Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Динда ашаддий бўлма !!!

Динда ашаддий бўлма !!!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади. Бас, тўғри амалда бўлинглар, яқинлашиб юринглар, яхшилик башоратини беринглар. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг», дедилар» (Имом Бухорий). Демак, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига динда чуқур кетиб, ашаддийлашиб, ўзини қийнамасликка, ўртача иш тутиб, доимо яхшилик башоратини беришга чақирмоқдалар. Дарҳақиқат, Ислом осонликдан иборат диндир. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқ. Кўпинча инсонлар динни билмаган холда ўзларига ноқулайликларни келтиришади. Оддий бир мисол: Икки қуда тўй кунини белгилаб, яхши ниятлар билан икки ёшнинг никох тўйини эълон қилишади. Кутилмаганда куёв ёки келин томоннинг яқинларидан бири вафот этади. Ўлим хақ. Ҳар бир инсоннинг бошида бор. Аммо бундан катта муаммо ясаш шартми?!  Агар тўй эгалари қариндошлари орасида диндан хабардор инсон бўлса, масаланинг ечими топилади. Яъни мотам уч кун эканлиги инобатга олинган ҳолда никох тўйини ўтказаверадилар. Бироқ икки қуда ёки яқинлари орасида Исломдан хабардорлари бўлмаса, тўйни тўхтатишгача борадилар. Чунки йигирма, қирқ, йил оши каби маросимларни ўтказишни дин буюрган деб билишади. Аслида эса бундай маросимлар на Қуръонда, на хадисда ва на уламоларимизнинг китобларида ёзилган. Шу сабабли бўлса керак, пайғамбаримиз  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматнинг оғирини енгил қилиш учун хадисда “Албатта, дин осондир” деганлар. Шу билан бирга, Исломнинг енгилликларига паст назар билан қараб, уни қийинлаштиришга уринганлар ҳам хато қиладилар. Яъни, динда чуқур кетиб, ҳаддан ошиб, ўзича кўп амалларни қилиб, шуҳрат топмоқчи бўлса, енгилиб қолади. Бундай одамлар бориб-бориб йўлдан чиқадилар. Бу турлича бўлиши мумкин. Баъзилар ортиқча ўзини уринтириб қўйиб, кейин малолланиб қоладилар ва ҳамма нарсани ташлаб юборадилар. Нафл ибодатларга муккасидан кетиб, кейин эса фарзларни ҳам тарк этадилар. Бошқалари эса ашаддийлашиб, аслида динда йўқ нарсаларни ҳам қилиб, бошқаларни ҳам шунга ундайдилар, натижада, ўзлари ҳам адашади, ўзгаларни ҳам адаштиради. Бунга мисол тариқасида  Ҳаким Термизийнинг асарларида кўп танқид қилинган илмсиз, сохта зоҳидларни келтиришимиз мумкин. Аллома уларни ҳавориж, рофиза, жаҳмийлар билан бир қаторда қаттиқ танқид қилади: «Бир тоифа илмсиз кимсалар зоҳидликни даъво қилиб, жоҳилликларидан турли бидъатларни ўйлаб чиқардилар. Улар «зуҳд» деганда дунёвий нарсалардан буткул юз ўгириш, дунё аҳлидан узлатда танҳо бўлишни тушундилар. Яқинлари билан алоқаларини уздилар, одамлардан узоқлашдилар, жамиятдаги бурчларини унутдилар, бойларнинг юзларига нафрат билан қарадилар. Билмайдиларки, зуҳднинг асли – нафс ва қалбдаги шаҳватларни синдиришдир. Улар эса тана аъзолари билан баъзи нарсалардан тийилиб, «зоҳидликни мукаммал адо этдим», деб даъво қиладилар. Жаҳолатлари шу даражадаки, ризқи кенглиги, мол-мулки бисёрлиги билан танилган имомларга таъна тошини отдилар, ҳатто баъзи набийларни ҳам айбладилар. Аслида зуҳд деганда одамларни ҳалоллик, поклик, тинчлик, инсон қадрини ерга урмасликка чорлаб, ҳар ким ўзининг ҳалол меҳнати билан ижтимоий адолат қоидаларига риоя қилишини тарғиб қилиш тушунилмасмиди?! Шу ўринда «Нақшбандия» тариқати билан танишсак, у инсонни ҳалол меҳнати ва ҳунар билан ноз – неъматларни ишлаб чиқаришга, мавжуд ҳокимият билан ҳамкорлик қилишга ҳамда инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, дўстлик ва тинчликка даъват этади. Ҳар бир инсонни «Қўли меҳнатда, қалби Оллоҳ зикрида» бўлишга ундайдиган «Дил ба ёру даст бакор» номли машҳур шиори билан маънавийлик сари етаклайди. Умумлаштириб айтганда, Нақшбандийлик маърифий, хайр-саҳоват, халқпарварлик, адолат, камтарлик, меҳнаткашлик, ватанпарварлик, яратувчилик ғоялари билан суғорилган дейиш мумкин.

Хулоса қилиб шуни айтиш лозимки, ислом юксак умуминсоний фазилатларни шаклантирадиган, инсонни диний бағрикенглик асосида юксак маънавиятга етаклайдиган диндир. Шундай экан ундан ҳозирги давр олдимизга қўяётган долзарб маънавий – маърифий ва тарбиявий муаммоларни ҳал қилишда устувор омил сифатида  фойдалансак, мақсадга мувофиқ бўлади.

“Дониёр бин Озод” жоме масжиди
имом-ноиби М.Абдусаитов