Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / АГАР НОЧОР БЎЛСА, ИМКОН ТОПГУНИЧА КУТИНГ (долзарб мавзу)

АГАР НОЧОР БЎЛСА, ИМКОН ТОПГУНИЧА КУТИНГ (долзарб мавзу)

Айни кунларда насияга олди-сотди қилганлар ўртасида бироз келишмовчиликлар бўлиб турибди. Пул бирликлари ўртасидаги тафовутнинг катталашиб кетгани сабабли баъзи харидорлар қарзини ўз вақтида тўлашга имкон қила олмаётганини айтсалар, айрим сотувчилар “ваъда бергандан кейин тўлаш керак”, деб ҳаққини талаб қилишмоқда. Динимизда агар қарздор ҳақиқатда ҳам қийналиб қолган бўлса, унга имкони бўлгунча муҳлат беришга тарғиб қилинган:

Агар (қарздор) қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз, (берган қарзингизни қарздорга) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир. (Бақара; 280)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар билан насияга савдо қиладиган бир савдогар бор эди. Агар ночор кишини кўрса, хизматкорларига: “Ундан (бир қисмини ёки ҳаммасини) кечиб юборинглар, шояд, Аллоҳ таоло ҳам биздан (гуноҳларимизни) кечиб юборса, дер эди. Натижада Аллоҳ таоло ундан (гуноҳларини) кечиб юборди», дедилар. Имом Бухорий ривоят қилган.


Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтдилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фаришталар сизлардан олдин ўтганлардан бир кишининг руҳини қарши олиб: “бирон яхши амал қилганмисан?”, дейишди. У: “Хизматчиларимга (қарзини тўлашга) имкони бор кишидан (кам-кўстига қарамай, берганини қабул қилиб, унга) мурувват кўрсатинглар”, деб буюрар эдим”, деди. (Аллоҳ таоло): Сизлар ҳам ундан (гуноҳларини кечиб, унга) мурувват кўрсатинглар”, деди”, дедилар.” Бухорий ривоят қилган.


Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қиёмат кунининг ташвишидан Аллоҳ таолонинг нажот бериши кимни хурсанд қилса, ночор кишига муҳлат берсин ёки ундан (баъзисини ёки ҳаммасини) кечиб юборсин”, деётганларини эшитдим. Муслим ривояти
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васаллам: “Одамлар билан насия савдо қиладиган бир киши бор эди. У ходимига: “Агар (қарзни талаб қилиб борганда) ночор кишига дуч келсанг, ундан (бир қисмини ёки ҳаммасини) кечиб юбор, шояд Аллоҳ таоло ҳам биздан (гуноҳларимизни) кечиб юборса”, дер эди. У Аллоҳга йўлиққанда Аллоҳ таоло ҳам уни авф қилиб юборди”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.


Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан аввал ўтганлардан бир киши ҳисоб-китоб қилинган эди, унинг бирорта ҳам яхшилиги топилмади. Лекин у кўпчиликка аралашиб юрадиган бой киши эди. Ходимларини ночорларга енгиллик қилишларини буюрар эди. Аллоҳ азза ва жалла: “Бундай қилишга ундан кўра биз ҳақлироқмиз, уни авф қилиб юборинглар”, деди”, дедилар. Имом Муслим ривоят қилган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ночорга муҳлат берса ёки ундан бир қисмини кечиб юборса, Қиёмат куни, Унинг соясидан ўзга соя бўлмаган кунда Аллоҳ таоло Аршининг сояси билан соялантиради”, дедилар. Имом Термизий ривоят қилган. Барча сояларнинг эгаси Аллоҳ таоло бўлгани учун ҳадисда “Унинг сояси” деб, соя Аллоҳ таолога нисбат берилди.

Бурайда Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ночор кишига муҳлат берса, унга ҳар бир куни учун садақа бўлади. Агар муҳлати келгандан кейин яна муҳлат берса, ҳар бир кунига унинг мислича садақа бўлади”, дедилар. Ибн Можа ривоят қилган.

Мазкур оят ва ҳадислардан маълум бўладики, сотувчи қарзининг бир қисмини қийналиб қолган харидордан кечиб юборса ёки унга имкон топгунича муҳлат берса, гуноҳлардан поклайдиган, охират ташвишларини аритадиган ҳамда жаннатга эриштирадиган амални қилган бўлади.

Аслида бу нарса сотувчиларга Аллоҳ таолодан берилган катта имкониятдир. Яъни, улар қийналиб қолган харидорларга ёрдам беришлари орқали жаннатга кириш сабаблариган бирига эга бўлиб турибдилар. Бу фурсатдан фойдаланиб қолишлари керак.
Шунинг муқобилида харидорлар ҳам сотувчиларга ташаккур айтиб, қарзни тўлаш ҳаракатини қилиши, имкон бўлиши билан чўзиб юрмасдан адо қилишлари лозим бўлади. Чунки бой кишининг қарзни тўламай юриши зулмдир.

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan