Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ақидапарастлик ғояларидан ёшларни асрайлик!

Ақидапарастлик ғояларидан ёшларни асрайлик!

“Бугунги кунда, – деб ёзади И. Каримов, – ёшларимиз нафақат ўқув даргоҳларида, балки радио-телевидение, матбуот, интернет каби воситалар орқали ҳам ранг-баранг ахборот ва маълумотларни олмоқда. Жаҳон ахборот майдони тобора кенгайиб бораётган шундай бир шароитда болаларимизнинг онгини фақат ўраб-чирмаб, уни ўқима, буни кўрма, деб бир томонлама тарбия бериш, уларнинг атрофини темир девор билан ўраб олиш, ҳеч шубҳасиз, замоннинг талабига ҳам, бизнинг эзгу мақсад-муддаоларимизга ҳам тўғри келмайди”.

Қайд этилган фикрлар ҳозирги даврда инсон ҳаётида ахборот ва билимлар хилма-хиллигининг ўрни ва аҳамиятини янада чуқурроқ англашга хизмат қилади. Шу билан бирга, билимлар мафкуравий иммунитет тизимининг асосий ва биринчи унсури ҳисобланишини ҳам қайд этиш лозим. Аммо билимлар кўп. Диний экстремизм ва терроризм тарафдорлари ҳам муайян “билим”ларга таянадилар ва уни омма онгига сингдиришга ҳаракат қиладилар. Демак, мафкуравий иммунитет тизимидаги билимлар объектив бўлиши, воқеликни  тўғри ва тўлиқ акс эттириши, инсон маънавиятининг бойиши ва  жамият тараққиётига хизмат қилиши  лозим. Бу, бир томондан. Иккинчи томондан, бу билимлар ўз моҳият эътиборига кўра, Ватан, миллат, инсоният манфаатлари билан узвий боғлиқ бўлмоғи керак. Фуқароларимизнинг асл ислом ҳақида холис ва етарли билимга эга бўлишлари диний экстремизмга қарши иммунитетни шакллантиришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда, Республикамизнинг биринчи президенти И.А. Каримов сўзлари билан айтганда, ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм ва эгоцентризм, мутаассиблик ва ақидапарастлик ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг миллий ва диний анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган таҳдидлар тобора хатарли тус олмоқда. Бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашиш ҳаётий-амалий аҳамият касб этмоқда.

Шу нуқтаи назардан қараганда, мафкуравий иммунитет тизимида унинг иккинчи асосий унсури – олинган билимлар замирида шаклланадиган баҳолар, қадриятларнинг ўрни беқиёсдир. Билимлар қанчалик холис ва чуқур бўлса, унинг замирида юзага келган баҳолар, қадриятлар ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади. Бир сўз билан айтганда, қадриятлар тизими мафкуравий иммунитетнинг имкониятларини белгилаб беради ва мафкуравий инфекциялар йўлида мустаҳкам қалқон бўлиб хизмат қилади.

Қайд этилган мулоҳазалар асл ислом ҳақида муайян билимларга эга бўлиш, унинг байроғи остида тақдим этилаётган ғоялар, қарашлар ва ҳаракатларни тўғри баҳолаш, уларнинг моҳиятан исломий қадриятларга бутунлай зид эканини англаб етишга хизмат қилади, деган хулосани чиқариш имконини беради. Билимлар ва қадриятлар тизими эса мафкуравий иммунитетнинг шаклланишида омил бўлиб қолаверади.  Мафкуравий иммунитетнинг учинчи муҳим унсури ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий-маърифий соҳалардаги мўлжал ва мақсадлар тизими билан боғлиқ. Ана шундай аниқ тизим бўлмас экан, хоҳ алоҳида инсон, хоҳ миллат ёки жамият бўлсин, гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишдаги ақидапарастлардан келадиган зарарларига бардош бериши амримаҳолдир.

Ақидапарастлар зарарларидан сақланиш учун, ёт ғоялар кириб келишининг олдини олиш ва уларни йўқотишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини ўз ичига оладиган мафкуравий профилактиканинг ўрни катта. У ижтимоий институтлар томонидан хилма-хил шаклларда амалга ошириладиган ғоявий-тарбиявий, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий ишлар мажмуини, тўғри ташкил этилган бутун тарбия тизимини қамраб олади.

Бугунги кунда мамлакатимизда миллий ғоя руҳи билан йўғрилган ана шундай тарбия тизими яратилди. Уни доимий такомиллаштириб бориш ва давр даъватларига ҳозир жавоблигини таъминлаш эса, ҳар биримиз ва ҳаммамизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади.

Шундай экан, вояга етаётган ҳар бир ёш авлодни кучли мафкуравий иммунитет ва юксак маънавиятга эга шахс сифатида тарбиялаш озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаётни таъминлашимизнинг асосий шартларидан бири бўлиб қолаверади. Марҳум Юртбошимиз сўзлари билан айтганда, “…халқ — бамисоли улуғ ва шарафли йўлдан илгарилаб бораётган улкан карвон. Уни йўлдан чалғитишга уринувчилар, пайт пойлаб орқасидан ҳамла қилувчилар ҳамиша бўлган, бундан кейин ҳам бўлиши мумкин. Карвон бехатар бўлмас, деган гап бежиз айтилмаган. Аммо халқ карвонини ҳеч қандай куч ортга қайтаролмайди. Нега деганда, халқнинг қалбида не-не авлодлардан мерос енгилмас куч — маънавият бор”.

                 Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
                   3-курс талабаси Саиджалолов Раҳматулло тайёрлади