Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Ҳабибуллоҳни севган Ҳабиб

Ҳабибуллоҳни севган Ҳабиб

Ҳар сафар ушбу саҳобий ҳақида эшитганимда кўзларимга ёш келади! Ушбу улуғ саҳобани таниганимдан буён, унга нисбатан қалбимда қаттиқ муҳаббат пайдо бўлган. Қуйида бу улуғ саҳоба ҳақида сўз боради. Албатта, диққат билан ўқиган инсоннинг кўзларига ёш келиши табиий! Ҳабиб ибн Зайд ҳар бурчагидан иймоннинг хушбўй ҳиди келадиган, ҳар бир аъзосининг юз кўзидан дин учун фидокорлиги билиниб турадиган оилада ўсиб улғайди.

Унинг отаси Зайд ибн Осим Ясрибдаги илк мусулмонлардан, аёли ва икки ўғли билан бирга Пайғамбар алайҳиссаломга Ақабада байъат берган 70 кишининг бири. Онаси Умму Аммора Насиба Аллоҳнинг динини ва пайғамбарини ҳимоя қилиш учун қурол кўтариб чиққан биринчи аёл ҳисобланади. Акаси Уҳуд жангида Пайғамбар алайҳиссаломни жон бериб, жон олиб мудофаа этган Абдуллоҳ ибн Зайддир. Пайғамбар алайҳиссалом буларнинг ҳаққига: “Сизнинг оилангизга Аллоҳнинг баракаси ва раҳмати бўлсин”, деб дуо қилганлар. Ҳабиб ибн Зайднинг қалбига тушган илоҳий нур, унинг бутун ҳаётини чароғон қилиб юборди. У отаси, онаси, холаси ва акаси билан бирга Маккага бориб, Ислом тарихида муҳим аҳамият касб этган ҳодисанинг 70 та иштирокчисидан бири бўлди. Тун зулмат қўйнида жажжи ўғилчасини Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)га узатиб, Ақаба байъатини берди. Ўша кундан бошлаб Пайғамбар алайҳиссалом унинг учун ота-онасидан ҳам суюкли, Ислом дини эса, жонидан ҳам қимматлироқ бўлиб қолди.

Ҳабиб кичкиналиги сабаб Бадрда қатнашмади. Ҳали қурол кўтаришга ёши етмаганлиги боис, Уҳудда ҳам иштирок этолмади. Бироқ ундан кейинги ҳамма ғазотда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга бўлди ва уларнинг ҳар бирида ўзининг фидокор жангчи эканини намойиш этди. Ўтган жангларда кўрсатилган жасоратлар ҳар қанча кишини ҳаяжонга солса ҳам, бор-йўғи келажакда рўй берадиган улуғ бир ҳодиса учун машқ ва тайёргарлик эди, десак хато қилмаймиз. Зеро, Ҳабиб бир неча йилдан кейин Нубувват асридан бошлаб то бугунги кунгача яшаб ўтган миллионлаб мусулмонларнинг қалбини ларзага солган қаҳрамонлигини кўрсатди.

Келинг, қон ва иймоннинг омухта ҳиди уфуриб турадиган қиссага назар ташлайлик! Тўққизинчи хижрий санада Ислом қаддини ростлаб, оёққа маҳкам туриб олган, шон шуҳрати атрофга тарқалиб кетганди. Араб жазирасининг турли чеккасида яшовчи қабилалари Ясрибга серқатнов бўлиб қолган. Улар келиб Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларида иймонларини изҳор этишар ва итоат қилишга байъат беришарди. Ўшандоқ вакиллар Нажд тепалигида яшовчи Бану Ханифа қабиласидан ҳам келди. Улар туяларини Мадина ташқарисида чўктириб, юкларига қараб туриш учун Мусайлима ибн Ҳабиб ал-Ханафий исмли кишини қолдиришди. Ўзлари пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бориб, қавмдошларининг бари исломга кирганини эълон қилишди. Пайғамбар алайҳиссалом вакилларни иззат-икром билан кутиб олдилар. Ҳар бирига ҳадя бердилар. Юкларга қараб қолган кишига ҳам алоҳида совға бериб юбордилар. Вакиллар Наждга етиб улгурмаслариданоқ, Мусайлима ибн Ҳабиб исломдан қайтди. Ўз-ўзидан: “Мен пайғамбарман, Аллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳни Қурайшга элчи қилиб юборганидек, мени Бану Ханифага Расул қилди”, – деб одамларга гапира бошлади. Қавмдошлари унга ҳар хил сабаблар боис эргашди. У сабабларнинг асосийси, маҳаллийчилик эди. Ҳатто Бану халифаликлардан бири: “Гувоҳлик бераманки, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ростгўй содиқ, Мусайлима ёлғончи каззоб, аммо мен учун Музар ростгўйидан рабиа ёлғончиси яқинроқ”, – деган эди. Мусайлима атрофидаги кишиларни ўзига бўйинсиндириб, анча куч тўплаб олгач, Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қуйидаги мактубни ёзади: “Аллоҳнинг элчиси Мусайлимадан Аллоҳнинг элчиси Муҳаммадга. Сенга салом бўлсин. Мен Пайғамбарликда сенга шерик қилиндим. Ернинг ярми бизга, қолган ярми Қурайшга берилди. Лекин Қурайшликлар инсофсиз қавм экан”. Сўнг, қўл остидагиларидан иккитасини хат билан жўнатди, мактубни Пайғамбар алайҳиссаломга ўқиб бердилар. У киши ҳалиги икковлондан: “Сизлар бу ҳақда нима дейсиз?” – деб сўрадилар. Улар: “Хожамиз нима деса, биз ҳам шундай деймиз”, – деб жавоб беришди. Кейин Мусайлимага жавоб хатини битдилар: “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Аллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан каззоб Мусайлимага. Ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин. Билгингки, ер буткул Аллоҳникидир, Ўзи хоҳлаган бандасига беради, оқибат тақводорлар учундир!” Икки чопар номани олиб қайтиб кетишди.

Мусайлима каззобнинг бузғунчилиги кундан-кунга ошди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уни залолатдан қайтариш учун мактуб ҳозирлатдилар. Чопарлик вазифасига қиссамиз қаҳрамонини танладилар. Ҳабиб ибн Зайд ўша кезда сочининг фарқидан оёғининг учигача иймон билан тўлган бақувват йигит эди. Ҳабиб ибн Зайд Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг буйруғини бажариш учун қир-у адир оша Бану Ханифа истиқомат қиладиган Нажд тепаликларига етиб борди ва мактубни Мусайлимага тутқазди.

Нома билан танишиб чиққан Мусайлиманинг дилидаги ғазаби янада кучайди. Сап-сариқ хунук юзида ёмонлик аломати сезилди. Шотирларига айтиб, Ҳабибни кишанлатиб қўйди ва эртасига чошгоҳ пайти олиб киришни буюрди. Тайинланган вақт келганида Мусайлима тобеларини тўплади. Ўзи тўрга ўтирди, ўнг-у сўлини ҳамтовоқлари эгаллади. Сўнг оммага киришга изн берилди. Жамоат жам бўлгач, азбаройи кишанларнинг оғирлигидан секин қадам ташлаётган Ҳабибни олиб киришди. Ҳабиб ибн Зайд кўп сонли манфур тўданинг ўртасида худди энг моҳир қуролсоз уста ясаган камон ўқидек қаддини ғоз тутиб, нигоҳини тик қаратиб турарди. Мусайлима унга савол ташлади: “Муҳаммадни Аллоҳнинг расули эканига гувоҳлик берасанми?” “Албатта!” – деди Ҳабиб. “Ашҳаду анна Муҳаммадан росулуллоҳ!” “Мен Аллоҳнинг элчиси эканлигимгачи?” “Биласанми, менинг қулоғим оғирроқ, нима деяётганингни эшитмаяпман”. Масхара оҳангида берилган жавобни эшитган Мусайлима ғазабдан тўлғониб қўйди. Асаблари титраб: “Жаллод, унинг жасадидан бир бўлагини кесиб ол!” – деди. Шуни кутиб турган жаллод ўткир қиличи билан Ҳабибнинг баданидан катта бўлакни кесиб олиб, ерга ташлади. Каззоб саволини такрорлади: “Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик берасанми?” “Ҳа! Шубҳасиз, у киши Расулуллоҳдирлар!” “Мен Аллоҳнинг элчисиманми?” “Айтдим-ку боя, мен гарангроқман. Гапларинг ҳеч қулоғимга кирмаяпти”…

