Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / АГАР ОГОҲСАН СЕН – ШОҲСАН СЕН!

АГАР ОГОҲСАН СЕН – ШОҲСАН СЕН!

Бугунги кунда дунёда турли кўринишда оқим ва секталар пайдо бўлиб, улар ўзларининг турли ғаразли мақсадлари йўлида диндан ниқоб сифатида фойдаланишяпти. Ана шундай мақсадлар асосига қурилган ҳаракат бу миссионерликдир.

Хўш, “миссионерлик” нима?

“Миссионерлик” – (миссия – лотинча юбориш, топшириқ) – бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир дини тарғиб қилиш демакдир. Миссионерлик, асосан, христианликка хос бўлиб, бу харакат христианлик Византия империясида давлат дини сифатида эълон қилинганидан эътиборан олиб борилади. Мазкур харакатнинг илк даврида христиан миссионерлари ўзларининг ҳаракатларини Европа ва Яқин Шарқдаги кўпхудоликка сиғиниб келган аҳолини яккахудоликка тарғиб қилишдан иборат, деб кўрсатишган.

Кейинчалик уларнинг бундай қарашлари эскирди. Хусусан, ҳозирги пайтда жаҳон аҳолисининг деярли 80–90 фоизи ўз динига, аксарият ҳолларда яккахудоликка эга бўлган даврда “миссионерлик” ва айниқса, “прозелитизим” салбий бир ҳолатга айланиб қолди.

Бугунги кунда Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, маҳаллий христиан диний ташкилотларининг “мисионерлик” харакатлари тўғридан-тўғри маҳаллий туб аҳолини “евангелизация” қилишга, яъни ўз динига оғдиришга қаратилгани намоён бўлади.

Ўша даврдаги евангеллаштиршни бугунги кунда ҳудудимизда татбиқ этиш қанчалик тўғри? Маълумотларга кўра, республикамиз фуқароларининг 99 фоизи ўзини қайсидир бир диний йўналишига тегишлилигини маълум қилган. Шундан 90 фоизга яқини мусулмонлар, 7–8 фоизини православлар ва бошқа дин вакиллари ташкил этади. Мазкур фуқароларнинг деярли ҳаммаси яккахудоликка ишонадилар. Шундай экан, уларни яна қандай яккахудолик, “ҳақиқий дин”га етаклаш мумкин?

Христиан миссионерлик ташкилотларнинг мақсадлари, асосан, уч нуқтага қаратилган.

1. Халқларни христианлаштириш. Шу орқали уларни иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан Ғарб давлатлари таъсир доирасига тушириш.

2. Халқлар ўртасида ўз эътиқодига шубҳа уйғотиш, ишонч ва эътиқоддан юз ўгириш ва ундан чиқишига олиб келиш.

3. Христианликни қабул қилганларни ўз эътиқодида қаттиқ туришини таъминлаш ва шу орқали уларнинг сафини “янги христианлар” билан тўлдириш.

Миссионерлик билан фаол шуғулланувчи “Иегова шоҳидлари” сектасида таъсир этиш механизмлари аниқ ва лўнда ишланган. Бу йўналиш 19-асрнинг 70-йилларида АҚШда вужудга келган. Бугунги кунда жаҳоннинг турли мамлакатларида юзга яқин бўлинмаларига эга. Бу ташкилот қатъий марказлашган бўлиб, унинг бошқарувчи раиси чекланмаган ҳокимиятга эга. Юқоридан пастга кўрсатмалар ва адабиётлар, пастдан юқорига ҳисоботлар юбориб турилади.

“Иегова шоҳидлари” ўзининг матбуот органига эга: “Посбон минора”, “Уйғон”. Бу журналлар жаҳоннинг 160 дан зиёд тилида нашр қилиниб, дунёнинг турли бурчакларида тарқатилади.

Дунёдаги халқларни христинлаштириш орқали уларга қарашли бўлган моддий бойликларига ва ерларига эга бўлишни кўзда тутганлар. Уларнинг мақсадларидан яна бири “Бўлиб ташла ва ҳукумронлик қил” дейилганидек, бўлиб ташлаш ва беқарорлик келтириб чиқариш орқали уларнинг устидан ҳукмронлик қилишга эришишдир.

Миссионерлар тузоғига тушган жамиятлар парокандаликка юз тутган. Мисол учун, Африка давлатларида бўлгани каби африкаликлар қўлида библия қолди, холос. Миссиячилар қўлига эса уларнинг ер ва мулклари ўтиб кетди.

Хулоса қилганда, Ҳазрат Навоий айтганидек “Агар огоҳсан сен – шоҳсан сен”. Биз ҳам огоҳликни ва ғушёрликни қўлдан бой бермаслигимиз лозим. Ёшларимизни миллий ва диний қадриятларимига содиқ қилиб тарбиялашимиз биз учун сув ва ҳаводек зарур.

Саидраҳмон САИДОВ,

Тошкент вилояти Бекобод туманидаги

“Ҳазрати Мулла жоме масжиди имомхатиби