Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Қайнона учун заҳар

Қайнона учун заҳар

Кунларнинг бирида ёш бир қиз ўзи орзу қилганидек, хаёллар қурганидек йигитга турмушга чиқади. Эри, қайнонаси билан биргаликда  яшай бошлайди. Жуда бахтли эди, фақат…

Фақат орадан бир оз муддат ўтгач қайнонаси билан келишмовчиликлар юзага кела бошлайди. Унинг фикрича, иккаласининг дунёқараши фарқлича эди, шу сабабли баъзи масалаларга муносабатлари ҳам турлича эди. Вақти келиб, арзимаган нарсалар учун ҳам жанжаллаша бошладилар. Эри ҳам онаси ва хотинининг ўртасида қолиб кетганидан, кундалик келишмовчилигу деди-дедилардан жуда чарчаган, ҳолатдан сиқилган эди.

Қиз ортиқ бундай яшашнинг иложи йўқ эканлигини тушуниб етади ва бир нарсалар қилиш кераклигига қарор қилади. Ўйлаб-ўйлаб, оиласининг эски бир таниши бўлган мўйсафид табибнинг ҳузурига бориб, дардини унга айтиб беради ва қайнонасини ўлдириш учун заҳар тайёрлаб беришини илтимос қилади. Табиб бир нечта гиёҳларни аралаштириб заҳар тайёрлаб беради ва қизга:

– Бу аралашмани 3 ой мобайнида ҳар куни қайнонангнинг овқатига қўшиб берасан. Фақат диққатли бўл, охирида сендан шубҳаланмасликлари учун қайнонангга жуда яхши муомалада бўлишинг керак, унинг энг яхши кўрган таомларини тайёрлашинг, унга ёқадиган барча ишларни бажаришинг лозим.

Ишининг осон битганидан қувонган қиз уйига қайтиб келади ва кекса табибнинг айтганларини айнан бажара бошлайди.

Ҳар куни қайнонасининг энг яхши кўрган таомларини пиширар, унинг айтганларини сўзсиз бажарар эди. Бу орада қайнонанинг овқатига заҳри қотилдан қўшишни ҳам унутмасди. Ҳеч кимни шубҳалантирмаслик учун гўзал муомала қилишда давом этаверарди.

Орадан бир муддат ўтгач, қайнонасининг унга муносабати ўзгаради, ўзининг қизларидан ҳам яхши муносабат кўрсата бошлайди. Хонадонда ҳотиржамлик, тотувлик, ўзаро меҳр-муҳаббат ҳукм сура бошлайди. Бундан турмуш ўртоғи ҳам жуда мамнун бўлиб, хотинига муносабати янада яхшиланади. Келин ўзини айбдор ҳис эта бошлайди. Қилаётган ишидан жуда пушаймон бўлиб, табибнинг ҳузурига боради ва шу пайтгача берган заҳарнинг кучини кесадиган дори тайёрлаб беришини ёлвориб сўрайди. Қайнонасининг ўлишини энди истамаслигини айтиб, кўз ёши тўкади.

Мўйсафид табиб жилмайиб:

– Сиқилма, қизим, кўз ёшларингни арт. Мен сенга заҳар деб тайёрлаб берган қоришманинг ичига турли дармондори гиёҳлардан қўшгандим. Улар қайнонангнинг аҳволини янада яхшиласа яхшилайди, лекин асло зарар қилмайди. Ҳақиқий заҳар сен ва қайнонангнинг ўртасида эди. Яхши муомаланг, холис хизматинг заҳарни меҳрга айлантирди. Натижада, сиз қайнона келин эмас, ҳақиқий она қизга айландингиз, – дейди.

 

Қайнонамиз билан бизнинг орамизда ҳали ҳам заҳар борми?!

Хулоса ўзимиздан…

Шахноза Олимбой қизи таржимаси

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan