Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Абдуллоҳ ибн Умми Мактум

Абдуллоҳ ибн Умми Мактум

Абдуллоҳ ибн Умми Мактум кўзи ожиз киши эди. Худди Билол ибн Рабоҳ  каби Расулуллоҳнинг (с.а.в) муаззинлари бўлган. Қуръони каримнинг ўн олти ояти у киши ҳақида туширилган.

Абдуллоҳ ибн Умми Мактум асли қурайшийлардан, Расулуллоҳ (с.а.в) билан қариндошлиги бор, Хадича онамизнинг тоғаваччаси эди. Отаси Қайс ибн Зоид ва онаси Отика бинти Абдуллоҳ маккаликларнинг ҳурматли кишиларидан ҳисобланарди. Оналари Отиканинг Умми Мактум деб аталишига фарзанди Абдуллоҳнинг кўзи ожиз ҳолатда туғилгани сабаб бўлди («умми» – она,»мактум» – беркитилган маъносида).

Расулуллоҳ (с.а.в) инсониятга рушди пайғамбар этиб юборилганларидан кейин, Ислом ҳакида кўпроқ билишга бошқалар қатори Абдуллоҳда ҳам қизиқиш уйғонди. Расулуллоҳнинг (с.а.в) сўзларини тинглаганидан кейин Ислом ҳақ йўл эканини билди ва мусулмон бўлди.

Абдуллоҳ маккаликларнинг кўп ситамларига чидади. У Расулуллоҳни (с.а.в) жуда яхши кўрар, кўп вақтини Қуръони Каримни ёд олишга сарфлар эди.

Расулуллоҳ (с.а.в) Исломга чақиришни биринчи бўлиб Қурайш оқсоқолларидан бошладилар. Бир куни Утба ибн Рабиъа, Шайба ибн Рабиъа, Абу Жаҳл, Умайя ибн Халаф ва Валид ибн Муғира суҳбатига қўшилиб, уларга Ислом дини ҳақида гапирдилар. Мусулмон бўлишга чақирдилар. Шу пайт Абдуллох ибн Умми Мактум  келдида: «Ё Расулуллоҳ! Роббингиз сизга билдирганлардан менга ҳам ўргатинг», деди. Расулуллоҳ (с.а.в) қошларини чимириб, юзларини бурдиларда, ўгирилиб, яна Қурайш зодагонларига гапиришда давом этдилар. Лекин бу Расулуллоҳнинг (с.а.в) Абдуллоҳ ибн Умми Мактумни менсимаганлари эмас эди. Бу ерда бошқа бир муҳим сабаб бор эди. Агар Макканинг кўзга кўринган одамлари мусулмон бўлса, Ислом дини кучаяр, Пайғамбаримизнинг (с.а.в) даъвати қувватланар эди.

Лекин Расулуллоҳнинг (с.а.в) кутганлари бўлмади, зодагонлар насиҳатга қулоқ солишмади. Суҳбатдан сўнг ўринларидан туришлари билан кўз олдилари қоронғилашди, бошларини қандайдир оғир нарса босгандай бўлди. Бу ваҳий келганидан эди. Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Умми Мактум  сабаб ушбу оятларни нозил қилди:

«(Муҳаммад) юзини буриштирди ва юз ўгирди. Зеро, унинг ҳузурига кўзи ожиз одам келган эди. (Эй Муҳаммад!) Сиз қаердан ҳам билурсиз, эҳтимол у (Сиздан фойдаланиб, ўз гуноҳларидан) покланар ёки эслатма оларда, сўнгра бу эслатма унга фойда берар?! Аммо (Сизни машғул қилган) бой кимсага эса, бас, Сиз (эътибор бериб) мутасаддилик қилмоқдасиз. Ҳолбуки, унинг (ўз куфридан) покланмаслиги Сизга зарарли эмас эди. Энди, олдингизга югурган ҳолда (Аллоҳдан) қўрқиб келган киши эса, бас, Сиз ундан чалғимоқдасиз. Йўқ! (Бундай қилманг!) Албатта, улар (Қуръон оятлари) айни эслатмадир. Бас, Ким хоҳласа, (уни) ёд этар. (У оятлар Аллоҳ наздида) мукаррам саҳифаларла (яъни) қадри баланд, покиза (саҳифаларда) котиб (фаришта)лар қўлларидадир. (Улар) мукаррам ва итоатли зотдирлар».  (Абаса сураси, 1-16-оятлар)

Расулуллоҳ  хато килганларини англадилар. Шу ондан бошлаб Абдуллоҳ ибн Умми Мактумга ҳурматлари янада ошди. Уни кўрганларида тўрдан жой берадиган, аҳволини суриштириб, далда ва ёрдамларини аямайдиган бўлдилар.

Абдуллоҳ ибн Умми Мактум ва Мусъаб ибн Умайр  Мадинага биринчи келган саҳобалар эди. Улар Ясрибга келишлари биланоқ инсонларга динимизнинг асл моҳиятини тушунтиришга, Қуръони каримни ўргатишга киришишди. Улар туфайли ясрибликлар бирин-кетин мусулмон бўла бошлашди.

Расулуллоҳ (с.а.в) Мадинага етиб келганларидан кейин Абдуллоҳ ибн Умми Мактумни Билол ибн Рабоҳ  қатори мусулмонлар учун муаззин этиб тайинладилар. Икковлари ҳар куни беш маҳал жамоатни намозга чақирадиган, нажот сари чорлайдиган бўлишди. Билол  азон айтса, Абдуллоҳ  намозга иқомат туширар, баъзида ўрин алмашишар эди.

Рамазон ойида эса бошқачароқ йўл тутишарди. Билол ибн Рабоҳ  тунда азон айтиб, одамларни саҳарликка уйғотса, Абдуллоҳ ибн Умми Мактум  тонгни кутиб турар, тонг отгач, инсонларни бундан хабардор килар эди. Ҳамма саҳарлик қилишдан тўхтаб, масжид сари ошиқарди.

Расулуллоҳ (с.а.в) Рамазон кунлари саҳобаларига: «Билол кечаси азон айтади. Сиз то Абдуллоҳ ибн Умми Мактумнинг азонини эшитгунингизча еб-ичаверинг», дер эдилар. Ибн Умми Мактум  кўзи ожиз бўлгани сабаб бошқа саҳобалар унга: «Тонг отди, тонг отди. Азон айтинг», демагунича азон айтмас эди.

Расулуллоҳ  сафарга чиққанларида Абдуллоҳ ибн Умми Мактумни Мадинага ноиб қилиб кетишга одатланган эдилар. Ҳатто, Макка фатҳида ҳам айнан шу киши Мадина волийи бўлиб қолди. Бу ҳол Пайғамбаримизнинг (с.а.в) Абдуллоҳга юксак ҳурматлари ифодаси эди.

  Оҳангарон тумани “Қўрғон Шамс” жоме масжиди                                                                                        имом-хатиби Исмоилов Абдулбосит