Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳаёти

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳаёти

Биз бугун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин биродарларидан бири, жоҳилият замонида инсонийлик чегараларидан чиқмаган, жоҳилият одатларидан мутлақо йироқ бўлган улуғ саҳобий Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бу улуғ саҳобий ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

لو وزن إيمان ابي بكر بإيمان أهل الأرض لرجح إيمان ابي بكر علي إيمان اهل الأرض

«Ер юзидаги иймон аҳлининнг иймони Абу Бакрнинг иймони билан ўлчанса, Абу Бакрнинг иймони бутун ер юзи аҳлининг иймонидан устундир».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг насаблари: Абдуллоҳ ибн Абу Қуҳофа ибн Саъд ибн тайм ибн Мурро ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр ал – Қурайший  ат – Таймий  бўлиб, кунялари Абу Бакр бўлган. У зот Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мурро ибн Каъбда жамлашади. Отаси Абу Қуҳофанинг асл исми Усмон, оналари Уммул Хайр Салмо бинти Сахро ибн Амр ибн Каъб ибн Саъд ибн Тайм ибн Мурродир.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу фил санасидан икки йил кейин туғилдилар. Яъни У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки ёш кичикдирлар. Туғилган вақтларидан отаси Абу Қуҳофа унга Абулллоҳ деб исм қўйди. Баъзи ривоятлардан У зотнинг асл исми Абдул Каъба бўлган. Исломни қабул қилганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Абдуллоҳ, деб исм қўйганлар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг оналари Салмо, кишилар Уммул Хайр деб аташарди. Уларнинг бундай гўзал куняни олишлари бежиз эмасди. Барчага яхшилик улашувчи бўгани учун инсонлар уни «Уммул Хайр», яъни «Эзгулик онаси», деб ном қўйишган эди. Бу исм инсонлар оарсидан шунчалар машҳур бўлиб кетганидан, баъзилар уни асл исмини билишмас эди. Уммул Хайр ҳомилалик даврида бир дуони кўп такрорларди: «Эй фил асҳобини маҳф этган ва байтуллоҳни сақлаган Зот, сенинг куч – қудратинг чексизлигида шубҳа йўқ. Шу байтуллоҳ ҳаққи, менинг жигаргўшамнинг ҳаётини сақла ва умр бер».

