Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Мусаффо эътиқод – осуда ҳаёт кафолати

Мусаффо эътиқод – осуда ҳаёт кафолати

Кеча 2017 йилнинг 21 декабрида Ўртачирчиқ туманидаги 5-сонли умумтаълим мактабида Тошкент вилоятида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга оид махсус чора-тадбирлар Дастурига биноан Вилоят вакиллиги ташаббуси билан семинар ташкил этилди. Ушбу семинарни ташкил этишдан мақсад, туманларнинг чекка ва чегараолди ҳудудлари аҳолисига мамлакатимизда диний жабҳа, хусусан, ислом дини равнақи йўлида амалга оширилаётган ишлар, ислом динининг асл моҳияти ҳақида маълумот бериш, шунингдек, улар билан очиқ мулоқот ўтказиб, таклиф ва мулоҳазаларини тинглашдан иборатдир. Тадбирда Ўртачирчиқ туманининг “Қайтмас” қишлоғида истиқомат қилувчи аҳоли иштирок этди.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Х.Турматов эл тинчлиги, юрт равнақи, жамият ободлиги борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишларга қарамасдан, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик, диний экстремизм ва сохта тариқатчилик, ўз жонига қасд қилиш, оилавий ажримлар каби салбий ҳолатларнинг мавжудлиги аянчли ҳол эканлиги, бу каби салбий ҳолатларнинг, айниқса, аёллар ва вояга етмаганлар ўртасида содир этилаётганлиги инсонни ташвишга солиши, бундай иллатлар азалдан инсонпарварлик, меҳр –оқибат руҳида, соф ислом таълимотида яшаб келган ўзбек халқи учун ёт эканлиги ҳақида тўхталдилар. Шу билан бирга, бу сингари салбий ҳолатларнинг олдини олишда Ватан ичра ватан бўлмиш – оиланинг ўрни беқиёс эканлигини алоҳида таъкидладилар. Оилаларимиздаги соғлом муҳит, ота ва онанинг фарзанди олдидаги, унга таълим-тарбия, одоб-ахлоқ беришга доир бурчлари, бу борада муқаддас динимиз кўрсатмаларини баён қилар эканлар, илмнинг тенгсиз куч, енгилмас қурол эканлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Тинч-осуда ҳаётимиз, муқаддас динимиз поклигини асраш, юртимиз равнақига ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг вазифамиз эканлигини таъкидладилар.

Иштирокчилар чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи халқ билан ҳам мана шундай мулоқотлар ўтказилаётганидан мамнун эканликларини билдириб, ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини изҳор қилдилар ва бу каби тадбирлар жуда манфаатли бўлишини таъкидлаб, мулоқот давомида пайдо бўлган кайфият уларни яна тез-тез шундай учрашувларнинг ташкил этилишига умид бахш этаётганини айтдилар.

Йиғилиш сўнгида маҳалла кутубхонаси учун маърифий ва тарбиявий адабиётлар совға қилинди.