Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Закот – улуғ ибодат

Закот – улуғ ибодат

Закот улуғ ибодатлардан бўлиб, Ислом динининг устунларидан бири ҳисобланади. Закот берувчи инсон – молини поклаган ва Аллоҳ таоло ўзига ато этган бойлик неъматини шукрини адо қилган бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло закот берувчининг молига хайр ва барака ато этади.

Закот Ислом дининг учинчи рукни ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом беш нарсага бино қилингандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш”, дедилар.

Аллоҳ таоло Қуръони оятларида закотни адо қилувчиларни мадҳ этади: “Ва китобда Исмоилни эсла. Албатта, у ваъдасига содиқ ҳамда Расул ва Набий бўлган эди. У аҳлини намозга ва закотга буюрар эди”[1].

Аллоҳ таоло кўп оятларда закотни энг улуғ ибодат бўлган намоз ила ёнма-ён зикр қилади: “Намозни қоим қилинг, закот беринг, ўзингиз учун қилган яхшиликларни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз. Албатта, Аллоҳ қилаётганингизни кўрувчи Зотдир”[2]. Бу ҳам закот ибодатининг Роббимиз ҳузурида даражаси нақадар улуғ эканини англатади.

Закотнинг шаъни улуғлигидан, Аллоҳ таоло биздан аввал ўтган умматларга ҳам ушбу ибодатни амр қилган: “Уларга яхшиликлар қилишни, намозни тугал адо этишни ва закот беришни ваҳий қилдик. Улар Бизга ибодат қилгувчи бўлдилар”[3].

Аллоҳ таоло закотни адо қилмайдиганларни қоралаб, ишларининг оқибати ҳалокат бўлишидан огоҳлантиради: “Мушриклар ҳолига вой бўлсин. Улар закотни адо этмаслар ва улар ўзлари охиратга куфр келтиргувчилардир”[4]. Бошқа бир оятда эса шундай марҳамат қилади: “Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер”[5].

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, закотни адо этган мўмин диннинг рукнларидан бири бўлган улуғ ибодатни бажариш билан мол неъматининг шукрини адо этган, Роббисига қурбат ҳосил қилган, улуғ ажрга эга бўлган, гуноҳлари мағфират этилган, сахийлик сифатига эга бўлган, моли баракотли бўлган, бир инсоннинг мушкулини осон қилган, бир мискиннинг кўнглини шод этган бўлади.

Аллоҳ таоло барчалармизни саховатли мўминлардан бўлмоғимизни насиб этсин!

“Ўрта маҳалла” жоме масжиди имом-хатиби Шавкат Соҳибжон


[1] “Марям” сураси 54-55 оятлар

[2] “Бақара” сураси 110 оят

[3] “Анбиё” сураси 73 оят

[4] “Фуссилат” сураси 6-7 оятлар

[5] “Тавба” сураси 34 оят

[carousel-horizontal-posts-content-slider]