Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу

Абу Убайда розияллоҳу анҳу тириклигидаёқ жаннат хушхабарини олган ўн саҳобийлардан бири бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Умматнинг амини” деган олқишларига сазовор бўлган. У очиқ чеҳрали, истараси иссиқ, жуссаси озғин, соқоли сийрак киши эди. Кўрган одамнинг кўзи қувонар, қалбида яна қайта учрашувга шавқ пайдо бўлар, ниҳоятда ҳушмуомала, сертавозе, ғоятда уятчан эди, лекин аҳвол ўғирлашиб, вазият кескинликни талаб қилса, гўё ғазабнок арслондай, уни таниб бўлмай қоларди.

Имон келтирганида 31 ёшда эди. Ўша кундан то вафотигача жони, моли, обрў-эътибори билан исломга хизмат қилди. 630 йил Нажрон насронийлари йиллик жизяларни йиғиб олиш учун ишончли вакил юборишни сўрашганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир умматнинг ўз ишонган кишиси бўлади. Бу умматнинг ишонган кишиси – Абу Убайдадир”, – деб, уни жўнатганлар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу бу хушхабардан боши осмонга етиб, кўзлари намланган.

Абу Убайда розияллоҳу анҳу барча ғаъзотларда қаҳрамонликлар кўрсатган. Уҳуд ғазотида Пайғамбаримизнинг муборак яноқларига ботган иккита темир ҳалқани тишлари билан суғуриб олаётганларида ўзининг ҳам олдинги икки тиши синиб кетган. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврларида Шомга волий этиб тайинланди. 639 йилда Шомда вабо касали тарқалиб, жуда кўп мусулмонларнинг вафотига сабаб бўлди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу ҳам ушбу касаллик туфайли вафот этди. Жанозасини Муоз ибн Жабал ўқиган. Унинг қабри Суриянинг Амё қишлоғида. Абу Убайда ибн Жарроҳ ғоятда тақводор ва қаноатли киши эди. Буни вафотидан сўнг ундан бир неча қурол, битта қўй териси ва бир сув идиши қолганидан ҳам билиш мумкин.

Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти 2-курс талабаси
Абдуллаев Ҳадиятуллоҳ