Маълумки, араблар куняга катта аҳамият беришлари билан бошқа миллатлардан ажралиб туришади. Эркагу аёлга исмдан кўра кўпроқ куня билан мурожаат қилишарди. Чунки куня соҳибига нисбатан ҳурмат сифатида ҳам қабул қилинган. Баъзан отага биринчи ўғил фарзандининг исми куня қилиб айтилган. Яъни фарзандининг исми Абдуллоҳ бўлса, отасига Абу Абдуллоҳ, онасига эса Умму Абдуллоҳ дейиларди. Баъзан фарзандга жуда кичиклигидан куня беришар эди. Аммо бу ҳолатда ўша инсоннинг бирор фазилати назарда тутилар эди. Ҳудди Абдул Хайр, Уммул Хайрдек. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан Зайнаб онамиз исломдан аввал ҳам фақирларга нисбатан ўта меҳрибон ва марҳаматли бўлгани сабабли «Уммул мискин» яъни «Мискинлар онаси» кунясини олганлари маълум. Кейинчалик Абу Қуҳофа ўғли Абдуллоҳга Абу Бакр кунясини берган. Ҳатто бора – бора Абу Бакр дейилмагунча, унинг ўзи ҳам ўзига мурожаат қилятганларини билмас эдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўсмирлик даврида отасининг қўйларини олиб, сувсиз, ўтсиз водийларни кезарди. Бир тутам ўт топган қўзининг иштаҳа билан ейишини севинч билан кузатар эди. Маълумки, Арабистон ярим ороли чўл саҳро бўлгани учун чорвачиликка шароит етарли эмасди. Кишилар маълум ёшга етганларида мўмайгина даромад илинжида ўзларини тижоратга урарди. Шу сабаб кўпгина инсонлар қатори Абу Бакрни ҳам ёшлигидан тижорат билан шуғулланишга ундади. Ёзда Шомга, қишда Яманга қилинадиган тижорат карвонларига у ҳам қўшиларди. Сафар давомида карвоннинг йўлини тўсувчи босқинчиларга қарши тўқнашувлар бўлиб турарди. Карвонни муҳофаза қилиш учун қўлига қилич олиб курашарди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу жоҳилиятнинг жирканч, ақл бовар қилмас турли урф – одатларидан нафратланар ва улардан йироқ бўлишга ҳаракат қиларди. Баъзан зиёфатларда сармаст инсонларнинг жирканч ҳаракатларига гувоҳ бўларди. Макка ташқарисида карвонлардан олиб юриладиган маъбудлар ерга қўйилиб, уларга сажда қилиниб илтижо қилинар эди. Баъзан унга ҳам бутларга сиғинишни таклиф қилувчилар йўқ эмас эди. Бундай пайтларда Абу Бакр шундай жавоб берарди: «Ўзимни саждага мажбур қила олмайман». Абу Бакр розияллоҳу анҳу пайғамбар келиб, исломни қабул қилгунларича бирор марта бутларга бўйин эгиб сажда ҳам қилмаган эди. У фойдаси тегмайдиган, ҳаттоки ўзини ҳимоя қила олмайдиган бир тошдан одамга қандай наф бўлиши мумкин, деган фикр билан юрарди. Ҳолбуки, ўша пайтларда ақли расо, халқ орасида ҳурмат-эътиборга эга, жамоат орасида шарафли ҳисобланган кўпгина кишилар бу тош санамлар қаршисида бош эгар эди. Буни улар шунчаки кўнгилхушлик учун эмас, балки ибодат учун қилишарди. Ичкилик истеъмол қилувчиларнинг нақадар ёмон аҳволга тушганини кўриб Абу Бакр розияллоҳу анҳу оғзига бир томчи ҳам шароб олмаган эди. Айни чоғда инсонлик шарафига номуносиб бўлган зино ҳам қилмаган эди. Ваҳоланки, ўша пайтда зино оддий бир ҳолга айланган эди. Унинг ҳар хил турлари халқ орасида кенг тарқалган, ҳатто баъзи инсонлар аслзода бўлган кишилардан фарзанд орттиришни орзу қилиб, ўз хотинини ўшандай кишиларнинг ихтиёрига топширар эди. Сўнг хотини ҳомиладор бўлмагунича унга яқинлашмас эди. Ҳаромдан бўлган бола дунёга келгач, ўша кишиларга совға – саломлар жўнатишарди. Натижада, жамиятда насл – насаби номаълум болалар кўпайган эди. Ҳомиладор эмаслиги маълум бўлган бир аёл бир вақтнинг ўзида саккиз, ўн киши билан алоқа қиларди. Бу жирканч иш аёл то ҳомила орттиргунига қадар давом этарди. Бола туғилгач, ҳалиги кишиларнинг ҳаммаси аёлнинг ҳузурига тўпланар, аёл улар ичидан кимни танласа, ўша киши болага оталик қилар ва бунга ҳеч ким эътироз билдирмас эди.[1]

Соф виждонли, чин инсоний фазилат соҳиби бўлган Абу Бакр розияллоҳу анҳу бундай муҳитда жони ҳалқумига келган эди. Ўтириб чин дилдан суҳбатлашадиган, дардини ишониб кўнглини оча оладиган инсонлар сони бармоқ билан санайдиган даражада эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг энг ишончли, ҳар жиҳатдан тақдирлашга лойиқ ягона биродари Бани Хошим авлодидан Абдулмутталибнинг набираси Муҳаммад ибн Абдуллоҳ эди. Муҳаммад ибн Абдуллоҳни болалик чоғларида учратди. Ўзидан икки ёш катта бўлган бу биродари билан доимо шодлик туйғулари ила ёдга олинувчи бир дўстлик ришталарини боғлаганди. У ҳам ўзидан ичкиликни оғзига олмаган, зинодан умуман йироқ, бутлар олдида ҳеч қачон бош эгмаган, қисқасини айтганда, жоҳилият хунрезликларидан мутлоқо узоқ бир хушхулқ йигит эди. [2]

Абу Бакр ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳни кўнгил муштараклиги ва фикрлар бирлиги ипсиз боғлаб турарди. Ота дийдоридан бенасиб бўлган, дастлаб бобоси, сўнг амакиси қўлида улғайган бу ўспирин йигит умуман оила тарбиясидан маҳрум қолганга ўхшамасди. Ҳар томонлама етук, покиза ва намунали инсон эканлигини кўрсатарди. Табиийки, дўстлар вақти – вақти билан фикр алмашиб, учрашиб турмасалар, манфаат йўлидан узоқлашиб кетиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ҳатто муносабатлар мутлақо узилиб кетиши мумкин. Аммо орадан ўтган йиллар Абу Бакр билан унинг дўсти ўртасида бундай нохушликларни келтириб чиқармади. Балки янада самимий ва қалбан бирликка келишларига сабаб бўлди. Гўё бундай дўстлик руҳлар дунёсида вужудга келган ва мустаҳкамлашгандай эди. Ақл, меҳр – муҳаббат инсонийлик туйғулари билан боғланган йўлларда йиллаб бирга бўлдилар.

