Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ақидада адашмайлик

Ақидада адашмайлик

 «Ақийда» сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг кўплик шакли «ақоид» бўлади. Ислом ақидаси ҳар доим инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуидан иборатдир. Киши одатда бирор нарсага эътиқод қилиши учун унинг моҳиятини аъло даражада билиши керак. Акс ҳолда ақида борасида чалкашлик ва хатоликлар келиб чиқиши табиий. Бунинг учун маърифат зарур. У онгимизда мустаҳкам қарор топсагина, эътиқодимиз мусаффо бўлади. Демак, ақида илмга асосланган бўлиши лозим. Аслини олганда, барча нарсанинг туб маъносини англашда илму маърифатга муҳтожлигимиз кундан-кун сезилиб туради. Бинобарин, динда ҳар доим ҳам ихлоснинг ўзи кифоя қилмайди. Илмсиз нажот топаман деган кишилар адашади.

    Дарҳақиқат, ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат ва риёзат қилса ҳам, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай наф бермайди. Шунингдек, ақида нотўғри танланса, бунинг оқибати янада ёмон бўлади. Динда ғулувга кетиш ҳам шулар жумласидандир. Диндаги ғулувнинг энг ёмони – етарли шаръий илми бўлмаган ҳолда Қуръони карим ва ҳадисдан ўзича ҳукм олиш, суннатга ўзича амал қилиш, аҳли суннатда мавжуд тўрт мазҳабдан бирортасини ҳам эътироф этмасликдир. Буларнинг бари кишининг залолатига сабаб бўлади.                                                                                                        

    Ғулувдан сақланиш борасида Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, деб уч марта айтганлар. Шунингдек, у зот умматни огоҳлантириб бундай деганлар: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиши сабабли ҳалокатга учради” (Ибн Можа ривояти).

    Бундан билинадики, мусулмон киши шариатда буюрилмаган турли ибодатларни ўзича кўпайтириб олиб, белгиланган меъёрга риоя қилмасдан ҳаддан ошириб юбормасин. Ғулув диннинг кушандаси экани аниқ манбаларда қайд этилган.

  Буни билиш учун албатта илм керак. Инсон аввало тўғри йўл қайсилигини билиб олмоғи лозим. Шунинг учун шариатимиз илмга буюрган.  Биз ватанимиз тинчлиги, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигини ўйласак, кўпроқ ўқишимиз, виждонни поклаб, комилликка интилишимиз зарур. Шунингдек, аҳил ва иноқ бўлишимиз, бир-биримизга манфаат етказишимиз, бир ёқадан бош чиқариб, мустақил юртимизни турли ёт ғоя ва бузғунчи кучлардан кўз қорачиғимиздек асраб-авайлашимиз даркор.

Ғиёсиддин ТОЖИМИРЗАЕВ,
Учқўрғон тумани “Байтул Муқаддас” жоме
 масжиди имом-хатиби