Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / Болаларга қувонч улашиб…

Болаларга қувонч улашиб…

Куни кеча Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли “Меҳрибонлик уйи”да Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Турматов ташаббуси билан Республикамиз Конституциясининг 25 йиллиги ҳамда Мавлидун Набий ойи муносабати билан хайрия тадбири ташкил этилди. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига Чирчиқ шаҳaр имом-хатиблари томонидан байрамона дастурхон безатилди, халқимизнинг шоҳ таоми ош тайёрланди.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Турматов болажонларни Конституция ҳамда Мавлид билан муборакбод этиб, илиқ тилакларини билдириб, ҳақларига хайрли дуолар қилди. Ҳар қандай байрам совғасиз бўлмаганидек, болажонларга ўқиб, мутолаа қилишлари ва билимларини янада оширишлари учун “Меҳрибонлик уйи” кутубхонасига Тошкент вилояти вакиллиги томонидан китоблар туҳфа қилинди. Болажонлар тадбир ва совғалар учун миннатдорчилик билдирдилар.

Меҳрга ташна қалблар ташкил этилган тантана сабаб шодликка тўлган бўлса, тадбир ташкилотчиларининг қалби болаларнинг кўзларидаги беғубор қувончни кўриб, ўзгача шукуҳга тўлди.