Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қалб касалликлари туркумидан: Ҳасад ҳақида

Қалб касалликлари туркумидан: Ҳасад ҳақида

“Ҳасад” сўзи луғатда “Бирон кишидаги Аллоҳ берган неъмат ёки фазилатни завол топиб, ўзига ўтиб қолишини хоҳлаш” маъносини ифодалайди.

Ибн Арабийнинг таъкидлашича, “ҳасад” аслида “терисини шилмоқ” маъносини билдиради.

Лисонул араб” луғатида шундай тушинтирилган: “Ҳасад аслида “терисини шилмоқ”, ғибто эса “бирон нарсани текшириб билмоқ, аниқламоқ” маъноларини ифодалайди. Агар дарахт пўстлоғи шилиб олинса, у қуриб қолади. Бу ҳасаддир. Агар унинг япроғи юлиб олинадиган бўлса, илдизи қуримаса ҳам дарахтнинг ўзига зарар етади. Бу ғибтодир” (Ибн Манзур, “Лисонул араб”).

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

أَمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَىٰ مَا آتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ ۖ

«Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?» деган (54-оят).

Яна Аллоҳ таоло «Фалақ» сурасида:

«Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман. У яратган нарсалар ёмонлигидан. Ва кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан. Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан. Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан», деб айт», деган (1-5 – оятлар).

Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Эй одам фарзанди! Биродарингга ҳасад қилма. Агар Аллоҳ унга ато этган нарса унга бўлган карами туфайли бўлса, нечук Аллоҳ мукаррам қилган кишига ҳасад қиласан. Бордию, ундан бошқача бўлса, унда нима учун борар жойи дўзах бўлган кимсага ҳасад қиласан”.

Ҳасад тўғрисида уламолар куйидагича таъриф берганлар:

Ибни Ҳажар (розияллоҳу анҳу): Ҳасад – неъмат лойиқ бўлган кишидан уни завол бўлишини умид қилишдир, дейдилар.

Нававий (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Ҳасад бу неъмат соҳибидан у хоҳ диний ёки дунёвий бўладими, йўқ бўлишини орзу қилишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади», – дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Ҳасадчи инсоннинг қилган савоб ишлари бўлса, бекорга чиқишини, умуман, ҳасад бор жойда яхшилик қолмаслигини ушбу ҳадисдан тушуниб оламиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳасадни зарарли оловга ўхшатмоқдалар. Ҳасад тарқалган жамиятда ҳам худди шу манзаранинг ўзини кўрасиз. Ҳасадчилар жамиятида яхшиликдан асар ҳам қолмайди.

Зомра ибн Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики, ҳасад қилишмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар», – дедилар». Тобароний ривоят қилган.

Демак, ҳасад қилишса, ораларидан яхшилик кўтарилар экан. Одамлар орасидан яхшилик кўтарилганда жамиятнинг ҳалокатга дучор бўлиши, шубҳасиздир.

Ҳасадни илм билан даволаш қуйидагича: аввало, ҳар бир киши ҳасад ўзининг динига ва дунёсига зарар эканини яхши англаб етмоғи лозим. Шу билан бирга, у ҳасад қилинган одамнинг на динига ва на дунёсига зарар етказа олмаслигини ҳам тушуниши керак. Балки унинг ҳасадидан душмани фойда олади.

Аллоҳ таоло бир қанча оятларда ҳасадни қоралаган ва ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўрашга чақирган.

Пискент туман бош имом-хатиби
Зайнилобиддинхон Қудратов