Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / Қалби билан Яратганга мурожаат қилиш имконига эга инсонлар

Қалби билан Яратганга мурожаат қилиш имконига эга инсонлар

Аввалроқ хабар қилганимиздек, 2019 йилнинг 17 январь куни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 300 дан зиёд эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар билан диний-маърифий тадбир ўтказилган эди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилганди.

Ана шу хайрли тадбир сўнгида вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида манзилли тарзда ана шундай суҳбат кечаларини ташкил этишга келишиб олинган эди. Бошланган эзгу ишнинг давоми ўлароқ бугун манзилли диний-маърифий тадбирларнинг дастлабкиси Чирчиқ шаҳридаги “Марказий” жоме масжидида Чирчиқ шаҳри, Қибрай ва Бўстонлиқ туманлари учун бўлиб ўтди.

Унда иштирок этган Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган бўлсада, Аллоҳ таоло уларни кўплаб неъматлар – тоза қалб, ажойиб хотира, синчковлик, фаҳм, англай олиш, энг асосийси, қалби билан Ўзига мурожаат қила олиш – билан сийлаганлиги, Яратганга шукрона қилишга сабаб бўла олишини таъкидлаб, Ислом дини асослари, мусулмон киши билиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида маъруза қилдилар.

Ташриф буюрганларнинг диний эҳтиёжларини қондириш диний соҳа хизматчиларининг вазифаси эканлигини айтиб, эндиликда бундай тадбирлар ҳар икки ҳафтада бир маротаба мунтазам равишда ўтказилиб борилишини билдирдилар. Унда ҳалол–ҳаром, савоб-гуноҳ, умуман, динимизга доир масалалар бўйича тушунтиришлар бериб борилади, шунингдек, уларни қизиқтирган саволларига жавоблар бериб борилади. Шу билан бирга, кейинги учрашувларда имон, намоз асосларини, фарз амалларини осон тилда баён қилувчи қўлланмаларни чоп этиб, етказиб берилиши таъкидланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу каби тадбирларга мутасадди ташкилотлардан вакилларни ҳам таклиф қилиш назарда тутилган бўлиб, бундан мақсад – эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганларнинг моддий, соғлиқни сақлаш, меҳнат қилиш, уй-жой масалаларига доир муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашишдир.

Бугунги йиғилишда иштирок этган Чирчиқ шаҳар Бандликка кўмаклашиш бўлими мутахассиси Алимардон Тўраев ташриф буюрганларнинг меҳнат қилиш, ишга жойлашиш, касб-ҳунар эгаллашга доир саволларига жавоблар берди.

Тадбир сўнгида иштирокчиларга китоблар совға қилинди. У Қуръон тиловати ва хайрли дуолар билан ўз якунига етди.