулмонлар, билибми-билмайми, бирор гуноҳ содир этишса, бу ишларидан афсус надоматлар чекиб, Раббисига истиғфорлар айтишиб, тавба қилишади ва амалларидан қайтишади. Ана шундан кейингина қалб сокинлигига ва хотиржамликка эришадилар. Халқимизда сақланиб келаётган бир мақолда юқоридаги мавзуга алоқадор фикр таъкидланади: “Яримта ноним – роҳати жоним”.

  Биз дунёвий иш деб ўйлайдиган ҳалол ризқ талаб қилиш ҳам  диннинг бир бўлагидир. Фақат шарт шуки, талаби шариатга мувофиқ, жоиз йўл билан бўлсин.

    Агар  мақсадимиз фақат мол-дунё талабининг ўзигина бўлиб қолса, хоҳ у жоиз йўл билан бўлсин ёки ножоиз, хоҳ ҳаром йўл билан бўлсин, хоҳ ҳалол, у ҳолда ҳадисда зикр қилинган фарзни адо этиш фазилати топилмайди, мусулмон билан ғайридин ўртасида ҳеч қандай фарқ қолмайди.

   Ёши улуғларимиз билан суҳбатлашганимизда кўп эшитганмиз. XX асрнинг қирқинчи, эллигинчи йилларида халқнинг бошига чунонан қийинчиликлар тушган, ўша даврни ҳолатини эшитган ёшларимиз, Аллоҳ таолонинг неъматлари еру-осмондан ёғилаётган замонда, ўша қийинчилик, очарчилик ва қаҳатчиликни тасаввур ҳам қила олишмайди. Лекин ўша вақтлар ҳам одамлар ҳалол яшашган, одамларнинг инсофи, имони бўлган, қорни оч эса-да, кўзи тўқ бўлган.

   Бу йилни “Фаол тадбиркорлик инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” йили деб номланиши, юртимиздаги барча фуқароларни ва хусусан, мўмин-мусулмонларни ҳалол ризқ топишда барчага ибрат бўлишини англатади ва юртимиз равнақи, ободлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда жамиятимиз барқарорлигига ўзимизнинг муносиб хиссамизни қўшмоқлигимизни насиб этсин.

Манбалар асосида: Пискент тумани бош имом-хатиби Зайнилобиддинхон Қудратов