Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / 3. КОРОНАВИРУС ТЕЗ КУНДА ДАФ БЎЛАДИ (ЁХУД АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ РАҲМАТИ ЯҚИН)!

3. КОРОНАВИРУС ТЕЗ КУНДА ДАФ БЎЛАДИ (ЁХУД АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ РАҲМАТИ ЯҚИН)!

Хитойда бошланган вабо бутун дунёга тарқалаётгани барчага маълум. Бу бало бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Айни пайтда мамлакатимизда карантин эълон қилинган.

Кунига ойнаи жаҳон ва интернет тармоқлари орқали ёки одамларнинг оғзидан дунё бўйича нечта одамнинг касалликка чалингани ва қанчаси вафот этгани, энг ачинарлиси, ўзимизда ҳам хасталанганларнинг сони ортиб бораётгани ҳақидаги хабарларни эшитиб, ҳар қандай инсоннинг қалби эзилиб, ўз-ўзидан ташвишга, саросимага тушиши табиий ҳолат.

Азиз юртдошлар, бу КОРОНАВИРУС балоси барчамиз учун ташвиш, асосий муаммога айланиб улгурди. Ана шундай оммавий мусибат пайтида, энг аввало, ҳар биримиз ўзимизни қўлга олайлик. Касалликка чалинаётганлар сонини, вируснинг кенг тарқалаётганини эшитиб, тушкунликка тушмайлик, қалбимизни ваҳима ва саросима эгаллашига йўл қўймайлик!

Ҳар неки бор, яратган Эгамиз – Аллоҳ таолонинг қўлида. Бой қилувчи ҳам, фақирга айлантирувчи ҳам, касаллик юборувчи ҳам, касалликни даф қилувчи ҳам, даво берувчи ҳам ягона Ўзидир. Яратувчига талпинайлик. Ахир Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган-ку:

وَهُوَ الَّذِي يُنَزِّلُ الْغَيْثَ مِن بَعْدِ مَا قَنَطُوا وَيَنشُرُ رَحْمَتَهُ وَهُوَ الْوَلِيُّ الْحَمِيدُ {الشورى/28}

У (одамлар)умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва Ўз раҳматини (баракотини)кенг ёядиган Зотдир. У (мўминларга)Валий (дўст)ва Ҳамид (ҳамд эгаси)дир (Шууро сураси, 28-оят).

Ерлар ҳосил бермай, ҳайвонлар бирин-кетин қирилиб кетган, экинзорлар қуриб, кули кўкка совурилган, ҳайвонларнинг елимида сутлар қолмаган, уйларда озуқалар тугаган, оч гўдакларнинг йиғиси дунёни тутган, одамлар умидсизликка туша бошлаганда Аллоҳ таоло раҳматини нозил қилиб, ёмғир ёғдирди. Демак, Аллоҳ таоло бандаларига раҳм қилувчи, улар устидан ўз раҳматини ёғдирувчи Зот эканига имон келтирамизми, биздан ҳам бу Коронавирус вабосини тез орада кўтаришини умид қиламиз. Фақат ишонч билан Ўзига ибодат қилиб, дуолар қилсак бўлгани. 

Яратган Эгамизга беадад ҳамдлар бўлсинки, бизларни мусулмонлардан қилди, уйларимизда бўлса ҳам ибодат қилишда давом этмоқдамиз. Намоз ўқияпмиз, Қуръон тиловат қиляпмиз, зикрлар, салавотлар айтаяпмиз, аҳлларимиз тарбияси билан шуғулланяпмиз. Мусулмон инсон ҳар қандай ҳолида ҳам ғолибдир. Бу ўтаётган кунлар барчамиз учун Аллоҳ таоло ва Расулини таниб олишга, ҳақ динини ўрганишга ғанимат бир фурсат бўлиб турибди. Фойдаланиб олайлик!