Абу Қуҳофа ҳар томонлама фахрланса арзийдиган фарзанднинг отаси эканлигидан бахтиёр бўлса, Уммул Хайр ҳам том маънода етук инсоний фазилатларга бой бир инсоннинг волидаси сифатида бахтиёр эди. Кунларнинг бирида Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ота-онаси ўзаро маслаҳатлашиб, ўғилларини уйлантириш вақти етганини муҳокама қилишди. Ўзаро келишиб, отаси Абу Қуҳофа Амр ибн Луий қабиласи томон йўл олиб, Абдул Узза ибн Абул Асад эшигини қоқиб, Қутайла исмли қизларига совчиликка келганини билдирди. Абу Қуҳофанинг таклифи оила аъзолари билан ўзаро маслаҳат қилиниб, муносиб қарши олинди. Натижада, Абу Бакрнинг оила даври бошланди. Бу ердаги анъанага биноан, Абу Бакр уч кун муддатга қиз уйида қолиши лозимлигини айтишди. Шундай қилинди ҳам. Тўртинчи кун тонгда қиз ота уйини тарк этиб, Абу Қуҳофа оиласига келин бўлиб келди. Кунлар ўтиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ота бўлиш бахтига муяссар бўлди. Тўнғич фарзандининг исмини Абдуллоҳ қўйишди. Араб одатларига биноан отага «Абу Абдуллоҳ» номи берилиши керак эди. Аммо ота эски номини ўзгартиришни хоҳламади ва Абу Бакрлигича қолди. Бир неча йил ўтгач, Абу Бакр розияллоҳу анҳу уйида иккинчи фарзанд ҳам дунёга келди. Бу сафар қиз бола туғилганди. Унинг исмини «Асмо» қўйишди. Уммул Хайр икки гўдакнинг меҳрибон бувиси бўлиш бахтига ҳам муяссар бўлди. Олтмишга етган Абу Қуҳофа кексайиб, турмуш юмушларини ўғли Абу Бакр зиммасига юклаганди. У отасининг давомчиси сифатида ота – онасига ва аҳли оиласига ҳалол касб қилиб, оила тебратарди. Бу орада Абу Бакр хотини Қутайла билан ажрашиб, иккинчи маротаба Умму Румон исмли аёлга уйландилар. Ўттиз тўрт ёшларида ёнғин фалокатига учраган Каъбани қайта қурилишида Абу Бакрнинг шахсан ўзи тош ташиб захмат чекди. Ўтириб ҳордиқ чиқарар экан, бу муқаддас даргоҳнинг нега бутларга тўлалигини, шонли ва иродали инсоннинг нега жонсиз ва иродасиз бутларга илтижо қилаётганини тушунмасди. Кунлик ҳаётларида ақлли эканликларини ҳар қандай вазиятда исбот қила оладиган ва қўлларидан алдаб бир дирҳам олиб бўлмайдиган бу инсонлар бутлар қаршисига келгач, тушуниб бўлмас ҳолга тушишар, ўзларининг нима қилаётганидан бехабар эдилар. Неча йилдирки қўйилган жойларидан бир одим ҳам жилмаган, шамол, ёмғир, иссиқ – совуқда ҳам сас – садосиз турган, келиб – кетувчилардан бехабар, ҳатто ўзларига ибодат қилинаётганидан хабарсиз бўлган мана бу бутлар қандай қилиб илоҳ бўлиши мумкин, қандай қилиб маъбуд даражасига кўтарилиши мумкин?! У ҳақида ўйлаб ҳам кўришмасди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу атрофида ўзидек фикрловчи инсонларнинг бир қанчаси ҳақ динни ахтариб Маккани тарк этганини биларди. Ўзи ҳам қилган сафарларида дин масаласини ўртага ташлаган, бироқ қониқарли жавоб олмаганди. Энг ишончли инсон ҳамма тарафдан «ал – Амин» дея, машҳур бўлган Муҳаммад ҳам бу масалада бирор аниқ фикр айтмаган, фақатгина у ҳам бут ва санамлардан нафратланиши билдирганди, холос.  Абу Бакр каби ҳақ динни истаган инсонлар оғир аҳволда қолганди. Уларни қўлидан тутиб ҳақ йўлни кўрсатувчи ҳидоят йўлбошчисига эҳтиёж катта ва бу эҳтиёжни ҳис қиладиган инсон керак эди. Рамазон ойи келгач, бир гуруҳ инсонларнинг озиқ – овқатларини олиб, Маккадан чиқиб кетишларига ҳам айнан шу эҳтиёж сабаб бўлганди. Абу Бакр энг яқин ва суюкли дўсти Муҳаммад ибн Абдуллоҳни кўпдан бери кўрмаган эди. Шу ғам – ташвиш билан дўстининг уйига келиб, дўстининг аёли Ҳадичадан сўради. Унинг ҳам қалби хотиржаб бўлмасдан, ёлғизликни ихтиёр қилиб чиқиб кетганини билди. Бундай муҳитда яшаган инсон фақатгина ёлғизликда таскин топиши мумкин эди.

