Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Сиз ким билан ҳамроҳсиз?..

Сиз ким билан ҳамроҳсиз?..

Маълумки, бирга ҳамсуҳбат бўлган кишининг суҳбатдошига таъсири бўлади. Агар у тўғри йўлдаги эзгу инсон бўлса, ўзининг ҳамроҳига ижобий таъсир кўрсатади. Аксинча, ахлоқсиз беодоб бўлса, ҳамроҳига салбий таъсир кўратади ва уни ҳам тўғри йўлдан чиқаради. Бу хусусда Ислом дини таълимотларида етарлича кўрсатмалар келган.   

وَيَوْمَ يَعَضُّ الظَّالِمُ عَلَى يَدَيْهِ يَقُولُ يَا لَيْتَنِي اتَّخَذْتُ مَعَ الرَّسُولِ سَبِيلاً، يَا وَيْلَتَى لَيْتَنِي لَمْ أَتَّخِذْ فُلاناً خَلِيلاً،لَقَدْ أَضَلَّنِي عَنِ الذِّكْرِ بَعْدَ إِذْ جَاءَنِي وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِلْإِنْسَانِ خَذُولاً

«У кунда золим қўлларини (бармоқларини) тишлаб (пушаймон қилиб), дер: «Эҳ, қани эди, мен ҳам пайғамбар билан бирга бир йўлни тутганимда! Ҳолимга вой! Кошки эди, фалончи (гумроҳ)ни дўст тутмаганимда! Аниқки, менга эслатма (Қуръон) келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди. (У кунда) шайтон (ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўювчидир» (Фурқон сураси, 27-29-оятлар).

Муфассир уламолар ушбу ояти Кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида ушбу воқеани келтирадилар. Убай ибн Халаф ибн Ваҳб ибн Ҳузофа ибн Жумаҳ ва Уқба ибн абу Муъайт жуда қалин дўст бўлиб, бир-бирларини яхши кўрар эдилар. Уқба бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида ўтириб даъватларига қулоқ тутди. Бу эса Убайнинг қулоғига етиб борди. У Уқбанинг олдига келиб: «Сен Муҳаммаднинг ҳузурида ўтириб унга қулоқ тутганинг ростми?» – деб сўради. Сўнгра яна: «Агар унинг ёнига ўтирсанг ёки унга қулоқ тутсанг-у, бориб юзига тупурмасанг, бундан кейин сен билан асло гаплашмаганим бўлсин?!» – дея жуда қаттиқ қасам ичди. Шунда Аллоҳнинг душмани Уқба ибн Абу Муъайт бу қабоҳатни қилди. (Унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин). Аллоҳ у иккиси ҳақида шу оятни туширди.

Қиёмат куни золим, ўзининг залолати ва ҳақ йўлдан тойилишига сабаб бўлган гумашталар билан йўлдош бўлгани учун афсус чекади.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَن النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَثَلُ الْجَلِيسِ الصَّالِحِ وَالسَّوْءِ كَحَامِلِ الْمِسْكِ وَنَافِخِ الْكِيرِ؛ فَحَامِلُ الْمِسْكِ إِمَّا أَنْ يُحْذِيَكَ, وَإِمَّا أَنْ تَبْتَاعَ مِنْهُ, وَإِمَّا أَنْ تَجِدَ مِنْهُ رِيحًا طَيِّبَةً, وَنَافِخُ الْكِيرِ إِمَّا أَنْ يُحْرِقَ ثِيَابَكَ, وَإِمَّا أَنْ تَجِدَ رِيحًا خَبِيثَةً

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Яхши ҳамроҳ ва ёмон ҳамроҳнинг мисоли хушбўй атир сотувчи ва темирга дам урувчи кабидир. Хушбўй атир сотувчи ё сенга хушбўйлик суртиб қўяди ё ундан хушбўйлик сотиб оласан ё ундан келаётган хушбўй ҳиддан баҳра оласан. Темирга дам урувчи эса ё кийимингни бир четини куйдириб қўйиши мумкин ё ундан қўланса ҳид келиб туради” (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Инсонлар бир-бирлари билан аралашиб юриш, ўзаро ҳамроҳ бўлиш, ижтимоий алоқаларни йўлга қўйишга моил қилиб яратилганлар. Зеро, Аллоҳнинг илоҳий ҳикмати шуни тақозо этади. Ўзаро ҳамкорликларнинг инсонни фикрлаши, одоб-ахлоқи, ҳаёт тарзида яққол таъсири бўлади. Бу эса кўп ҳолларда инсонни дунё ва охиратда саодат қозонишига сабаб бўлади. Бунга Қуръонда, ақлда ва воқеликда кўп мисолларни кўриш мумкин.

Нававий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Ушбу ҳадиси шарифда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши ҳамроҳни хушбўй атир сотувчига, ёмон ҳамроҳни эса темирга дам урувчига ўхшатдилар. Унда солиҳлар, эзгулик, мурувват, гўзал ахлоқ, тақво, илм ва одоб аҳли билан бирга бўлишнинг фазилати бор. Ахлоқсизлар, бидъат аҳли, инсонларни ғийбат қиладиган, йўлдан озган, ярамас кишилар билан ҳамроҳ бўлишдан қайтарилган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар.

1) Эзгулик, мурувват, гўзал ахлоқ, тақво, илм ва одоб аҳли билан бирга бўлишнинг фазилати бор. Ахлоқсизлар, бидъат аҳли, инсонларни ғийбат қиладиган, йўлдан озган, ярамас кишилар билан ҳамроҳ бўлиш динимизда қайтарилган.

2) Яхшиларнинг баракаси ва уларнинг устига тушаётган раҳмат уларга ёндошган кишини ҳам қамраб олади. Солиҳлар билан бирга бўлган киши ҳеч қачон шақоватга юз тутмайди.

3) Инсонларнинг бир бирига таъсири. Киши ўзининг дўстини динида бўлади. Киши дўстининг кимлигига назар солсин!

4) Мўмин мўмин учун ойнадир. Агар унда бирор камчиликни кўрса, ислоҳ қилади. Махфий ва ошкора равишда дўстини муҳофаза қилади.

5) Солиҳларга қарашнинг ўзи Аллоҳни ёдга солади. Доим улар билан бирга бўлган инсонлар ҳақида қандай фикрда бўлиш мумкин.

6) Солиҳлар зийнатдир. Улар фаровонликда самимий дилкаш дўстдир. Оғир кунда қурол. Дуолари сабабли вафотларидан кейин заҳирадир.

7) Солиҳлар билан бирга бўлиш, Аллоҳнинг мухаббатига сазовор бўлишга сабаб бўлади.

وجبت محبتي للمتحابين في والمتجالسين في

«Мен учун бир-бирларини яхши кўрганларга Менинг муҳаббатим вожиб бўлди. Мен учун бир-бирларига насиҳат қилувчиларга Менинг муҳаббатим вожиб бўлди. Мен учун бир-бирларига инфоқ-эҳсон қилганларга Менинг муҳаббатим вожиб бўлди. Улар нурдан бўлган минбарларда бўладилар, пайғамбарлар, шаҳидлар ва сиддиқлар уларга ҳавас қиладилар» (Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривояти,

8) Ёмон ҳамроҳлар ва ахлоқи бузуқ кишиларлан йироқ бўлиш лозим.

 

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби
Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади