Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Абу Мансур Мотуридийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти

Абу Мансур Мотуридийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти

Абу Мансур ал-Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик оқимлардан бири бўлмиш Мотуридийя оқимининг асосчиларидан ҳисобланади. Унинг ҳаёти ҳақида маълумотлар жуда оз. Тўлиқ номи Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандийдир. Буюк калом имоми ва фиқҳ олими асли Самарқанднинг Мотурид қишлоғидан (ҳозирги Жонбой туманида жойлашган) бўлиб, унинг тахаллуси шу қишлоққа нисбатан олингандир. Абу Мансур ал-Мотуридий дастлабки таълимни шу қишлоқда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандда давом эттиради.
Ал-Мотуридий яшаган давр Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келади. Самарқанд дастлаб бу давлатнинг пойтахти бўлиб, сўнгра IX аернинг охиридан бошлаб пойтахт Бухорога кўчирилди. Бироқ ўша вақтда ҳам Самарқанд Бухоро билан бир қаторда Мовароуннаҳрнинг иқтисодий-маданий маркази бўлиб қолаверди.

Абу Мансур ал-Мотуридий туғилган йили ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. У Самарқандда 944-945 йилда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза деган қабристонга дафн этилган.

Баъзи манбаларда унинг Самарқанддаги ал-Айозий мадрасасида таълим олгани қайд этилган. Ал-Мотуридий Абу Бакр Ахмад ал-Жузжоний, Абу Наср Аҳмад ал-Иёдий, Имом Аъзам мазҳабидаги буюк олим Наср ибн Яхё ал-Балхий, Муҳаммад ибн ал-Фадл кабиларни ўзининг устози деб билган.
Ал-Мотуридий фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, Ҳанифия мазҳаби олимларидан дарс олиб ўз билимини оширади. Шу вақт давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар қилган. Бутун умри давомида шу соҳага оид асарлар ёзиб қолдирган. Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавийнинг (вафоти 1582 йил) «Катоиб ул-аълом ал-ахёр фи табоқот ва машаойих мазаҳаб ан-Нуъмон» («Нуъмон мазҳабига мансуб бўлган таниқли аллома фақиҳлар ва шайхлар ҳақидаги китоб») номли китобида ал-Мотуридий ва унинг асарлари ҳақида айрим маълумотлар берилади. Масалан, қуйидаги асарлари номлари келтирилган: «Китаби Тавҳид», «Китаб Мақомат», «Китаб рад авомил лил адила лил ка-бий» («Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб»), «Китаб байон ва ҳум ул-маътазила» («Муътазила ғав-ғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни»), «Китаб Таъвилот ал-қуръон» («Қуръон таъвили китоби»).

Лекин Ҳожи Халифанинг (1609—1659) «Кашф аз-зунун ан-асомил кутуб ва-л-фунун» («Китоб ва фанлар номлари ҳақидаги шубҳаларни бартараф этиш китоби») китобида эътироф этилишича, яна Абу Мансур ал-Мотуридийнинг «Ма ҳази аш-шариъа» («Шариат асослари сараси»), «Китаб ал-жадал» («Диалектика ҳақида китоб») каби асарлари ҳам бўлган. Булардан ташқари ал-Мотуридийнинг «Китаб ал-усул» («Диний-таълимот усули китоби») асари ҳам маълум.

Абу Мансур ал-Мотуридийнинг кўп асарлари бизгача етиб келмаган, етиб келганлари ҳам асосан хорижий мамлакатлар кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланади.

Ал-Мотуридийнинг ислом оламида жуда нозик ҳисобланган «Китаб Тавҳид» асари бизнинг давримизга етиб келган ва у 1970 йилда Фатҳуллоҳ Хулиф томонидан Байрутда нашр этилган. У ислом динидаги суннийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиб, фиқҳга ва каломга оид асар ёзади. Бу ал-Мотуридийнинг «Таъвилот аҳл ас-сунна» ёки бошқа бир номи «Таъвилот ал-Қуръон» деб номланади. Ал-Мотуридий бу асарида сунний ақидадаги (таъвилда) зид қарашларни рад қилишга ҳаракат қилади ва Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган ҳолда иш кўради. Бу асар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланади. «Таъвилот»нинг биринчи жилди Қоҳирада 1971 йилда Иброҳим Авадайн ва ас-Сайд Авадайнлар томонидан нашр этилган.

Оҳангарон тумани “Ислом нури” жоме масжиди

имом-хатиби Ф.Кушбоев