Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ақида / АҚИДАТУН НАСАФИЯ (2-қисм)

АҚИДАТУН НАСАФИЯ (2-қисм)

و الارادة صفة الله تعالى ازلية قايمة بذاته

Ирода Аллоҳ таолонинг ўз зотида қоим бўлган азалий сифатидир.

 و رؤية الله تعالى جائزة فى العقل واجبة بالنقل ورد الدليل السمعى بايجاب روية المؤمنين الله تعالى فى الدار الاخرة فيُرى لا فى مكان و لا على جهة من مقابلة او إتصال شعاع او ثبوت مسافة بين الرائى و بينه تعالى

Аллоҳ таолони кўриш ақлда жоиз ва нақл билан (эса ишониш) вожибдир. Охират масканида (турганларида) мўъминларнинг Аллоҳ таолони кўришлари заруриятига самъий далиллар (яъни, Пайғамбар алайҳиссаломдан эшитилган ҳадиси шарифлар) ворид бўлгандир. Демак, (Аллоҳ таолони) кўрилади, (бу кўриш) маконда эмас, юзма-юз туриладиган тарафда эмас. Ёки ёруғликнинг етишуви, кўрувчи билан Аллоҳ таоло орасида масофа қарор топиши (ҳам бўлмайди).

(Яъни, масалан қуёшга қарасак, унинг нури бизга келиб турганини ҳис қиламиз. Аллоҳни кўрганда бундай ҳодиса бўлмайди.).

 و الله تعالى خالق كل أفعال العبد من الكفر و الإيمان و الطاعة والعصيان و هى كلها بمشيئته و إرادته و حكمه و قضيته و تقديره

Аллоҳ таоло бандаларнинг куфр, имон, тоат ва исёндан иборат барча феълларининг яратувчисидир. Уларнинг ҳаммаси Унинг хоҳиши, иродаси, ҳукми, қазоси ва тақдири билан (бўлур).

 و للعباد أفعال اختيارية يثابون بها و يعاقبون عليها و الحسن منها برضا الله تعالى و القبيح منها ليس برضاه

Бандалар учун ихтиёрий феъллар бор. Ўшалар сабаб (агар савоб иш қилсалар) савоб олурлар, ўшаларга (агар гуноҳ иш қилсалар) азобланурлар. Улардан (яъни, банданинг бажарган амалларидан) яхшиси Аллоҳ таолонинг ризоси билан бўлгай ва улардан ёмони эса Аллоҳ таолонинг ризоси билан эмас.

و الإستطاعة مع الفعل و هى حقيقة القدرة التى تكون بها الفعل و يقع هذا الاسم على سلامة الأسباب و الألات و الجوارح و صحة التكليف تعمد هذه الاستطاعة و لا يكلف العبد ما ليس فى وُسْعِهِ

Иститоат (яъни, бирор амални бажаришга қодир бўлиш, ишни бажариш қуввати) феъл билан биргадир. У (яъни, иститоат) у сабабли (бирор) феъл бўладиган ҳақиқий қудратдир. Бу исм сабабларнинг, асбобу олат ва аъзоларнинг саломатлигига кўра юзага келади. Таклифнинг саҳиҳ бўлиши иститоатга боғлиқ бўлади. Банда ўз тоқатида бўлмаган нарсага таклиф қилинмайди.

(Яъни, Аллоҳнинг бандаларни бирор нарсага буюриши ёки ундан қайтариши ана шу иститоатга – банданинг ўша нарсани қила олиш қудратига қараб белгиланади. Масалан, намозни тик туриб ўқишга қодир кимса тик туриб ўқийди, бўлмаса ўтириб ўқийверади. Ўтиришга ҳам қуввати йўқ кимса ётиб намоз ўқийверади.).

 و ما يوجد من الألم فى المضروب عقيب ضرب انسان و الإنكسار فى الزجاج عقيب كسر انسان و ما أشبهه كل ذلك مخلوق الله تعالى لا صنع للعبد فيه و المقتول ميت بأجله و الأجل واحد

Инсоннинг уруши орқасидан урилган (аъзо)да оғриқдан топилган нарса, инсоннинг синдириши орқасидан шишадаги синиш ва шунга ўхшаш буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг яратганидир. Банда учун уни (оғриқ ва синиққа ўхшаш нарсаларни) яратиш – тайёрлаш йўқ. Ўлган ўз ажали билан ўликдир. (Ўлим ўликда мавжуддир, (у) Аллоҳ таолонинг яратганидир). Ажал биттадир.

