Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қайнона ҳам она эмасми?!

Қайнона ҳам она эмасми?!

Инсониятни жуфт-жуфт  қилиб яратиб, беҳисоб неъматлари билан сийлаган Парвардигори оламга хамду санолар бўлсин. Албатта, ҳар бир инсонни  Аллоҳнинг иродаси билан ота-она дунёга келтиради. Фақат бутун инсониятнинг отаси Одам алайхиссаломни Аллоҳ таоло ўз қудрати ила яратди. Бу ҳақда отамиз Одам алайҳиссаломнинг яратилишлари қиссаси Бақара сурасида қуйидагича баён этилади: “Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: “Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», деди. Улар: «Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва Сени улуғлаб турибмиз”, дедилар. У: «Мен, сиз билмаганни биламан”, деди (30 – оят). Кейин Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг қовурғасидан унинг жуфти Момо Ҳаво онамизни яратди. Фақат Одам ато ва Момо Ҳавони ота-онаси ҳамда қайнота ва қайноналари бўлмаган. Қолган барча инсониятнинг қайнота ва қайнонаси бўлган, албатта, агар у оила қурган бўлса. Демак, қайнота ва қайнонанинг борлиги кеча, бугун эмас, балки узоқ тарихга бориб тақалади.

Қайнона  термини синхрон нуқтаи назардан туб деб қаралса-да, диахрон нуқтаи назардан у “қайин” ва “она” қисмларидан иборат эканлиги маълум бўлади. Қадимги уйғур тилида “қай” термини “терс” деган маънони ифодалаган. Олтой тилида  “қай” орқага қарамоқ, чуваш тилида “қай” термини “орқага қайтиш”, қирғиз, ўзбек, қозоқ, татар ва бошқа баъзи туркий тилларда “қайт”,  “қайтмоқ”  маъносида ишлатилади. Демак, “қайин” терминининг ўзаги “қай”дир. Келин ва куёвга янги “она”нинг қайтиши (эга бўлиш маъносида) қайнона, аканинг қайтиши қайинака, опанинг мавжудлиги қайниопа, янги сингилнинг пайдо бўлиши қайнисингил, укага эга бўлиш қайинука терминларининг вужудга келишига сабабчи бўлган. Ҳар бир келиннинг қайнонаси, қайнонасининг ҳам қайнонаси  бўлиб, бу шажаранинг бошига бориб тақалади.

 Бугунги кунда қайноталар майли-ку, қайноналарга бўлган муносабатлар ҳақида кўп мунозаралар бўлмоқда. Бунга баъзи қизларда ҳали турмушга чиқмасданоқ оилавий ҳаётга, қайнонага нисбатан салбий тасаввур шаклланиб, тасаввуридаги қайнона фақат салбий қиёфада намоён бўлмоқда. Оқибатда эса турмушга чиққандан кейин тасаввуридаги қайнонага хос бўлган иллатларни қайнонасидан ўзи сезмаган ҳолда ахтара бошлайди. Бўлсаку топиши аниқ, ҳатто, йўғини топишга ҳаракат қилади. Ўзининг хаёти бўлмаган, рўзғори бузилган қўни – қўшни ва оила ҳақида ҳали тўлиқ маълумотга эга бўлмаган дўсту дугоналаридан эшитиб пайдо бўлган тасаввурлари уни алдаши мумкинлигини тан олгиси келмайди.  Ҳамма қайнонани ҳам бирдек ёмон деб бўлмайди. Майли юзтадан битта ёки мингтадан битта бўлиши мумкин. Аммо ҳамма қайноналарга ёмон сифат бериш инсофдан бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг ҳаёти давомида тушунмовчиликлар бўлишини эътиборга олсак,  қайнона келинни ўртасида ҳам келишмовчиликлар бўлиши турган гап. Лекин бундан катта муаммо чиқариш шартмикан. Шундай келинлар борки, қайнонасини ўз онасидек, балки унданда зиёда яхши кўради. Бундай келинларга беихтиёр бахтли бўлинг, кўп яшанг, ували-жували бўлинг, дегинг келади. Бироқ қайноналаридан нолийдиган келинларга худодан инсоф сўрайсан, холос. Ва уларга бу дунё қайтар дунё эканлигини  эслатгинг келади. Чунки вақти келиб, агар насиб қилса, бугунги келин эртага қайнона бўлади. Халқимизда «Қайнонали келин қарқара келин, қайнонасиз келин масхара келин», деган ҳикматли нақл бежиз айтилган эмас.  Қарқара жуда чиройли, бенуқсон, камёб қуш. Қайнонасининг ўгитларига қулоқ солиб, амал қилган келин эса ҳам саришта, ҳам тежамкор, ҳам чаққон, ҳам қунтли келин бўлиб олади. Азалдан ўзбек халқи кечиримли бўлган. Айниқса оилада бир-бирларига бўлган муносабатларда ўйдаги гап кўчага чиқмасин, деган ибратли нақлга амал қилишган.

Ёши улуғларимизни айтишларича, иккинчи жаҳон уруши даврларида янги ўйланган келин-куёвларни бир-биридан ажратиб урушга олиб кетилган. Уйда қолган келинлар қайнота ва қайноналарини хизматида қоим бўлиб, ҳеч қачон ҳаётдан нолишмаган экан. Ҳаттоки турмуш ўртоқларидан “қора хат” келганда ҳам қайноналарини ташлаб кетишмаган экан. Чунки улар сабр-тоқатли бўлишган. Бугун нима бўлдики тинчлик замонида, хамма шароитлар яратилган бўлсада ота-онани ҳурмати, қолаверса,  қайнота ва қайноналарга бўлган муносабат баъзи ҳолларда ачинарли бўлмоқда. Бу ўзбек халқига ёт бўлган иллат эмасми?  Бундай иллатдан воз кечмоқлик  ҳар биримиз учун фойдадан ҳоли бўлмаса керак. Оммавий ахборот воситаларида келини қайнонасини урибди ёки жонига қасд қилибди, деган сўзларни эшитиш қанчалик оғир эканлигини имон-эътиқодли одам ҳазм қила олмаса керак. Чунки ота-онага қўл кўтарган фарзанднинг икки дунёси куйиб кетиши муқаррардир. Қайнота ва қайнона ҳам ота-она эканлигини ҳамма яхши билади.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кабира – улкан гуноҳлар Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш, ёлғон қасам ичиш», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Хулоса ўрнида, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 март куни Тошкент шаҳридаги «Наврўз» ресторанида бўлиб ўтган тадбирда жамият олдида турган бир қатор вазифалар ҳақида тўхталиб, “Биз одатда жамиятимиз ҳаётига қарши қаратилган хавф-хатарлар ҳақида гапирганда, кўпинча четдан кирадиган таҳдидларни тушунамиз. Лекин эски замондан қолган айрим салбий ҳолатлар, афсуски, бугунги тинч ва ёруғ ҳаётимизга соя солиб турибди. Лоқайдлик, бир-бирини кўролмаслик, оилада эр-хотин, қайнона-келин, қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик, аёлларга беписанд қараш – бундай ярамас иллатлар бизга, бизнинг халқимизга мутлақо ярашмайди”, дея айтган сўзларидан ўзимизга керакли хулоса чиқариб оламиз, деб ўйлайман.

Бўстонлиқ тумани “Дониёр бин Озод” жоме
масжиди имом ноиби М.Абдусаитов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]