Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Аҳоли эътиқодини ҳужжатда кўрсатиши шарт

Аҳоли эътиқодини ҳужжатда кўрсатиши шарт

Покистонда аҳоли қайси динга эътиқод қилишини ҳужжатда кўрсатиши шарт эканлиги белгилаб қўйилди. Бундай қарор Исломобод Олий суди томонидан чиқарилди. Унга кўра, мамлакатнинг барча фуқаролари расмий ҳужжатларда, хусусан, паспорт, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва ҳатто сайловчилар рўйхатида ҳам эътиқод қиладиган динини кўрсатишга мажбурдирлар. Эндиликда Покистон аҳолиси давлат ташкилотларига ишга қабул қилинаётганда ҳам дини ҳақида маълумот бериши шарт.

Суднинг мурожаатномасида таъкидланишича, мамлакат Конституцияси эътиқод эркинлигини кафолатлайди, шу билан бирга, фуқаролар давлатга нисбатан содиқ бўлиш, қонун-қоидага риоя қилиш мажбуриятига ҳам эгалар. Суднинг фикрига кўра, эътиқод қиладиган динини айтишдан бўйин товлаш, ушбу модданинг бузилиши, яъни “давлатга хиёнат қилиш” деб топилиши мумкин.

Бу орада, Покистон инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси ушбу қарорни “жуда хавфли” деб атади. Ҳуқуқ ҳимоячилари бу диний асосга кўра зўравонликларни келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотирда. Freedom House ва Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларнинг ҳисоботида берилган хабарларга кўра, ҳозирги кунда Покистонда диний жиҳатдан озчиликни ташкил этадиганлар радикаллар томонидан доимий таҳқирлаш ва ҳужумларга дучор бўлмоқда.