(Яъни, инсон бировни уриши, нарсани синдиришга уриниши мумкин, лекин оғриқни ёки синиқни ярата олмайди. Уларни Аллоҳ ўзи хоҳлаганида яратади. Банданинг уларни яратишда иштироки бўлмайди. Шунинг учун урилган аъзода оғриқ пайдо бўлмаслиги ҳам мумкин, синдиришга қанчалик ҳаракат қилманг, бирор нарса синмай қолиши ҳам мумкин.).

 و الحرام رزق و كل يستوفى رزق نفسه حلالا كان او حراما و لا يتصور ان لا يأكل انسان رزقه او ان يأكل غيره رزقه

Ҳаром (ҳам) ризқдир. Ҳар бир (жонли нарса) ҳалолдан бўлсин ёки ҳаромдан бўлсин ўз ризқини тўла олади. Инсон ўз ризқини емаслигини ёки унинг ризқини бошқа биров еб қўйишини тасаввур қилинмайди.

و الله يضل من يشاء و يهدى من يشاء

Аллоҳ таоло кимни хоҳласа, адаштиради ва кимни хоҳласа, ҳидоят қилади.

(Ҳидоят ва залолат Аллоҳ таолодандир. Банданинг хоҳиш-истаги эмас, Аллоҳнинг хоҳиш-истаги амалга ошади. У хоҳлаган кимса ҳидоятга етишади, У хоҳламайдиган бўлса, банда залолатда қолиб кетаверади.).

و ما هوالاصلح للعبد فليس ذلك بواجب له على الله تعالى

Банда учун салоҳиятли (яъни, фойдали ва манфаатли) бўлган нарса, бас, мана шуни Аллоҳ таолога унинг учун (банда учун) қилиши вожиб эмас.

(Аллоҳ таолога ҳеч нарса вожиб эмас. У бандаларига яхшилик қилиши ҳам вожиб эмас. Мўътазилийлар Аллоҳ таоло бандаларига яхшилик қилиши вожиб, дейдилар. Шунинг учун яхшиликни фақат Аллоҳдан, деб ёмонликни ўзларидан ёки шайтондан кўрадилар. Аслида, яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам яратувчиси Аллоҳдир. Бандага қилинган ёмонлик, зулму ситам, унинг гуноҳ ишларга рўпара бўлиши – буларнинг ҳаммасининг оқибатида хайр, ҳикмат ва бирорта фойда бўлиши мумкин. Аллоҳнинг барча ишлари ҳикмат ва адолатдан холи эмас.).

 و عذاب القبر للكافرين و لبعض عُصاة المؤمنين و تنعيم اهل الطاعة فى القبر و سؤال منكر و نكير ثابت بالدلايل السمعية

Кофирлар ва мўъминларнинг баъзи осийлари учун (Аллоҳ таолонинг ўзи билган ва ирода қилган нарсалари билан) қабр азоби, қабрда тоат аҳлининг неъматланиши ҳамда Мункар ва Накир (деган икки фаришта)нинг савол бериши (Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларидан) эшитилган далиллар ила собитдир, бўлиши муқаррардир.

 و البعث حق و الوزن حق و الكتاب حق و السؤال حق و الحوض حق و الصراط حق و النار حق و الجنة حق و هما مخلوقتان و موجودتان باقيتان لا تفنينان و لا يفنى اهلهما

Қайта тирилтириш ҳақиқатдир, (амалларни) ўлчаш ҳақиқатдир, (Аллоҳ таолонинг хоссатан ўзи) савол бериши ҳақдир, ҳавз(и кавсар) ҳақдир, сирот (ва ундан бандаларнинг ўтиши) ҳақдир, дўзах ҳақдир, жаннат ҳақдир. Иккови (ҳозирда) яратилган ва мавжуд бўлган, боқий бўлган, фоний бўлмайдигандир. Икковининг аҳли ҳам (яъни, икковидаги хизматчи фаришталар ва кейинчалик уларга тушадиган жаннатий ва дўзахий кимсалар ҳам) йўқ бўлмайди.