Кейинги қилган бир сафарида яна дин масаласи тилга олинганда бир руҳоний нажот умиди сен келган тупроқдадир, деганди. Ҳолбуки, Абу Бакр розияллоҳу анҳу Хижоздаги ҳаёт кўрсатган изтироблар билан дардига даво қидирмоқда эди. Айни пайтда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ қирқ ёшга, Абу Бакр эса ўттиз саккиз ёшга тўлиб, рисолат вақти ҳам яқинлашиб қолганди. Ўша кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Хиро ғорида ўйга чўмиб турганларида илк ваҳий бўлиб Алақ сурасининг аввалги оятлари нозил бўлди. Бу ҳолатдан қаттиқ ҳаёжонланган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларига келиб, бўлиб ўтган воқеани Ҳадичага ва энг яқин дўслари Абу Бакрга, қарамоғида тарбияланаётган Али ибн Абу Толибга сўзлаб берди. Дўсти айтган сўзларни тинглагач, ҳеч иккиланмай самимий гувоҳлик бераманки, эй Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ ёлғиздир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Яна гувоҳлик бераманки, сен уни қули ва расулисан, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўсти Абу Бакрдан худди мана шу жавобни кутганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини бошқа кишиларга нисбатан устун ва фазилатли эканликларини айтиб:

يقول ابن إسحاق: أن رسول الله صلي الله عليه وسلم قال:  «ما دعوت أحدا إلي الإسلام، إلا كانت له كبوة وتردّد ونظر، إلا أبا بكر ما عتم حين ذكرته له ما تردّد فيه «

“Исломга даъват қилган кишиларда иккиланиш, тарадуд ва ўйлаб туриш ҳоллари бўларди. Аммо Абу Бакр унга Ислом билан юзланганимда тараддуд ҳам қилмади, ўйлаб ҳам ўтирмади” – деган сўзларини Ибн Исҳоқ баён қилиб бермоқда.

Комил инсонлар ичида қалбини иймон нури билан нурафшон айлаган бахтли кишилардан бири эди.  Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу узоқ йиллардан бери йўқотган нарсасини топгандек, шодлигининг чеки йўқ эди. Ўттиз саккиз йиллик ҳаёти давомида бу кеча каби осойишта бир ҳиссиёт билан ётоғига кирганини эслай олмасди. Гўёки онадан янги туғилгандек, покиза бир ҳиссиёт уни ўраб олганди. Ўзини ва барча махлуқотларнинг Яратгувчисини таниш шарафига эришди. Унга ишониш билан ўзини жисмида ажойиб бир самимиятни ҳис этди. Ётоғига кирар  экан, ич – ичидан отилиб келаётган бир илоҳий ишқ билан: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад унинг қули ва росули эканлигига гувоҳлик бераман», дея такрорлар эди.[3]

Тошкент тумани бош имом-хатиби
Химойиддин Хусниддин ўғли

 

[1] Имом Бухорий 6 / 132.

[2]  Саодат Асри. 1 / 221, 222.

[3] Саодат Асри 1 / 223.