Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар /  Ғайб илми даъвогарлари

 Ғайб илми даъвогарлари

  Дунёни ямадик йиртиб олиб динимиздан,
 Дин ҳам кетди, дунё ҳам кетди қўлимиздан.

Иброҳим Адҳам

Бутун оламларни яратиб, уни бошқариб турган Аллоҳ таолонинг илми ҳар нарсага шомилдир. Ҳеч бир сифатда унинг мисли ва ўхшаши бўлмагани каби, илм ва қудратда ҳам ҳеч ким унга баробар эмас. Аллоҳ таоло ўзининг илми азалийси билан барча воқеа ҳодисаларни олдиндан билгувчидир. Аммо, Ўзининг ҳикмати билан бандаларини имтиҳон қилиш мақсадида ғайбий ишларни ва келажакда бўладиган воқеаларни инсонлардан сир тутди. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг «Жин» сураси 260-ояти каримасида шундай дейилади:

«(У) ғайбни билгувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас»

Демак, инсоннинг тақдирини ва бошқа ғайбий ишларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Агар бу ишлар инсонларга маълум бўлганида эди, имтиҳон бўлмас эди. Чунки, ғайбни билган ҳар бир киши фақат ўзига фойдали ишларни қилиб, зарарли нарсалардан сақланган бўларди. Келажакдаги нарсаларни билишликни даъво қилган ҳар қандай одам ёлғончи ва кофирдир.

Айни пайтда бутун дунёнинг энг катта муаммоларидан бири бўлган фолбинлик, мунажжимлик ва сеҳр замонамизнинг бошига битган бало бўлди, десак хато қилмаймиз. Бунга мисол, Россия Фанлар академияси 2013-йилда берган маълумотларига қарайдиган бўлсак, россиялик аёлларнинг 67 фоизи, эркакларнинг эса 4 фоизи фолбин, экстрасенс ва сеҳргарларга мурожаат қилар экан. Россияликлар чет элда даволаниш учун йилига 17 миллиард доллар пул сарфлашса, фолбин, коҳин ва сеҳргарларга сал кам икки баробар кўпроқ пул сарфлашар экан. Ушбу маълумотлардан хабардор бўлган ҳар қандай инсофли одам жиддий ташвишга тушмай иложи йўқ.

Бизнинг диёримизда ҳам турли фолбинлар, мунажжимлар, ҳар хил башоратчилар жуда кўпайиб кетди. Улар буни касб қилиб олиб, инсонларни алдаб осонгина пул топиш йўлига айлантириб олишган. Энг ачинарлиси, бундай номақбул ҳолатга диний тус берилди. Мана шу ишлар билан шуғулланаётган кимсалар эгнига чопон, бошига салла ёки дўппи кийиб, аёллар эса бошларига рўмол ташлаб, қўлларига тасбеҳ олиб олишадиган бўлди. Бу кўриниш инсонларни лақиллатишда анча қўл кела бошлади. Гўёки башорат бераётганлар Аллоҳ томонидан танланган тақводор кимсалар ва уларга келажакнинг башорати берилгандек. Буларнинг бари ёлғондан ўзга нарса эмас, фақатгина ёлғон бўлибгина қолмай, кишини кофир қилувчи катта гуноҳ ишлардандир.

Ислом уламолари сеҳргар, шак-шубҳасиз, кофир бўлади, деган ҳукмни ўқишган. Бунга ҳужжат сифатида Бақара сурасининг 102-оятини келтирадилар:

«Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар…»

Лаънатланган шайтоннинг инсонларга сеҳр ўргатиши, одамларни сеҳрга чорлашидан кўзлаган мақсади – инсонларни Роббиларига ширк келтиришларига ундашдир. Ана шундагина шайтон уларни бемалол турли ёмон ва нотўғри йўлларга бошлаши анчагина осонлашади. (Аллоҳ барчаларимизни бундан асрасин!) Бундай нарсаларга ишонган кимсалар эса охиратда жаннатдан умидларини узган кимсалардир. Чунки, Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

«Уч тоифа одам жаннатга кирмайди: «Маст қилувчи нарсага одатланиб қолган кимса, қариндош-уруғлар билан алоқани узган кимса ва сеҳрни тасдиқловчи кимса»»                               