Кўнглимизга хурсандичилик улашадиган, бизларга хушхабар берадиган яна бир ҳадисни ўрганиб чиқайлик:

قال نبينا صلى الله عليه وسلم : عجب ربنا من قنوط عباده وقرب غيره ينظر إليكم أزلين قنطين فيظل يضحك يعلم أن فرجكم قريب (رواه الامام أحمد).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Роббимиз  бир ҳолатни бошқа ҳолатга ўзгартириши жуда яқин бўлишига қарамай, бандалар қаттиқ ноумид бўлиб қолишидан ажабланади. Аллоҳ таоло танг аҳволга тушиб ноумид бўлиб турганингизда сизларнинг фаражингиз (танг аҳволдан қутулиш, шодлик, роҳат, кенгчилик) яқин эканини билган ҳолда сизларга қараб кулиб туради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисни айтганларидан сўнг кулиб қўйган эканлар. Биз ҳам хурсанд бўлайлик, бу хушхабардан юзларимизга табассум югирсин, тушкунликка тушмайлик, ҳаммаси яхши бўлади.

Аслида биз бандалар шундаймиз – ҳаётимиз бир теккис, тинч-тотув, соғ-саломат ҳолда давом этишини хоҳлаймиз ва бу ҳолатга тезда кўникиб қоламиз. Айнан шу ҳолат кўпинча Роббимизни унутиб қўйишимизга сабаб бўлади. Доимо бир маромда кетаётган ҳаётимизда бирор чуқурлик чиқиб қолса ёки ишимиз юришмаса ё бирор касаллик етса, дарров тушкунликка тушиб, ноумид бўлиб қоламиз. Мазкур ҳадиси шарифда ҳам бандалар танг аҳволга тушганларида қаттиқ ноумид бўлиб қолишлари айтилмоқда. Аслидачи, биз бандалар ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таолодан ноумид бўлмаслигимиз лозим экан. Чунки Аллоҳ таоло ёмонликдан яхшиликка, беморликдан саломатликка, бало ва оғир ҳолатлардан хурсандчилик, кенгчиликка чиқариши, аҳволларни ўзгартириши жуда яқин фурсатларда бўлар экан.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا {الشرح/5} إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا {الشرح/6}

Бас, албатта, қийинчилик билан осончилик бордир. Албатта, қийинчилик билан осончилик бордир (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).

Демак, ҳозирги қийинчилик ҳолимиздан кейин яқин кунларда бизларни осончилик, яхшилик ва катта ютуқлар кутиб турибди.

Аллоҳ таолонинг раҳмати яқин экани ҳақида Қуръони Каримда шундай баён қилинади:

وَلاَ تُفْسِدُواْ فِي الأَرْضِ بَعْدَ إِصْلاَحِهَا وَادْعُوهُ خَوْفًا وَطَمَعًا إِنَّ رَحْمَتَ اللّهِ قَرِيبٌ مِّنَ الْمُحْسِنِينَ {الأعراف/56}

Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир (Аъроф сураси, 56-оят).

Алҳамдулиллаҳ, мўмин-мусулмонмиз ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвормиз, бу балони тез кунларда кўтаришига ишонамиз. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:  

 قَالَ وَمَن يَقْنَطُ مِن رَّحْمَةِ رَبِّهِ إِلاَّ الضَّآلُّونَ {الحجر/56}

У: «Фақат адашганларгина ўз Роббисининг раҳматидан ноумид бўлурлар», деди (Ҳижр сураси, 56-оят).

Шундай экан, биз касал бўлсак, тез орада Аллоҳ таоло шифо бериши, ёмонлик етганида, оз фурсатларда Яратган ўрнини яхшилик билан қоплаши, офат қуршовида қолганимизда, яқин кунларда Қодир Зот балони кўтариши, танг аҳволга тушганимизда, Аллоҳ таоло тез орада кенгчилик беришини умид қиламиз.

Хушхабар – тез орада бу бало биздан даф бўлади!

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