Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ақида / Аҳли сунна олимлари асрлар оша Ашъарий ва Мотуридий ақийда мазҳабида бўлганлар (саккизинчи мақола)

Аҳли сунна олимлари асрлар оша Ашъарий ва Мотуридий ақийда мазҳабида бўлганлар (саккизинчи мақола)

Юқоридаги сатрларда Ашъарий ва Мотуридий ақийда мадрасаларининг тарихи, моҳияти ва бу хусусда уламоларнинг фикрларини ўрганиб ўтдик. Энди эса айнан ушбу ақийдавий мазҳабларга мансуб олимлар ҳақида сўз юритамиз.

Ислом уламоларининг сийратларини ва асарларини чуқур ўрганилса, уларнинг кўпчилиги ушбу икки ақийда мазҳабидан бирига эргашгани маълум бўлади. Мисол тариқасида тафсир, Қуръон илмлари, ҳадис, фиқҳ ва усули фиқҳ, тарих ва сийрат, наҳву адабиёт олимларининг энг кўзга кўринган намояндаларини келтириш мумкин. Хусусан, тўрт фиқҳий мазҳабнинг энг машҳур олимлари ушбу икки ақийда мазҳабининг бирига мансуб бўлган. Аниқроғи, Ҳанафийларнинг барчаси Мотуридий ақийдасида, Шофеъийлар, Моликийлар, айрим Ҳанбалийлар, баъзи зоҳирийлар ҳамда мутасаввифларнинг кўпчилиги Ашъарий мазҳабида бўлган.

Тақийюддин Мақризий айтади: «Ашъарийлик эътиқоди Ироқда хижрий 380 йиллардан ёйила бошлаган ва Шомга кўчган. Кейинчалик Салоҳиддин Айюбийнинг ташаббуси билан бу мадраса Мисрда ҳам тарқалди.

Абу Муъин Насафий Бухоро аҳли, Мовароуннаҳрнинг барча аҳолиси, ҳатто, чекка ҳудудларда яшайдиган туркларгача Мотуридий эътиқодида эканини келтиради. Шунингдек, Марв, Балх аҳолиси ҳам Мотуридий эътиқодидалигини айтади ҳамда илми денгиз, каромати зоҳир аҳли тасаввуфлар ҳам Мотуридий эътиқодида бўлганини таъкидлайди. Бу борада Абу Бакр Калобозийнинг «Тасаввуф аҳлини таниш» китобида батафсил маълумотлар бор.

Тожуддин Субкий ўзининг Шофеъийларнинг маноқибларига бағишлаб ёзган «Табақотуш‑шофеъийя ал‑кубро» номли машҳур асарида «Шайх Абу Ҳасан Ашъарийнинг тутган йўли мўътабар Ислом уламоларининг, тўрт фиқҳий мазҳабнинг ҳалол‑ҳаром масалалари бўйича билимдони бўлган етакчиларининг, Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг динига ёрдам беришда қоим бўлган зотларнинг йўли экани баёнида» деган сарлавҳа билан алоҳида боб очиб, шундай дейди:

«Биз бир қатор гаплар замирида ушбу ҳақиқатга далолат қилувчи сўзларни келтириб ўтдик. Биз Шайх Ибн Абдуссаломнинг сўзларини ҳамда у кишидан олдин ва кейингиларнинг шу каби гапларини ҳикоя қилдик. Улар шундай дейишган: «Шофеъийлар, Моликийлар, Ҳанафийлар ва Ҳанбалийларнинг катталари Ашъарийдирлар». Бу Шофеъийларнинг шайхи Изз ибн Абдуссалом, Моликийларнинг шайхи Ибн Ҳожиб ва Ҳанафийларнинг шайхи Жамолиддин Ҳусрийларнинг сўзидир.

Тожуддин Субкий яна айтади: «Ушбу умматнинг ҳофизи, сиқа, пухта олим Ибн Асокир жумладан шундай дейди: «Ҳанафий, Моликий, Шофеъий мазҳаби фақиҳлари ичида Ашъарийга мувофиқ ва мансуб бўлмагани, унинг Аллоҳнинг динида қилган саъй-ҳаракатини маъқулламагани, унинг бу диннинг илмидаги чуқур билимини мақтамагани йўқ. Илло, ташбеҳини яширган, танзиҳга эътиқод қилган ҳар бир муваҳҳидни душман тутадиган, ана шундай кишини мўътазилаларга ўхшаб қоралайдиган бир ҳовучгина одамлар мустасно, холос».

Тожуддин Субкий сўзида давом этиб: «Биз бу ерда сизга мўътабар фуқаҳоларнинг сўзларини келтирамиз», деб туриб, тўрт мазҳаб уламоларининг Ашъарий мазҳабини қўллаб айтган фатволаридан бир қанчасини келтиради. Сўнг айтади:

«Шайх-Имом раҳимаҳуллоҳдан (отаси, Шайхул Ислом Тақийюддин Субкийни назарда тутяпти) эшитдимки, Имом Таҳовийннинг ақидасидаги маънолар имом Ашъарий эътиқод қилган нарсалар бўлиб, фақат учта масалада хилоф қилган экан.

Мен шуни яхши биламанки, Моликийларнинг барчаси Ашъарий, бирортасини истисно қилмайман. Шофеъийларнинг кўпчилиги Ашъарий, фақат уларнинг ичидаги мужассималарга ва мўтазилаларга қўшилиб кетганлар мустасно, улар саноқли кишилар. Ҳанафийларнинг ҳам кўпчилиги Ашъарий бўлган, фақат мўтазилаларга қўшилганлар мустасно. Ҳанбалийларнинг энг улуғлари, пешқадамлари ҳам Ашъарий бўлган. Уларнинг ичидаги Ашъарий бўлмаганлари мужассималарга қўшилган. Айтиш жоизки, мужассималарга қўшилганларнинг энг кўпи Ҳанбалий бўлган».

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan