Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / ТАНТАНАЛИ МАВЛИД ТАДБИРИ

ТАНТАНАЛИ МАВЛИД ТАДБИРИ

Бугун Тошкент вилоят вакиллигида вилоят вакили Х.Турматов ташаббуслари билан Расулуллоҳ алайҳис саломнинг таваллуд ойлари муносабати ила мавлид тадбири ташкил этилиб, унда вилоятдаги барча имом-хатиблар иштирок этди.

Тадбир аввалида вилоят вакили ушбу тадбирни вилоят даражасида ташкил этилишининг аҳамияти ва уни нишонлашга оид муҳим жиҳатлар юзасидан тушунчалар бериб ўтди.

Шундан сўнг юртимизнинг машҳур қорилари Имом Жаъфар Барзанжийнинг (у кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин) “Иқдул-жавҳар фи мавлидин-Набавиййил-Азҳар” китобидан маълум бўлимларни ифодали тарзда ўқишга киришдилар. Ҳар бир бўлим ўрнида сийрат илми борасидаги етук устозлар мавзуга доир Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг ибратли ҳаётларини баён этиб бордилар. Ўз навбатида Ул Зотга энг гўзал салавотлар айтилди.

Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланиб, шу тариқа гўзал дуолар билан якунланди ва барча иштирокчилар учун ош дастурхони тузалди.

Имом-хатиблар тадбир борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини ифода этар эканлар, уни машҳур устозлар ва қорилар иштирокида кўтаринки руҳда ўтказилгани, ташкилий ишлар ҳам юқори савияда амалга оширилганини эътироф этишиб, жойларда мавлид тадбирларини ўтказиш борасида ўзлари учун ҳам муносиб тажриба ва намуналарга эга бўлганларини билдирдилар.

Зотан, ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам Пайғамбаримиз алайҳис саломни муносиб хотирлаш баробарида уни барча имом-хатиблар учун андоза қилиб бериш эди.

Тадбирда ўз чиқишлари билан иштирок этган Дин ишлари бўйича қўмита бўлим мудири З.Султоновга, Тошкент ислом институти “Диний фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси, сийрат фани устози Абдул Азим Зиёуддин домлага, Тошкент шаҳар “Ислом ота” жоме масжиди имом ноиби Ҳ.Абдулмажидов ва унинг ҳамроҳларига ҳамда Тошкент вилояти “Бешқўрғон” жоме масжиди имом-хатиби А.Неъматовга вилоят вакиллиги ўз миннатдорчилигини изҳор этади!

      

[carousel-horizontal-posts-content-slider]