Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Оммавий хатарлар. Таҳдидлар. Муаммолар. Ечимлар (иккинчи мақола)

Оммавий хатарлар. Таҳдидлар. Муаммолар. Ечимлар (иккинчи мақола)

«Оммавий маданият» тушунчаси борасида турли тилларда мақола ва китоблар чоп этилган. Бу борадаги изланишлардан сўнг ушбу тушунча ҳақида умумий хулоса чиқаришга ҳаракат қилдим. Оммавий маданият – инсонларнинг хоҳлаганини қилиш, барча нарсага қаршилик кўрсатиш ва бошқалардан кескин фарқ қилишга тарғиб қилувчи тушунчадир.

Оммавий маданият борасида ўзбек тилида чоп этилган маълумотларни ўқир эканман кўпчиликнинг фикрида кийиниш маданиятига тегишли деб хулоса қилинишига дуч келдим. Тўғри, оммавий маданият тарғиботчилари одатдагидан кўра бошқача кийинишга чақириши, юриш-туриш ва ташқи кўринишда бошқалардан фарқли бўлишга интилиши бор ҳақиқат. Лекин фақат кийиниш маданиятигагина таъсир ўтказиб, шу борадагина чекланиб қолганида у қадар хавфли бўлмас эди. У бир эмас, бир қанча кўринишларда намоён бўлади ва унинг таъсирини жамиятнинг турли соҳаларида учратиш мумкин. Оммавий маданиятнинг жинсий эркинликка тарғиб қилиши унинг асосий хатарларидан биридир. Бу маъно психологияда «Сублимация» деб аталади. ХХ аср бошларида сублимация тушунчасини психоаналитик З. Фрейд илгари сурган. (Зигмунд Фрейд (1856-1939), австриялик невролог ва психолог бўлиб психоаналитикага асос солган. (ЎзМЭ)) Унинг хулосаси шуки, инсон ўзи хоҳлаган шаҳвоний ҳиссиётини қондирмайдиган бўлса бу унга салбий таъсир кўрсатади. Инсондаги овқатга бўлган эҳтиёжи каби шаҳвоний эҳтиёжлар қондирилмаса оч қолиш зарар қилгани каби у ҳам организмга зарар қилади. Бундай фикр юритиш жамиятнинг бузилишига, миллий қадриятларнинг йўқолишига олиб боради. Натижада, бутун бир миллат заволга юз тутади. Бу эса жуда катта йўқотишдир.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, оммавий маданият жуда кўп соҳаларга сизиб кирган ва уларда ҳам ўз йўналишини эгаллаган. Бунга, мусиқа соҳасида жазавага тарғиб қилувчи рок мусиқалар, бутунлай шаҳвоний ҳазллардан бошқасини билмайдиган ҳажвия усталари, енгил табиатликка чорлайдиган, юксак инсоний туйғуларни нафсоний ғаризага айлантиришга тарғиб этувчи медиа тарғиботи ва бошқаларни мисол қилишимиз мумкин. Минг афсуски, жамиятимизга эътибор билан назар ташлайдиган бўлсак, юқоридаги мисоллар орамизда ҳам учрамоқда. Айниқса, жамиятнинг камчиликларини, унинг муаммоларини аччиқ ҳажвиялар орқали кўтариб чиқиши керак бўлган баъзи қизиқчилар ўзлари билмаган ҳолда оммавий маданиятни тарғиб қилаётганлари ва фақат «белдан пастки» ҳазилларга ўтиб кетганлари аянчли ҳолдир. Бу нарса эса миллатимиз илдизига урилган болта вазифасини бажариши ҳеч кимга сир эмас.

Кийиниши, фалсафий қарашлари ва ташқи кўриниши билан ажралиб турадиган оқимлардан бири бу «Ҳиппи субмаданиятдир». (Субмаданият лотинча: суб — «ост» ва маданият, жамиятшунослик ва маданиятшунослик атамаси бўлиб, жамият маданиятининг кескин фарқланувчи бир қисмини англатади.) Ҳиппи сўзи инглиз тилидан олинган бўлиб «урф» маъносини англатади. Бу оқим 1960 йилларда АҚШда пайдо бўлган. Ҳиппичилар юриш-туриши, ўта жазавали рок мусиқаларга ишқибозлик қилиши, ранг-баранг кийиниб, соч ўстириши билан бошқалардан ажраб туради, аммо уларнинг асосий зарарли тарафлари бунда эмас. Уларнинг энг хавфли ғояси бу енгил гиёҳвандлар таъқиқини олиб ташлаш ва шаҳвоний инқилобга чақиришларидир. Кийиниши ва юриш-туришида айни оқимнинг рамзларига билиб-билмай эргашиб юрган баъзи ёшлар уларнинг фалсафий қарашларига ҳам эътибор қилишса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Масалан, ора-сира машиналарга жимжимадор ҳарфлар билан битиб қўйилган «My life… My rules» (Менинг ҳаётим – менинг қоидаларим) жумласига кўзимиз тушади. Аслида, қайсидир маънода чиройли сўзлар, лекин унинг асл маъноси ва кимлар қўллаганини ҳеч суриштириб кўрганмисиз?