Фолбинлик, келажакни башоратини бериш, бирор нарса тўғрисида ўзи кўрмай туриб маълумот бериш каби ишлар ҳам сехргарлик хукмида бўлади. Али ибн Абу Толиб шундай дейдилар: «Фолбин сеҳргардир, сеҳргар эса кофирдир»

Кишилар асосан бирор муаммога дучор бўлганларида, кимдандир ўч олиш мақсадида, бирор кимсани ўз измига солиш ниятида, ишим юришиб кетсин ёки бахтим очилсин деб сехргарлар ва фолбинларга мурожаат этишади. Улар буни мақсадларига етишишнинг энг осон йўли деб билишади. Аммо, қилаётган ишлари мутлоқ нотўғри ва куфр иш эканини ўйлаб ҳам кўришмайди.

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким коҳинлик қилса ёки коҳинга мурожаат қилса, ким сеҳр қилса ёки сеҳр қилдирса, у биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад (с.а.в.)га нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади» 

Демак, сеҳргарлик, фолбинлик ва келажакни башорат қилишликнинг ҳар қандай тури билан шуғулланишлик ёки уларга ишонишликнинг гуноҳи улкан бўлар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирибди дегани – Аллоҳ нозил қилган Қуръонга куфр келтиришлик деганидир, бу эса мусулмонлар сафидан чиқиб кофир бўлиш демакдир.

Баъзи туппа-тузук кишилар ҳам «Ишонмаймиз-у, лекин шундай бўлса ҳам бир бориб қўяверайликчи», деб ёки «Фолга ишонма, фолсиз юрма», деб фолбинлар ҳузурига бораверишади. Бу ҳам мутлақо нотўғри ишдир. Мўмин киши шубҳали нарсалардан йироқда юриши лозим. Ишонмас экансан, бориб нима қиласан!? Умар ибн Хаттоб айтадилар:

«Эътиқодингизга кўра яшамаётган бўлсангиз, Яшаётганингиз каби эътиқод қила бошлайсиз»

Бундан ташқари, ишонмасада фолбиннинг ҳузурига бориб бирор нарса тўғрисида сўраса қирқ кечагача унинг тавбаси тўсилиши, ибодати қабул бўлмаслиги ҳусусида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантириб айтганлар. Ҳақиқий мўмин киши учун қирқ кунлик эмас бир вақт намозининг қабул бўлмаслигининг ўзи ҳам катта мусибатдир.

Фолбинларга, сеҳргарларга ишониб бораётганлар наҳотки ўйлаб ҳам кўришмайди, бахт истаб борган фолбинларининг аслида ўзи ёки фарзанди ёки яқинлари бахтсиз, омад истаб борган сеҳргарларининг ўзи омади юришмаган инсон, келажак башорати умидида борган башоратчилари нима учун келажакни кўриб ўзи учун энг яхши нарсаларни қилиб олмайди?! Демак, буларнинг бари ёлғон. Энг беҳожат, барча ишга қодир, келажакдаги нарсаларнинг барини аниқ билгувчи зот – ягона Аллоҳдир. Ҳақиқий мусулмон инсон барча ишларида фақатгина Аллоҳга дуо қилиб сўраши лозим. Чин дилдан пок ният билан қилинган дуо албатта ижобатдир. Баъзан дуонинг натижаси бўлмаётгандек туюлади, аммо сўраётган нарсамиз кечикиши биз учун яхшироқлиги учунгина кечикаётгандир ёки дуо қилаётган нарсамиз бизлар учун аслида яхшилик эмасдир ва мана шунинг учун Аллоҳ бизга уни раво кўрмаётгандир. Чунки, Аллоҳ бизга нима яхши-ю, нима ёмон эканини биздан кўра яхшироқ билгувчи зотдир.

Хулоса қилиб айтганда, барча ғайбий ишлар Аллоҳга хосдир. Шунга кўра турли фолбинлик, мунажжимлик ёки ғайбий ишлардан хабар бериш шариатимиз асосларига хилоф ишдир. Аллоҳ барчаларимизни фолбин, сеҳргар ва бошқа ношаръий иш қиладиганларнинг хизматидан фойдаланишдан, уларнинг алдовига учишдан доимо ўзи асрасин!

Қибрай тумани бош имом-хатиби,
«Дўрмон» жоме масжиди имом-хатиби
М.Миржалилов