Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

ҲАЙЗ

ҚОННИНГ ТУРЛАРИ

Савол: Аёлларга хос бўлган қонларнинг турлари нечта?

Жавоб: Аёл кишининг жинсий аъзосидан келадиган қонлар уч турга бўлинади:

  1. Ҳайз
  2. Нифос
  3. Истиҳоза

“Билингки, аёлларга хос бўлган қонлар учтадир: ҳайз, нифос, истиҳоза” (“Манҳалул воридин”).

Савол: Аёллар учун ҳайз ва нифос илмини ўрганишнинг ҳукми қандай?

Жавоб: Аёлларга поклик билан нопокликни ажратадиган даражада ҳайз, нифос, истиҳоза масалаларини ўрганиш, шунингдек, уларнинг валийлари ва эрларига қизлари, сингиллари, аёллари ва қўл остидаги аҳли аёлларга бу хусусдаги масалаларни ўргатиш вожибдир.

“Аёлларга хос бўлган ҳукмларни билиш уларга ва уларнинг эрларига, валийларига вожибдир” (“Манҳалул воридин”).

Ҳайзнинг луғавий маъноси

Савол: Ҳайз луғатда қандай маънони англатади?

Жавоб: “Ҳайз” сўзи луғатда “оқиш” деган маънони билдиради (“Дуррул муҳтор”).

Луғат аҳли айтадилар:

“Ҳайз” сўзининг асл маъноси “оқиш”дир. “Ҳаазол вадиай” дейилса, водийда сув оқди дегани бўлади. Ҳайз ҳар доим ўз вақтида оқиб тургани учун ҳам ҳайз деб ном олган (Мазоҳирул ҳақ).

Ҳайзнинг истилоҳий таърифи

Савол: Шариат истилоҳида ҳайз деб нимага айтилади?

Жавоб: Шариат истилоҳида ҳайз деб, “Аёлнинг бачадонидан бирор касалликсиз ва туғишсиз келадиган қонга айтилади”.

“Ҳайз – балоғатга етган, касал ва ҳомиладор бўлмаган, қондан қолиш ёшига етмаган аёлнинг бачадони чиқариб турадиган қондир” (Мароҳил Фалоҳ).

Урфимизда ҳайз қонига нисбатан “одат қони”, “ой кўриш қони”, “узрли бўлиш” каби истилоҳлар ишлатилади.

Ҳайзнинг бошланиши

Савол: Ҳайз кўриш илк мата кимдан бошланган?

Жавоб: Ҳоким раҳматуллоҳи алайҳнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан саҳиҳ санад билан ривоят қилган ҳадисида ҳайз кўриш Ҳавво онамизда жаннатдан чиқарилгандан кейин бошлангани айтилади (“Саҳиҳи Ҳоким”, Ибн Мунзир).

Бухорийдан таълиқан ривоят қилинган ҳадисда: “Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг қизларига ҳайз(кўриш)ни мусаллат (одат) қилди”, дейилган.

Олдинги уламоларнинг баъзилари: “Ҳайз кўриш Бану Исроилдан бошланган”, дейдилар. Бундан мақсад ҳайзга тегишли ҳукмлар Бану Исроилдан бошланганлигидир. Чунки Абдурраззоқ раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:

“Бану Исроилда эркаклар билан аёллар бир жойда намоз ўқиганлари, ўша (аёллар ҳайз кўрган) кунларида эркаклар билан ўзаро алоқада бўлганлари, Аллоҳ таоло аёлларга ҳайз туфайли қайтариқлар белгилагани ҳамда уларни масжидга келишларидан қайтаргани ҳақида зикр қилинган. Бу нарса уларга жазо тариқасида эмас, балки ҳикматга биноан жорий қилингандир”.

Савол: Аёлнинг орқа томонидан келган қон ҳам ҳайз дейиладими?

Жавоб: Орқадан келган қон ҳайз эмас. Мабодо қон келса, бунинг учун ғусл қилиш ҳам вожиб бўлмайди.

“Аёлнинг орқасидан келган қон ҳайз эмасдир. Лекин қон келиб, тўхтаса, покланиш мақсадида ғусл қилмоғи мустаҳаб саналади” (“Баҳрур-роиқ”).

Савол: Ҳайзнинг энг оз муддати қанча?

