Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Азон калималари ҳақида

Азон калималари ҳақида

Азонни нотўғри талаффуз қилиш ҳаром, қасддан хато айтилганда эса куфр хавфи бор

Оиша розияллоҳу анҳо азон айтилган чоғда қўлларидаги ишни қўйиб, азонни тинглар эдилар. У зоти шарифадан бунинг сабабини сўралганида қуйидагича  жавоб бердилар:

“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Азон айтилганда уни тингламасдан бошқа нарсалар билан машғул бўлиш – ўша кишининг иймонида нуқсон борлигини ифодалайди”, деб айтганларини эшитганман. Шундан  сўнг қачон  азон айтилса ҳеч нарса билан машғул бўлмасдан, азонни эшитишни одат қилдим.

Буюк волийлардан Абу Ҳафс Ҳаддод роҳимаҳуллоҳ темирчилик билан шуғулланганлар. Болға кўтарган қўллари азон айтилганда кўтарилган ҳолатида қолар, то азон тугагунича туширмас эдилар. Агар болға сандам устида  бўлса, азон тугагунича уни кўтармас эдилар. Суҳбатлашаётган бўлсалар, дархол тўхтатиб, азон  тугагунича жимиб қолар эдилар.

Бир кун ушбу муборак зот вафот этдилар. Тобутни  кўтариб борилаётган чоғда минорадан муаззин азон айта бошлади. Шу онда тобут кўтарганлар бир одим ҳам юролмай, турган жойларидан қимрлай олмай қолдилар. Азон тугагач,  тобутни  кўтариш учун қувватлари ўзларига қайтди. Азонга бўлган хурматлари ва  одоблари вафот этгач ҳам у зотдан каромат сифатида кўринди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай мархамат қилдилар: “Қайси бир кимса азон овозини эшитгач, муаззин билан бирга секин овозда такрорласа, Аллоҳ айтилган азоннинг бир ҳарфига минг савоб беради  ва минг гуноҳни кечиради”.

Азон ислом динининг муҳим ибодатларидан биридир. Унга нисбатан одоб ва ҳурмат сақлаш шарт[1].

Ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Азон билан иқомат орасидаги  дуо рад этилмас” (Абу Довуд, Термизий ривояти).

Азон фазилати нақадар улуғ, муаззиннинг эса мартабаси қанчалар юқори эканлигини билдик. Бу хайр, бу барака, Азон калималарини тўғри талаффуз қилгандагина ҳосил бўлади. Қуйида Азон калималарини ўн бир жойда нотўғри талаффуз қилиш ҳаром ва қасддан айтганда  куфр хавфи бор бўлган ўринларни жадвал асосида келтирдик.

 

Азон калималарини ўнта жойда нотўғри талаффуз қилиш ҳаром ва қасддан айтилганда куфр хавфи бор бўлган ўринлар

 

Азон калималари Маънолари Хато айтишда ҳаром ва қасддан айтишда куфр хавфи бор
1. Аллоҳу акбар

(тўрт марта)

Аллоҳ буюкдир “Аллоҳу” калимасини “Ааллоҳу” деб талаффуз қилиш

“Акбар” калимасини “Акбаар” деб чўзиб талаффуз қилиш

2. Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ

(2 марта)

Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман “Ашҳаду” калимасини “Ашҳааду” деб чўзиб талаффуз қилиш.

“Ашҳаду” калимасидаги  ه ниح  харфига айлантириб талаффуз қилиш

3. Ашҳаду анна Муҳаммаддар росулуллоҳ

(2 марта)

Муҳаммад  Аллоҳнинг росули эканлигига гувоҳлик бераман “Анна” калимасини “Аннаа” деб чўзиб талаффуз қилиш
4. Ҳайя алас солаҳ

(2 марта)

Намозга келинглар, шошилинглар “Ҳайя” калимасини “Ҳайяа” деб чўзиб талаффуз қилиш.

“Ҳайя” калимасидаги ح харфини  ه га ўзгартириб талаффуз қилиш.

“Ҳайя” калимасини ташдидсиз  “Ҳая” деб талаффуз қилиш.

5. Ҳайя алал фалаҳ

(2 марта)

Нажотга келинглар, шошилинглар “Фалаҳ” калимасидаги охирги ح харфини ه  га ўзгартириб талаффуз қилиш.

“Фалаҳ” калимасини, “Афлаф” деб ўзгартириб талаффуз қилиш.

“Ҳайя” калимасини ташдидсиз  “Ҳая” деб талаффуз қилиш.

6. Аллоҳу акбар

(2 марта)

Аллоҳ буюкдир
7. Ла илаҳа иллаллоҳ Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ “Илло” калимасини “Ило” деб битта лом билан талаффуз қилиш

[2]

[1] Имоми Ғаззолий “Эй фарзанд” Т.: Мавароуннаҳр 2005 й Б29

[2] “Чаҳор китоб”, – Тошкент. С.И.Лаҳтин матбааси – 1892. 148-бет

 

 

Сирдарё тумани Пахтакор жоме масжиди
имом хатиби Улуғбек Қобилов