Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни чинакамига севиш

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни чинакамига севиш

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангизга токи мен унга ота – онасидан, боласидан ва барча инсонлардан суюклироқ бўлмагунимча иймони комил бўлмайди”, – дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Биз бу ҳадисдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни барча инсонлардан, ҳатто ўз жонимиздан ҳам ортиқроқ яхши кўришимиз кераклигини тушунамиз. Бунга сабаб нима? Инсон табиатида ўзига яхшилик қилган кишини яхши кўриш хусусияти бор. Шундан келиб чиқиб айтамизки, ота-оналаримиз бизни дунёга келтириб, бизларни улғайтиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бизга ота-онамиздан ҳам кўпроқ марҳамат кўрсатдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни Аллоҳнинг изни ила зулматдан нурга олиб чиқдилар ва дунё – ю охиратимизга фойдали бўлган хайрли насиҳатлар қилдилар, зулмни барча туридан огоҳ этдилар. Бизга дин-у диёнатни танитдилар.

Аллоҳ таоло У зот сабабли барча инсониятни жаҳолат ботқоғидан нурга чиқарди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу олий динни инсонларга таълим бериш йўлида қанчадан – қанча азиятлар чекдилар. Тавҳидни етказиш, ширкни йўқотиш йўлида меҳнатлари ҳар кимникидан юқори бўлганлиги айни ҳақиқатдир. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёқтирган зотларни – саҳобалар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга меросхўр бўлган уламоларни яхши кўришимиз ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсалардан қайтишимиз, У зотнинг суннатларига эргашишимиз керак.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтиладики, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари озод қилган собиқ қулларининг олдига кирганларида, у ошқовоқ билан меҳмон қилади. Анас розияллоҳу анҳу “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ошқовоқ еяётганларини кўрганимдан бери мен ҳам ошқовоқни яхши кўриб қолдим”, деганлар.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга номимиздан энг яхши саловотлар, саломларни етказсин, то қиёматгача ана шу саловотлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг қабрларига ёғилиб турсин. Бизларни киши ўзининг терисига ботиб кетадиган кунда шафоатларига етиштирсин.

«Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юрти 2-А курс талабаси
Жўрамирзаев Исломжон