Жавоб: Ҳайзнинг энг оз муддати уч кечаю уч кундуз, яъни етмиш икки соатдир. Агар бундан бир неча дақиқа кам бўлса ҳам, у ҳайз эмасдир.

“Аниқ ривоятга кўра ҳайзнинг энг оз муддати уч кечаю уч кундуздир. “Табйин” китобида ҳам шундай келтирилган”.

Савол: Қон ҳайз ҳисобланиши учун уч кечаю уч кундуз тўхтамасдан келиши шартми?

Жавоб: Тўхтамасдан келиши шарт эмас. Орада тўхтаб, кейин давом этса ҳам, ҳайз саналаверади.

Савол: Ҳайз муддатининг кўпи қанча?

Жавоб: Ҳайзнинг кўпи ўн кеча-кундуз, деб белгиланган.

“Ҳайзнинг кўпи ўн кеча-кундуздир” (“Фатавои Ҳиндия”).

Савол: Биринчи ҳайз кўриш ўн кун, деган гап қанчалик асосга эга?

Жавоб: Қиз бола биринчи бор ҳайз кўриб, қони тўхтамай, ўн кундан ортиб кетса, ўн куни ҳайз ҳисобланади. Агар қон ўн кундан озроғида тўхтаса, ўн кунгача кутиб ўтирмайди. Балки қон тўхташи билан ғусл қилиб, нмоз-рўзасини бошлайди.

“Биринчи бор ҳайз кўрувчининг қони тўхтамай давом этса, ҳар ойнинг ўн куни ҳайз бўлиб, йигирма куни поклик бўлади” (Раддул Мухтор).

Савол: Аёл киши неча ёшдан ҳайз кўра бошлайди?

Жавоб: Қиз боланинг тўққиз ёшга тўлганидан кейин кўрадиган қони ҳайз қони дейилади. Мабодо ундан олдин қон кўрадиган бўлса, бу ҳайз ҳисобланмайди.

“Ҳайзнинг вақти тўққиз ёшдан бошлаб, то қондан қолгуничадир” (“Фатавои Ҳиндия”).

Савол: Балоғатга етмаган болаларни ўн беш ёшдан балоғатга етди, деб ҳукм қилинади. Шунга биноан ҳайз кўрмай юрган аёлларга ҳам ҳайз кўрувчи, деб ҳукм қилишга бирор ёш белгиланганми?

Жавоб: Қизларда тўққиз ёшдан бошлаб кўрилган қон ҳайз деб ҳукм қилинади. Агар қон кўрмасалар, то қон кўргунларига қадар ҳоизаликка ҳукм қилинмайди (“Имдадус Саилийн”).

Савол: Аёллар қачон ҳайз кўришдан тўхтайдилар? Бунинг маълум муддати борми?

Жавоб: Аёлларда қон кўришдан қолиш уларнинг мижози, табиатларига боғлиқ бўлиб, ҳамма аёллар ҳар хил ёшда қондан қоладилар. Лекин уламоларимиз эллик беш ёшгача кўрилган қонни ҳайзга ҳукм қилиб, ундан кейин кўрилган қонни ўрганиб чиқишга буюрганлар.

Агар эллик беш ёшдан кейин кўрилган қон қизил ёки қора бўлса, ҳайз бўлади. Агар яшил, сариқ, лойқа ранг бўлса, ҳайз эмас. Лекин эллик беш ёшга кирмасдан кўрган қонлари ҳам ўша рангда бўлса, улар ҳам ҳайзга ҳукм қилинади.

“Қондан қолиш эллик беш ёш, деб белгиланган. Шу қавл ихтиёр қилинган ва шунга фатво берилгандир.

Мазкур ёшдан кейин аёл киши кўрган қон мазҳабнинг зоҳирига биноан ҳайз эмас. Лекин (қора ва қизил каби) соф қон бўлса, ҳайздир. Аёл киши қондан қолишидан аввалодатдаги ҳайз кунларида сариқ ёки қуюқ қон кўрадиган бўлса, қондан қолгандан кейинги кўрган қони ҳам шу каби сариқ ёки қуюқ бўлса, ҳайздир.

Қондан қолган аёл қондан қолишидан аввал одатда кўрадиган ҳайз қонидан ўзгача қон кўрса, бу ҳайз саналмай, истиҳоза қони бўлади” (“Раддул муҳтор”).

Пошшахон Эшонхон қизи
“Аёл – мўътабар зот”
(Аёлларга оид энг зарур фиқҳий масалалар)