Мусайлима жаллодни яна бир карра ишга солди. Ерда ётган Ҳабибнинг гўшт пораси ёнига яна бир бўлак қўшилди. Одамлар элчининг тоғлар ҳавас қилса арзигулик саботидан даҳшатга тушиб, бақрайиб қолишди. Каззоб такрор-такрор савол берар, жаллод қайта-қайта ҳабибни қиймалар, у эса ҳар сафар: “Ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ”, – дер эди. Бир неча дақиқадан сўнг Ҳабиб иккига бўлиниб қолди. Ярми майда бўлакларга бўлиниб, ерда сочилиб ётар, иккинчи ярми қип-қизил рангга бўялган ҳолда гапириб турарди. Охири Ҳабиб дармонсизланиб қулади. Покиза лаблари орасидан чиққан сўнгги сўз илк бора Ақаба кечасида кўрган кишининг, Муҳаммад Расулуллоҳнинг исми бўлди… Ўғлининг ўлимини эшитган Ҳабибнинг онаси Насибат-ул Мозиния эди: “Мен уни мана шундай мавқеда жон бериши учун тайёрлагандим. Ажрини Аллоҳдан умид қиламан. Ўғлим Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)га кичкиналик пайтида байъат берганди. Катта бўлганида унга вафо қилди. Агар Аллоҳ менга Мусайлима билан учрашиш имкониятни берса, шундоқ ишни қиламанки, кетидан унинг қизлари юзларини юмдалаб йиғлаб қолишади. Насиба орзу қилган кин ўзини кўп куттирмади. Мадинада Абу Бакрнинг жарчиси сохта пайғамбар Мусайлимага қарши жангга сафарбарлик эълон қилди. Сара мусулмонлардан иборат қўшин ҳозирланди. Унинг сафида Насибат-ул Мозиния ва ўғли Абдуллоҳ ибн Зайдлар ҳам бор эди. Ямома кунида душман сафини арслондек ёриб бораётган Насибани кўришди. У аҳён-аҳён: “Аллоҳнинг душмани қани? Менга Аллоҳнинг душманини кўрсатиб қўйинглар”, – деб қичқирарди. Аёл интилган нарсасига эришди. Жанг ниҳоясида ўзининг иркит қонига беланиб ётган каззобнинг жасадини кўриб, кўнгли таскин топди. Шундай қилиб, Аллоҳ Азза ва Жалла бадбахт ва золим қотилдан покиза тақводор, бандасининг ўчини олди! Саҳобаларнинг Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббатини кўриб қўйинг! Батаҳқиқ, бундай инсонлар ҳаргиз унутилмайди. Биз барча саҳобаларни Аллоҳ учун яхши кўрамиз! Гарчи, улардек амал қила олмасак ҳам.

Аллоҳ таоло барчаларимизни қиёмат кунида ушбу саҳобалар билан бирга ва Пайғамбаримиз(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шафоатларидан насибадор бўлишлигимизни таъминласин. Амин!

 

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси
Абдукаримов Абдулбосит