1970 йилда АҚШда ўтказилган бесоқолбозларнинг энг аввалги намойишларидан бирида уларнинг шиори шу сўзлар бўлган. Улар айни шу ва шу каби ёзувлар билан бесоқолбозликка бўлган таъқиқларни олиб ташлаш талабини олдинга суришади. Шундай экан, бу борада бироз ўйлаб кўрилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Доктор Мустафо Маҳмуд «Руҳ ва жасад» номли китобида бу ҳолатга қуйидагича таъриф беради:

«Ғазаб, рад қилиш, шикоят ва ҳамма нарсага қарши норозилик бугунги ёшлар модасига айланди. Норозилик аҳёнда оталарга қарши, гоҳида ҳукуматга қарши, баъзида ижтимоий низомга, коинотнинг ҳаммасига қарши, айрим ҳолларда эса Аллоҳ таолога қарши бўлмоқда.

«Йўқ» калимаси ҳаммага нисбатан ишлатилмоқда. Муаммо бўлса ҳам, бўлмаса ҳам. Мақсадли ва мақсадсиз. Энди покизаликка, қадрият ва ахлоққа, ишлаш, бурч, масъулият ва тартибга ҳам «йўқ!», дейилмоқда.

Радикал «Йўқ!»нинг янги намунаси – хиппичилар жамоаси ҳисобланади. Улар кўча-кўйда ҳам жинсий алоқада бўладилар, ҳам жинсбозликка мойил. Бир шиша пиво илинжида тиланчилик қиладилар, ҳамма иш ташлашда қатнашадилар, ҳамма намойишда қичқирадилар ва ҳамма нарсага тупурадилар. Улар ўзларини озодлик қалдирғочлари, илк инсоният қафасидан чиқа олганлар деб тасаввур этадилар.

Дарҳақиқат, улар амалда инсоният қафасидан чиққан ва маймунлар қафасига кириб олган махлуқлардир» (Мубашшир Аҳмад таржимаси.)

Беҳаёлик оммавий маданиятнинг ажралмас қисмларидан биридир. Хусусан, беҳаё видео ва суратларнинг тарқалиши ушбу «маданият» тарафдорлари томонидан эркин қабул қилинади. Бу эса уларнинг умуминсоний қадриятларни умуман писанд қилмасликларини билдиради. Чунки, соғлом ақл эгалари беҳаёликка мойилликни «Порнографияга қарамлик» касаллиги сифатида баҳoлашади. Порнография – юнон тилидан олинган бўлиб, porne – «фаҳш» ва grafo – «ёзаман» сўзларидан ташкил топган. У томошабин ҳирсини қўзғатиш мақсадида жинсий органлар ёки жинсий алоқани тасвирлаш маъносини англатади. (ЎзМЭ, муаллифлар жамоаси, «П» ҳарфи.)

Замонамиз ёшлари орасида урчиб бораётган бу иллат борасида журналист, социолог ва психологлар бир қанча йирик тадқиқотлар олиб боришган. Улардан қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:

– Порнографияга мойиллик руҳий касаллик саналади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) жинсий ҳаракатларнинг ноихтиёрий бузилишини тан олинган руҳий бузилишлар қаторига қўшган. Британиядаги хусусий шифохоналар уларга бу борада йилига минглаб беморлар мурожаат қилишини айтишади. Баъзи психологлар буни гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолишга ўхшатишади.

– Мия фаолиятининг бузилишига сабаб бўлади. Беҳаё фильмларга қарамлик инсоннинг ақлий фаолиятига таъсир ўтказади, хотира сустлашуви, маълумотларни таҳлил қила олиш ва фикрни бир жойга жамлаш қобилиятининг заифлашишига олиб боради.

– Оиланинг мустаҳкамлик асосларини емиради ва муаммоларни келтириб чиқаради. Беҳаё фильмларга қарамлик инсонларни оилавий муносабатларда беқарорлик, турмуш ўртоғини менсимаслик каби ҳолатларга олиб боради ва кўпинча бундай жараёнлар ажрим ҳолатлари билан якун топади.

– Турли хил зўравонликларга сабаб бўлади. Америкалик социологлар олиб борган тадқиқотлар натижасида зўравонларнинг деярли ярми ўз зўравонликларини амалга оширишдан олдин беҳаё фильмларни кўришгани маълум бўлди. Доктор Браянт ўз кузатувларидан аниқлашича, порнография қарамига айланган инсонларда аёлларга нисбатан шафқатсиз муносабат шаклланади ва бу эса ўз навбатида, зўравонликларга олиб боради.

(Давоми бор)

Ангрен шаҳар бош имом-хатиби Яҳёхон Бобохонов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan