Сўнгра уни битказибичига Ўз (мулкидаги) руҳидан киритдиСизлар учун қулоқ, кўз ва юракларни пайдо қилди. (Бу неъматлар учун) шукрни эса, кам қилурсиз.

Бош саҳифа / Мақолалар / Адолат – қонун устуворлигида

Адолат – қонун устуворлигида

Конституциямизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолатидир. 

                                                                                       Шавкат Мирзиёев

Жонажон ватанимиз Конституциясининг қабул қилинганига 25 йил тўлиши арафасида турган эканмиз, бу албатта барчаларимизнинг қалбимизда юксак қувонч ва шу билан бир қаторда катта масъулият ҳиссини оширади. Бош қомус том маънода халқимиз учун эркинликнинг қонуний ифодаси ва унинг амалдаги кафолати бўлиб шакилланди. Унда инсон омили, унинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимати олий қадрият деб, белгилаб қўйилди. Бу эса барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг тамал тошига айланиб улгурди. Чунки, қайси жойдаки инсон хуқуқлари химоя қилинса, виждон эркинлиги тўла таъминланса шу юрт юксалади ва янгидан-янги ислохотлар сари дадил одимлаб бораверади.

1992 йил 8 декабрда мустақил Ўзбекистонимиз Конституциясининг қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётида муҳим тарихий воқеа бўлди. Маълумки асосий Қонунимиз фуқароларнинг жинси, ирқи, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар қонун олдида тенглигини таъминловчи асосий ҳужжатдир. Унда кишиларни ҳар қандай тазйиқ ва камситишлардан ҳимоя этувчи ҳуқуқлар таъминлаб қўйилган. Бинобарин, Конституциямиздаги мезонлар асрлар давомида аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган, дунёнинг ҳеч ерида такрорланмас ажойиб, ўзига хос миллий муносабатларимиз ва у билан уйғун равишдаги гўзал диний қадриятларимиз билан бевосита боғлиқ, ҳамда уларнинг ҳаётий асосидир. Хар бир юртнинг ўзига яраша миллий қадриятлари, маънавияти, урф-одатлари мавжуд бўлади. Қачонки мана шу давлатдаги Конституция шу юртдаги миллий қадрият ва маънавиятидан келиб чиқган холда тузилган бўлсагина фуқароларни тўла ҳимоя қила олади, қонун ва фуқаро ўртасида узвий алоқа барпо бўлишига сабаб бўлади.

Биз сўнгги етмиш йил мобайнида давлатга қарамлик ва сиғиниш ҳолатида яшадик. Эндиликда инсон, унинг ҳаёти, озодлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқ  ҳамда эркинликлари муқаддас саналиб, улар давлат томонидан кафолатланди. Албатта бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Конституциямизнинг шаклланишида қанчадан-қанча инсонларнинг меҳнати ётибди ва албатта марҳум биринчи президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг бунда хизматлари беқиёсдир. Бу ҳақда президентимиз Шавкат Мирзиёев шундай деганлар: “Конституциянинг яратилиши ва ҳаётимизга татбиқ этилишида замонамизнинг буюк давлат арбоби, улуғ йўлбошчимиз, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хизмати беқиёс эканини барчамиз яхши биламиз. Ҳақиқатан ҳам, 90-йиллардаги ўта оғир даврда асосий қонунимиз лойиҳасини ишлаб чиқишда Ислом Абдуғаниевичдек кенг миқёсда, стратегик фикрлайдиган, узоқни кўра оладиган буюк сиёсий арбобнинг бу ишга раҳбарлик қилгани ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Айнан Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилди”.

Таъкидлаш жоизки, айни диний эътиқод, виждон эркинлигини кафолатлашда Конституциянинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Зеро, диний эътиқод бу фуқароларнинг нозик туйғулари бўлиб, унинг ўзига хос ҳассос жиҳатлари мавжуд.

Юртимизда турли диний конфессияларнинг ўз фаолиятларини амалга оширишлари ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишлари учун лозим бўлган барча шарт-шароитлар қонуний асосда кафолатлаб қўйилган. Буларнинг ҳаммаси конституцион ҳуқуқларнинг жамиятдаги кўринишидир.

Аммо минг афсуски, дин соҳасида яратилган имкониятлар ҳамда халқимизнинг ўзбекона бағрикенглигини суистеъмол қилган айрим диний ташкилот ва оқимлар фақат диний ғоя ва ақидаларни эмас, балки сиёсий ва ҳатто экстремистик мақсадларни кўзлаб иш олиб борганлари ташвишли ҳолатдир. Мана шундай аянчли холатларга тушиб қолмаслик учун хам, эндиликда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида соф ислом динини ёшларга чуқур таълим берувчи диний ўқув юртлари очилмоқда. Бундан ташқари ислом динини, Қуръони каримни тўлиқ ўрганишни истаган кўпчилик ўрта ёшдаги мусулмонлар учун ҳам ўқув масканларининг очилаётгани биз мусулмонларга яратилаётган жуда катта имкониятдир. Мана шунча имкониятлар яратилаётган бир вақтда хеч биримиз адашиб хато йўлга кириб қолишимиз мумкин эмас.  Бирор динга қизиқиб, шу дин тўғрисида мукаммал билим олмоқчи бўлсак, фақатгина давлат томонидан ташкил қилинган ва рухсат берилган муассасаларга мурожаат этишимиз керак. Давлатимиз томонидан хохлаган динни ўрганишни истовчилар учун имкониятлар эшиги очилган бўлиб махсус ташкилотлар тузилгандир. Бу ташкилотларда эса фақатгина давлат томонидан назоратдан ўтган, соф ақидали, малакали мураббийлар биз истаган нарсаларни тўлиқ холда тушунтириб беришлари мумкин. Кўчада учраган хар қандай одамнинг гапига кириб, унинг айтаётганларини тўғри деб билиш эса фақатгина адашишларга олиб келади халос. Барчаларимиз шундай холатлардан огох бўлмоғимиз ва Конституциямизда белгилаб қўйилган хуқуқларимиздан фойдалана олишимиз лозим.

Биз юқорида Бош қомусимизнинг миллий ва диний қадриятларимизга мос ва халқаро талабларга жавоб бера олувчи ҳужжат сифатида таъкидлаб ўтдик. Зеро, виждон эркинлигини кафолатловчи Асосий қонунимизнинг 18-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар; шунингдек, Конституциянинг 31-моддасига кўра ”Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, деб белгилаб қўйилгани Қуръони Карим “Бақара” сураси 256-ояти мазмуни билан ҳамоҳангдир. Унда:

“Динда мажбурлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтонни (ёхуд бутларни) инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, демак, у бузилмас, ишончли ҳалқани тутибди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир”, дейилган.

Виждон эркинлиги — ҳар бир фуқаронинг динга эътиқод қилиш ёки қилмаслик, диний расм-русум ва маросимларда иштирок этиш ёхуд этмаслик каби динга нисбатан ўз муносабатини мустақил намоён этадиган шахсий ҳуқуқидир. Ҳар бир фуқаро ўз ихтиёри билан диний таълим олиш ҳуқуқига эга ҳамда бунинг учун у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди.

Жорий  йил сиёсатимизнинг бош мақсади инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ, деган эзгу ғоя асосида изчил давом эттирилмоқда ва бу ҳаётимизни янада обод ва фаровон этиш йўлида яна бир улкан қадам бўлди. Ҳозирда  “Адолат – қонун устуворлигида” деган тамойил асосида юртимиздаги барча ишларда қонунга ҳурмат, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасизлик ҳиссини кучайтирган ҳолда ишларни жадал давом эттирмоқдамиз. Бу эса ҳамма соҳаларда қонуннинг устуворлигини таъминловчи асос бўлиб хизмат қилади.

Президентимиз ўз нутқларида: “Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда.
Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак.

Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур”, дея таъкидладилар. Инсон манфаатлари тўлиқ ва ҳар томонлама таъминланган давлатда доимо ривожланиш,тараққий этиш ва юксалиш бўлаверади.

Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз барча сохаларда ҳуқуқ ва эркинликларимиз каби диний эркинликларимизни ҳам тўла таъминловчи қонунлар жамланмасидур. Дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади эса инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш, халқимизни маънан юксалтириш ва келажагимиз эгалари бўлган баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Конституциямизни ўрганиш бугунги куннинг долзарб вазифаси ҳисобланади.

Қибрай тумани бош имом-хатиби,«Дўрмон» жоме
масжиди  имом-хатиби М.Миржалилов