Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЖАМОАТ НАМОЗИНИНГ ФАЗИЛАТИ

ЖАМОАТ НАМОЗИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Мусулмон киши иложи борича намозини масжидларда жамоат билан адо этишга ҳаракат қилади. Намозни  жамоат билан ўқиш – масжиднинг гўзал одобларидан эканлиги таъкидланади.

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:

فِي بُيُوتٍ أَذِنَ اللَّهُ أَنْ تُرْفَعَ وَيُذْكَرَ فِيهَا اسْمُهُ يُسَبِّحُ لَهُ فِيهَا بِالْغُدُوِّ وَالْآصَال.

  رِجَالٌ لَا تُلْهِيهِمْ تِجَارَةٌ وَلَا بَيْعٌ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَإِقَامِ الصَّلَاةِ وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ ۙ يَخَافُونَ يَوْمًا تَتَقَلَّبُ فِيهِ الْقُلُوبُ وَالْأَبْصَارُ

Яъни: “У бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда эртаю кеч тасбеҳ айтурлар… бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган Кундан қўрқадилар” (36-37 оятлар).

Аллоҳ ўзининг байтида нима қилиш кераклигини бандаларига таълим бермоқда.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилган).

Масжидларнинг ҳақиқий ободлиги уларда Аллоҳга ибодат қилиш билан бўлади. Аллоҳ таоло неъматини, нурини ҳаммага ҳам ато қилавермайди, балки маълум сифатларга эга бўлган инсонларнигина унга муносиб кўради. Яъни масжидларда Аллоҳни эртаю кеч поклаб ёд этиш, ҳар қандай ишлардан Аллоҳнинг зикрини афзал билиш, Ўзи марҳамат қилиб, лойиқ кўрган кишиларгагина насиб этадиган неъматдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Умар розияллоҳу анҳу хурмозорига чиқди. Қайтиб келганида одамлар аср намозини ўқиб бўлишган эди. Умар розияллоҳу анҳу: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва биз Унга қайтгувчимиз. Аср намозини жамоат билан ўқишдан кечикиб қолибман. Сизлар гувоҳсизлар, хурмозорим мискинларга садақа”, дедилар. У зот қилган ишига каффорат бўлиши учун шундай қилдилар”.

Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг шайхи Убайдуллоҳ ибн Умар Қоварийдан ривоят қилинади: “Мен ҳамиша хуфтон намозини жамоат билан ўқир эдим. Бир кеча уйимга меҳмон келди. У билан овора бўлиб, жамоат намозини ўтказиб юбордим. Басра масжидларини айланиб чиқдим. Барча кишилар хуфтонни ўқиб бўлган, масжидлар ёпилган эди. Уйимга қайтдим ва ўзимга ўзим жамоат намозининг даражаси ёлғиз бўлиб ўқилган намоздан 27 баробар зиёда бўлади, дедим-да, хуфтонни йигирма етти марта ўқидим. Сўнг ухладим. Туш кўрибман, гўё отлиқлар билан бирга эканман. Менинг ҳам отим бўлиб, биз кимўзар ўйнаётган эканмиз. Мен отимни чоптирар, бироқ уларга ета олмас эдим. Шунда улардан бири менга бурилиб қараб: “Отингни қийнама, барибир бизларга ета олмайсан”, – деди. “Нима учун?” – деб сўрасам: “Чунки биз хуфтонни жамоат билан ўқидик, сен эса ёлғиз ўзинг ўқидинг”, – деб жавоб берди. Мен уйғониб кетдим ва кўрган тушимдан ғамгин бўлиб қолдим”.

Аллоҳдан тафвиқ ва мадад тилаймиз. Албатта, У сахий, марҳаматли зотдир!

 

Пискент тумани бош имом-хатиби
Зайнилобиддинхон  Қудратов.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]