Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Хушхабар! Қамчиқ довонидаги ягона масжид очилди

Хушхабар! Қамчиқ довонидаги ягона масжид очилди

Маълумки, ўтган 2017 йил юртимизда барча соҳалар каби диний жабҳада ҳам оламшумул воқеаларга бой булди. Ислом цивилизацияси маркази, Олий мадраса, турли исломий фанларга асосланган мактаблар, илмий тадқиқот марказлари, Ислом академияси каби табаррук даргоҳларнинг очилиши наинки юртимиздаги, балки бутун дунёдаги мўмин-мусулмонларни хурсанд қилди. Барчамиз ушбу неъматларга қанча кўп шукрона қилсак, Яратган зиёда килиб беришига имонимиз комил. Мана бошланган милодий 2018 йилнинг бошиданоқ хайрли ишлар ҳаммамизнинг бениҳоя хурсанд бўлишимизга сабаб бўлмокда.

Бугун 2018 йилнинг 2 январь куни нафақат Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Кўксарой маҳалласи учун, балки воҳа ва водий, шунингдек, бутун Ўзбекистон аҳолиси учун қувончли воқеа содир бўлди, десак муболаға бўлмайди. Чунки Қамчиқ довонидаги ягона масжид, автомагистрал йўлнинг шундоққина юзида жойлашган “Ислом нури” жоме масжидининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

 

Масжидни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари очиб бердилар ва айнан шу масжидга меҳру-муҳаббатлари ўзгача эканлигини, шу сабабдан ушбу тадбирга шахсан ташриф буюришни истаганликларини таъкидладилар. Масжид шундай ҳудудда жойлашганки, у бамисоли чанқаган инсоннинг чанқоғини қондирувчи қудуқ кабидир. Чунки йўлдан ўтган олиму фузало, обиду зоҳид, қўйингчи, барча мўмин-мусулмонлар унда намозларини бекаму кўст адо эта оладилар.

 

2013 йилда масжидни қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бошланган эди. Масжид саховатпеша ҳомийлар ҳамда халк ҳашар йўли билан битказилди. Масжидда намозхонлар учун барча шарт-шароитлар яратилган, замонавий тарзда қурилган таҳоратхона эл хизматига шай.

Масжид очилишига бағишланган шодиёна дилларга қувонч, шодлик баҳш этди. Унда хайрли дуолар қилинди, эзгу тилаклар билдирилди.