Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Сохта пайғамбарлик даъвоси – каззобликдир!

Сохта пайғамбарлик даъвоси – каззобликдир!

            Ислом дини аёлларни ҳурмат-эҳтиром қилишни ибодат даражасига кўтарган диндур. Айниқса, онанинг ўрнини жуда юксак мартабага кўтардиким, бунда бутун инсониятга улкан ибрат, намуна, намузаж бордур. Қуръони каримда “Нисо” (Аёллар) сурасининг мавжудлиги, “Фотиҳа” сурасининг “Уммул Қуръаан” (Қуръонинг онаси) дейилиши, Макка шаҳрининг “Уммул қуро” (Қишлоқлар онаси) дейилишида ҳам катта ҳикмат ва ибрат бордир. Ислом дини аёллар, оналар даражасини эркаклар ва оталар билан тенг қилди, ҳаттоки, айрим масалаларда улардан ҳам устун қилди. Бунда ҳам, илм эгалари, ақл эгалари, фикр юритувчи инсонлар учун беқиёс эслатма, ўгит, тавсиялар бордир.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган ҳар бир хабар шахс онгига ва ҳаттоки, бутун жамият кайфиятига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Уларнинг орасида инсонни фикрлашга, мушоҳада қилишга ундамайдиган, аксинча, ўқувчининг руҳиятига салбий таъсир этадиган, толиқтирадиган, енгил-елпи, одамларнинг вақтини ўғирлайдиган, бўлмағур хабарлар ҳам учрамоқда.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда куйлагини ечиб қўлига олиб юрган бир одамнинг (у телба бўлса керак) пайғамбарман, деб ҳайқираётгани тасвирланган видео тарқалди. Ундан аввал эса “учар ликопча” ҳақидаги ҳикоя билан кишиларнинг диққати чалғитилган эди.

Аслида илму маърифат ривожланган бугунги даврда кишиларнинг вақтларини олиб, шундай лавҳаларни тарқатиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Аммо бундай хабарларнинг кенг аудиторияга эга бўлган нуфузли ижтимоий тармоқлар юритувчилари томонидан ҳам тарқатилаётгани жуда ажабланарли.

Динимиз таълимотига кўра, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам набийларнинг сўнггисидирлар. Аллоҳ таоло: “Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир”, дея хитоб қилган (Аҳзоб, 40).

Ушбу оятга кўра, кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин яна пайғамбар чиқади деб айтса, эътиқод қилса, кофир бўлади. Чунки у мазкур оятни инкор қилган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг сўнгги пайғамбар эканини тан олмаган бўлади.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «…Келажакда умматимда ўттизта каззоб бўлур. Уларнинг ҳар бири ўзининг набийлигини даъво қилур. Ҳолбуки, мен набийларнинг хотими-тугатувчисиман. Мендан кейин набий келмас», дедилар» (Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган). Ўз навбатида айтиш керакки, «каззоб» сўзи арабча сўз бўлиб, «казаба», яъни «ёлғон гапирмоқ» феълидан олинган. Бу сўз «кўп ёлғон гапирувчи», «ўта кетган ёлғончи» маъноларини ифода этади.

Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибди, Набий алайҳиссаломдан кейин ҳеч қандай пайғамбар чиқиши мумкин эмас. Борди-ю, кимдир пайғамбарлик даъво қилса, у барча мўминлар томонидан ёлғончи дея инкор этилади. Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайғамбарлик даъвоси билан чиққан Мусайлама, Асвад Анасий ва Сажоҳга қарши жанг қилганлар.

Бундан ташқари, “учар ликопча” ҳикояси орқали асли йўқ, бўлмаган нарсалар билан инсонларни алдаш ёки чалғитиш ҳам катта гуноҳ эканини англаш керак.

Шу ўринда яна бир нозик масала бор. Юқоридаги каби бўлмағур хабарларни бўяб-бежаб тарқатаётганлар бир нарсани яхши англаб олсинлар. Ҳар бир воқеа-ҳодисани оммага кўрсатиш ҳамиша ҳам тўғри бўлавермаслигига инсоннинг ўз фаросати етиши керак. Бу ҳақда Алишер Навоий ҳазратлари «Маҳбуб-ул-қулуб» асарида шундай деганлар:

«Оқил чиндин ўзга демас, аммо барча чинни ҳам демак оқил иши эмас…»

Демак оқил одам фақат рост сўзлайди, аммо рост сўзни ҳам ўз ўрнида гапиради. Ҳазрат Навоийнинг бу сўзлари шунчаки сўзлар эмас. Балки, одам боласининг сўз айтиш, хабар тарқатиш ва маълумот етказишда аслида қайси йўлдан бориши кераклиги ҳақидаги энг гўзал кўрсатмадир.

Ҳақ таоло ўқийдиган ва тарқатадиган нарсаларимиз икки дунёга фойдали бўлишини насиб айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати