Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / Қалбан Яратганга яқин инсонлар

Қалбан Яратганга яқин инсонлар

Аввалроқ хабар қилганимиздек, 2019 йилнинг 17 январь куни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 300 дан зиёд эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар билан диний-маърифий тадбир ўтказилган эди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилганди.

Ана шу хайрли тадбир сўнгида вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида манзилли тарзда шундай суҳбат кечаларини ташкил этишга келишиб олинган эди.

Бугун – 2019 йилнинг 21 февраль куни – бошланган эзгу ишнинг давоми ўлароқ манзилли диний-маърифий тадбирнинг навбатдагиси Бекобод шаҳри, Бўка, Бекобод, Оққўрғон, Қуйичирчиқ туманлари учун Бўка шаҳридаги “Ўрта қўрғон” жоме масжидида бўлиб ўтди.

Унда Тошкент вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Н.Имамова, Бўка тумани бош имом-хатиби ва туманда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар, Бекобод шаҳар, Бўка, Бекобод, Оққўрғон, Қуйичирчиқ туманлари бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари иштирок этди.

Тадбир аввалида Бўка тумани бош имом-хатиби Бахриддин домла Шарипов Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматовнинг қатнашчиларга саломларини етказдилар. Шундан сўнг, Ислом, унинг арконлари, яхшилик ва ёмонлик, ризқ, шукроналик, ҳаётдаги синовларни енгиш, миссионерлик ва динимизга ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишдан сақланиш каби масалалар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Аллоҳга бўлган чин муҳаббат инсонларнинг қалбида бўлади. Шу жиҳатдан сизлар бизлардан устунсизлар. Сизлар қалбан Яратганга яқин инсонсизлар. Қалбан Аллоҳга яқин бўлиш аслида энг олий фазилатдир”, деган сўзлар иштирокчиларнинг кўзларини намлантирди ва барчани ўз ҳаёти ҳақида мулоҳаза юритишга чорлаб қўйди.

Шундан сўнг, масжидга ташриф буюрган эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганларнинг муаммолари ўрганилди, фикр-мулоҳазалари тингланди. Аниқланган муаммолар бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда уларнинг меҳнат қилиш, уй-жой, соғлиқни сақлаш билан боғлиқ масалаларини ечишга ёрдам кўрсатиладиган бўлди. Бундай тадбир ҳар ойда ўтказилишига келишиб олинди.

Диний-маърифий тадбир хайрли дуолар, эзгу истаклар билан якунланди.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan