Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Қалб собитқадамлиги

Қалб собитқадамлиги

بسم ﷲ الرحمن الرحيم

 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

  يوم لا ينفع مال ولا بنون الا من اتيﷲ بقلب سليم. » سورۃ شعرالايۃ٨٨۰٨٩

У кунда на мол манфаат берар ва на болалар. Магар ким Аллоҳ хузурига покиза қалб ила келар (ўша манфаат топар) (Шуаро сураси 88-89-оят).

قال لنبي عليه السلام: ان في الجسد مضغۃ اذا صلحت صلح الجسد كله واذا فسدت فسدالجسد كله الا وهي القلب.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: “Албатта жасадда бир эт борки агар у тўғри бўлса жасаднинг барчаси тўғри бўлади. Агар у бузуқ бўлса жасаднинг барчаси бузуқ бўлади. Огоҳ бўлинг у Қалбдир”, деганлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У Киши Аллоҳ таолонинг: «Гуноҳлар Қуруқликда ва Денгизда ошкор бўлди» деган сўзи ҳақида гапириб:»Қуруқлик бу- тилдир, Денгиз эса қалбдир. Қачон Тил фасод бўлса унга нафслар йиғлайди, Қачон қалб фасод бўлса унга Фаришталар йиғлайди», дедилар. Тил қачон фасод бўлади? Қачонки тилдан чиқаётган сўзлар қалб ила тасдиқ қилинмаса. Қалб қачон фасод бўлади? Агар унинг соҳиби гуноҳ амалларни, ҳаром ва шубҳали луқмаларни тарк этмаса. Чунки  ҳикматларда қалбнинг фасод бўлмаслиги ҳақида шундай дейилади:

قيل:من ترك الذنوب رق قلبه, ومن ترك الحرام و اكل الحلال صفت فكرته

Яъни: ким гуноҳларни тарк қилса, унинг қалби юмшоқ бўлади ва ким ҳаромни тарк қилиб, ҳалолдан еса унинг фикри соф бўлади. Қалб ислоҳ бўлиши учун инсон нима қилиши керак? Албатта бу ҳам инсонга берилган жузъий ихтиёрга боғлиқ. Агар инсон аслида Аллоҳ унга раҳм қилиб, уни йўқ бўлган хақир сувдан яратиб, унга комил жасад неъматини ато этганини фикр қилиб, унга берилган Олий неъматнинг хақиқатини тан олса ва буларнинг шукрини Аллоҳ буюрган ибодатларни ихлос ила бажариш билан адо этсагина унинг қалби хам салим бўлади. Зеро, бу неъматлар ҳақида фикр юритиш ва ақлни ишга солиб, ҳавойи нафсни тийиш ҳақида бундай ривоят қилинади:

قيل : طوبي لمن كان عقله اميرا وهواه اسيرا وويللمن كان هواه اميرا و عقله اسيرا

Яъни: «Яхшилик бўлсин: Кимнинг ақли амир бўлиб ҳавойи нафси унга асир бўлса. Вайл бўлсин: Кимнинг ҳавойи нафси амир бўлиб ақли унга асир бўлса».

Қиёмат кунида бизга сармоямиздаги солиҳ амалларимиз, қилган қурбонликларимиз ва ибодатларимиз ёки ўқиган ояту ҳадисларимиз қаторида қалбимиздаги тақвомиз ҳам фойда беради. Чунки барча амалларимизни зоҳирда гўзал кўрсата олсакда, қалбимиздаги тақвони Аллоҳдан ўзгаси кўра олмайди. Бу амаллар холислик натижасида шаклланади. Чунки амаллар ниятларга қараб эътиборга олинади. Амал ва ибодатлар мақсадининг аввалида Аллоҳ ва Расулининг ризоси шарт қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:

ومن يومن باﷲ يهد قلبه

Яъни: «Ва ким Аллоҳга иймон келтирса унинг қалбини ҳидоятга  тобеъ қилади».

Иймонниг шарти ҳам тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлашдир. Шунинг учун кимнинг қалбида ҳақиқий ва холис тасдиқ бўлса, ана ўша одам иймон ҳаловатига эришади. Чунки холислик билан қилинган амаллардан мурод Аллоҳ розилигига эришишдир. Кимки ўзида шу хислатни кашф қилса, у иймон ҳаловатини ва унинг самарасини топгай. Чунки иймон ҳаловати ва унинг самараси бизга берилган барча неъматларни ҳалолдан касб қилиб, ҳалолга сарф қилишимиздир. Иймонсизликнинг жаҳолат эканлиги ва унинг натижаси шундаки, неъматлар берилса ҳам, берилмаса ҳам уларни маъсиятга сарф қилишдир. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг сермаъно хикматли сўзлари ҳам  бунинг тасдиғидир: «Дунё бошдан оёқ тиконлар билан тўла бўлса ҳам, Ошиқнинг кўнгли янада қаттиқроқ Гул боғчасига боғланган бўлади».

Аллоҳ таоло барчамизга қилаётган солиҳ амалларимизни қалбларимиз ила тасдиқ этишдек тотли неъматини насиб айласин!

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Ибни Касир тафсири
  2. Мунаббиҳот лизодил маад китоби. 2 боб 15, 17, 18 хадислар.
  3. Жалолиддин Румий хикматлари

 

Пискент тумани “Мулла боʻта қизи” жоме
масжиди имом хатиби Воҳидов Мирсобит