Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Аҳмоқлардан қочинг!!!

Аҳмоқлардан қочинг!!!

Қуръони Каримда зикр қилинган иккинчи тоифа аҳмоқлар ўзларини ғоят ақлли деб биладиган кишилардир.

Дунёвий орзулар уларни ғафлатга етаклагани учун кўзлари ҳақиқатни кўрмайдилар. Бундай кишиларнинг фақат айримлари бирон бир фалокатга учраганларида қисман кўзлари очилиши мумкин.

Ҳазрат Жалолиддин Румий аҳмоқлар ҳақида шундай деган: ”Аҳмоқлардан қочинки, Ийсо алайҳиссалом улардан қочгани каби…”

Марям онамизнинг ўғли Ийсо алайҳиссалом худди арслон қувлаган каби югуриб борар эдилар. Кўчадан ўтаётган одамлардан бири унинг орқасидан югурди ва шундай деди:

– Нима бўлди сизга, ҳуркитилган қуш каби учиб бормоқдасиз?

Ийсо алайҳиссалом шу қадар тез чопардиларки, шошилганларидан бу одамнинг саволига жавоб бера олмадилар. Ул зотнинг бу тарзда югуришидан баттар ҳайратга тушган одам ниҳоят яқинлашди ва яна сўради:

– Эй руҳуллоҳ, Аллоҳ ризоси учун бир он тўхтанг ва ҳолингиздан бизга хабар беринг? Кимдан ва нима учун қочмоқдасиз? Ахир орқангизда арслон ҳам, душман ҳам, қўрқадиган бошқа бирон бир нарса ҳам йўқ-ку?

Бунга жавобан Ийсо алайҳиссалом дедилар:

– Аҳмоқдан қочмоқдаман, аҳмоқдан! Мендан узоқроқ турки, ўзимни қутқарай.

– Нафаси билан кўрларга ва карларга шифо берувчи Ийсо сиз эмасми?!

– Ҳа, менман, – дедилар.

– Маънавий сирларнинг тилсимини билган ва шунинг учун ҳам “Руҳуллоҳ” номини олган зот сиз эмасми?! Ахир сиз дуо ўқиганда ўлганлар ҳам худди овини тутган арслон каби қабрдан сакраб чиқарди-ку?!

Бунга жавобан Ҳазрати Ийсо алайҳиссалом дедилар:

– Ҳа, ўликларни тирилтирадиган менман.

– Эй тоза руҳ! Ўзингиз истаган нарсага қодир бўла туриб, яна кимдан қўрқиб қочмоқдасиз?

Ийсо алайҳиссалом  жавоб қилдилар:

Аввало руҳни ва сўнгра вужудни яратган жаноби Ҳаққа ва унинг сифатларига қасам ичаманки, сен айтган бу дуони яъни исми Аъзамни кар ва кўрларга ўқиган эдим, улар тузалдилар. Сўнгра бу дуони баланд чўққили тоққа ўқиган эдим, дуонинг кучидан ўртасидан айрилиб кетди. Сўнгра ўлик бир жасаднинг қаршисида ўқиган эдим , ўлик тирилди. Лекин у дуони аҳмоқ бир қалбга минг марта шавқат ва марҳамат билан ўқисам ҳам ҳеч бир фойда бермади. Бу аҳмоқ тош каби қаттиқ туриб олди ва аҳмоқлигидан воз кечмади. Оҳак тўкилган қум каби ундан бир ўт ҳам ўсиб чиқмади.

Ҳалиги киши сўради:

– Исми Аъзам бу қадар киши ва жисмларга таъсир қилди. Ҳолбуки, қолганлар ҳам хаста эдиларку. Уларнинг хасталикларига даво бўлиб, аҳмоқнинг соғаймаслигининг сабаб ва ҳикмати нимада?

Саволга Ийсо алайҳиссалом шундай жавоб қайтардилар:

– Аҳмоқлик Аллоҳнинг қаҳри бўлган бир маънавий  хасталикдир. Қолганлари эса кўрлик каби Яратганнинг қаҳрига дуч келмаган хасталиклар эди. Бало ҳам бир хасталикдир, лекин мубталосидан шифо топмади, аҳмоқликка келсак, у бир хасталикдир, лекин аксарият ҳолларда ундан бошқалар зарар кўрадилар. Аҳмоқлик тамғаси Аллоҳнинг бир муҳридир, унга Аллоҳдан бошқа ҳеч кимса чора ва даво топа олмайди.

Қиссадан мурод:

Бир хил инсонлар борки, “Буни қилма, уни қил. Бу яхшиликка олиб келмайди, охири вой бўлади”, деб насиҳат қилинса ҳам ўз билганидан қолмайдилар, бунақанги ”Аҳмоқларга” сўз зое. Ҳавойи нафсга берилиб, ўз билганича яшалган дунё ҳаётининг иснодлари шу қадар кўпдирки, буни тушунтирмоқчи бўлганлар гапира-гапира чарчайдилар.

Аллоҳим, ўзинг бизни тўғри йўлингдан адаштирма!

 Пискент тумани “Ўсмат ота” жоме масжиди
имом-хатиби Мунис Сирожев манбалар асосида тайёрлади

 

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan