Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Араб давлатлари иттифоқининг саммити минтақадаги энг долзарб масалаларни муҳокама қилади

Араб давлатлари иттифоқининг саммити минтақадаги энг долзарб масалаларни муҳокама қилади

18 январь куни Байрутда Араб давлатлари иттифоқининг (АДИ) саммити ўз ишини бошлади. Унда араб оламидаги умумий иқтисодий ва ижтимоий лойиҳалар кўриб чиқилиши назарда тутилган. АДИ Сурия масаласини муҳокама қилмоқчи эмас. Чунки Сурия саммитда иштирок этмаслигини маълум қилди. АДИнинг иқтисодий саммитига таклиф олган бўлсада, Сурия бу таклифни рад этди. Бу ҳақда Суриянинг Ливандаги элчиси Али Абдулкарим Ливаннинг Аl-Mayadeen телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, АДИ “Дамашққа нисбатан қилган хатоларини тўғрилагани йўқ”.

Эслатиб ўтамиз, Суриянинг АДИга аъзолиги 2011 йилда мамлакатда бошланган фуқаролик уруши сабаб музлатиб қўйилган эди. Ана шу пайтдан бери АДИнинг ташкилотчи-давлатларидан бири бўлган Сурия ташкилотнинг ишида иштирок этмаяпти.

Ўз навбатида, ташкилот ҳам Дамашқ делегациясининг йўқлиги сабаб, Суриянинг АДИ аъзолигига қайтиши масаласини кун тартибига қўймади. Ҳолбуки, охирги вақтларда бир қанча араб мамлакатлари, масалан, Миср, Тунис ва бошқалар Суриянинг аъзолигини тиклаш зарурлигини таъкидлаётган эди.

АДИ иқтисодий саммитининг очилиш маросимида чиқиш қилган ташкилот бош котиби Аҳмад Абул Хайтнинг фаластин-исроил можароларининг аҳамияти араб давлатлари учун охирги йилларда пасайгани, ҳозирги кунда араб олами курашиши лозим бўлган янада муҳимроқ масалалар борлиги ҳақидаги фикрлари баъзиларнинг эътирозига сабаб бўлди. Мисол учун, ливанлик сиёсатшунос Қосим Касир АҚШ президенти томонидан Қуддус Исроил пойтахти деб эълон қилинганда, барча араб диёрларининг фуқаролари норозилик намойишлари учун кўчаларга чиққанлигини эслатиб ўтди, бу эса фаластин-исроил можаролари – минтақадаги энг муҳим масалалардан бири эканлигидан далолат беришини таъкидлади. Фаластин маъмуриятининг собиқ ташқи ишлар вазири Набил Шаат эса, АДИ бош котибининг сўзларини тўғри қабул қилганлигини айтди. У, ўз навбатида, АҚШнинг Сурия, Ироқ ва Ливияга етказган жиддий талофатларини эслатиб, араб мамлакатлари бу борада ҳал қилиниши кечиктириб бўлмайдиган масалаларга тўқнаш келганлиги ҳақида фикр юритди.