Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Қайнонанинг баддуоси (Ҳаётий воқеа)

Қайнонанинг баддуоси (Ҳаётий воқеа)

Хизмат сафари билан вилоятимизнинг турли ҳудудларида бўлганимизда ёши улуғ онахонларимизнинг дуоларини олиш, мазмунли суҳбатларидан баҳраманд бўлиш одатга айланган. Кўпни кўрган, эл таниган бу дуогўйлар насиҳатлари келажак ҳаётимизни гуллаб яшнашига, турмушимиз фаровон бўлишига, жуфти ҳалолимиз билан бахтли яшашимизга замин яратади. Ана шундай суҳбатларнинг бирида айтилган воқеа ҳали-ҳануз қалбимни ларзага солади. Ҳаётда шундай воқеалар содир бўладики, унинг хикматини яратгандан бошқа ҳеч ким англолмайди. У балки бандалари тўғри йўлдан оғмасликлари учун Ўзининг қудратини намоён этар.

Хуллас, воқеа шундай содир бўлган экан. Тожихон опа тўнғич ўғли билан узоқдаги қариндошларини йўқлаш учун сафарга отланади. Совға-саломлар билан жигаргўшаларини йўқлаб, бир неча кун меҳмондорчиликда бўлади.

Йўл чарчоғиданми, бироз тоби қочади. Сўнг холаси Тожихон опани маҳалладаги аёлларни даволовчи момога олиб боради. Уйнинг остонасига қадам қўяр экан, уларни очиқ чеҳрали нурлигина момо кутиб олади. У узоқдан ташриф буюрган меҳмонларни уйига таклиф қилар экан, минг ҳижолат билан ўтирғизгани жой тополмасди. Қаранг, бу қандай меҳр-оқибатки, нотаниш меҳмонни ҳам таббассум билан қаршиласа. Бу фақат бизнинг шарқона удумимиз сабаб, холос.

Хуллас, меҳмонлар ичкарига ташриф буюришади. Шу пайт ғимир-ғимир қилиб юрган хонадон келини кўриниб қолади. Момо астагина имлаб меҳмонларга дастурхон ёзишни буюради. Бирдан келиннинг юзида норозилик аломати пайдо бўлиб, салом-алик ўрнига ҳар кимга ҳам чой қўявераманми деб дағдаға қилади.

Келиннинг сўзлари момога оғир ботади. Ахир меҳмонннинг олдида ҳам шундай дейдими? Зарур иш билан келмасалар, қўй сўйиб чақирсанг ҳам келмайдилар-ку! Момонинг  юзи қизарган ҳолда, минг хижолат билан “Келинимнинг тилини илон чақадиган-да”, деб узр сўрайди. У маюс кўзларини дераза томонга тикиб, ўйга толиб қолади.

Вақт карвони узоқ масофаларни босиб, орадан йиллар ўтди. Тожихон опа ҳар галгидек биз ҳикоя қилаётган қишлоққа яна йўл олди. Қавму қариндошларини кўриб, кўнгли яйради, улар  билан дилдан суҳбат қурди. Ахир, улар волидаи муҳтарамасининг жигаргўшалари, уларни кўрса, онасини кўргандек бўлади-да. Шундай суҳбатларнинг бирида анча йиллар олдин учратган момо ҳақида сўраб, унинг аҳволи билан қизиқди.

Вақти соати етиб, момо бу дунёни тарк этган, катта ҳовлида келин ўзи хоҳлагандек ҳаёт кечирар, бирор кимса остона ҳатлаб келмасди. Кунларнинг бирида яйловга ўтлаб кетган сигир қайтиб келмади. Қош қораймоқда, лекин ундан дарак йўқ. Ғира-ширада болалар уни қидиришга кетишди. Ичига ош ботмай онаси ҳам уларга эргашди. Аксига олиб отаси ҳам далада эди.

Тун қоронғусида болалар сигирни топиб келишди. Лекин онадан дарак йўқ. Энди сигир қолиб, ҳамма онани қидиришга тушди. Аммо ҳеч қаердан топа олишмади. Онасини йўқотган болаларнинг кўзига уйқу келмади.

Тонг ҳам отди, ҳамон онадан хабар йўқ эди. Шу пайт қишлоқдан оқиб ўтадиган анҳор олдида одамлар ғала-ғовури эшитилди. Ногаҳон ўтиб кетаётган йўловчига анҳор бўйида бир шарпа кўринди. Яқинлашса, одамнинг боши, ичидан илон чиқиб кетаётган эди. Ҳаттоки тилини ҳам еб битирган, не кўз билан кўрингки, бу болаларнинг онаси эди. Анҳорнинг бўйида айланма бўлиб, аёл шунга тушиб кетган эди. Бу мудҳиш воқеа ҳаммани ларзага солди.

Шу аснода ўйга толасан киши, унинг тақдирига шу битилганда. Балки инсоннинг ўзи ҳам сабабчидир. Балки бир муштипар онанинг кўнгли ранжибгина айтган сўзлари, йиллар ўтиб таъсир қилдимикан.

Келтирилган мисоллар келин ва қизларимизни янада ҳушёрликка чорлайди деган умиддамиз. Маҳаллалардаги фаолиятимиз давомида, оилавий низоларга дуч келамиз, уларнинг аксарияти қайнона-келин ўртасида бўлиб, ёш келинлар бироз сабрсизлик қилиб, қайнонанинг кўнглини ранжитмоқда. Улар билан суҳбат ўтказиб, келишмовчиликларни бартараф этишга харакат қиламиз. Шу ўринда айтгим келади: Гўзал келинларимиз! Қайнонани онадек қабул қилинг, уларни авайланг. Иншааллоҳ бахтли оилалардан бўласиз. Оналаримиз қўллари фақат яхши дуоларга кўтарилсин…

Нигора Имамова
Тошкент вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси