Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Чумчуқ (Ота ва бола ҳақида ибратли ҳикоя)

Чумчуқ (Ота ва бола ҳақида ибратли ҳикоя)

Бир видеолавҳа кўрган эдим.

Унинг номи “Ота ва бола” бўлиб, ота-боланинг қайсидир тилдаги мулоқотлари лавҳанинг остида араб тилида таржима қилиб борилган. Бу ҳолат оддий ва содда бўлиб туюлиши мумкин, лекин бу қисқа лавҳада фикр юритувчи киши учун бир умрга татигулик улуғ насибалар мужассам.

Ушбу лавҳада кўрганларимни Сизнинг ҳам эътиборингизга тушунганимча ҳикоя қилиб беришни хоҳладим.

У асосан икки дақиқа-ю, қирқ саккиз сониядан иборат:

“Шинам уй. Унинг олдида ям-яшил ва кўркам ҳовли. Ҳовлининг бир четида ўрнатилган ўриндиқда чамаси етмиш беш-саксон ёшни қарши олган ота ва унинг ўттиз беш-қирқ ёшли ўғил фарзанди ўтирар эди. Аслида, кўчадан ўтаётган машиналарнинг шовқини тинчликни бузсада, боғдаги қушларнинг турли хилдаги ёқимли ва майин сайрашлари кишига ҳузур бахш этарди.

Ота чуқур ҳаёл ичра нималарнидир хотирлаб ёки ўйлаб ўтирар, ўғли эса қўлидаги газетани ўқиш билан банд.

Шу дамда шохдан-шохга кўчиб юрган митти бир қуш ҳовлидаги шамшод мисол яшнаб турган гул дарахти шохига келиб қўнди. У тинмай сайраб турар эди.

Уни кўрган ота ўғлидан сўради: “Бу нима?”.

Ўғли биринчи отага, сўнгра отанинг нигоҳи қадалиб турган жойга қарадида, “Чумчуқ”, деб жавоб берди ва газетасини ўқишда давод этди.

Ота “Ҳа, тушундим”, дегандек бошини баланд-паст қилиб, овозсиз қимирлатиб қўйди.

Қушнинг вужуди ҳаёжон ёки хурсандчиликка тўладек, тинч тура олмас, турган жойида ҳар томонга қараб сайрар ва айланар эди.

Ота яна сўради: “Бу нима?”.

Ўғли отанинг нигоҳи қадалиб турган жойга қарадида, саволни такрор берилганидан энсаси қотиб, “Ҳозиргина чумчуқ, деб айтдим-ку, ота!”, деди ва яна газетасини ўқишда давод этди.

Қуш қанотларини қоқиб, осмон узра парвоз қилиб кўтарилди. Ота порлаб турган қуёшдан қўлини юз-кўзига соябон қилиб, қушни кузатган бўлди. Қуш эса ҳовлидаги хотиржамликни ҳис этганидан узоқ кетмасдан ота-бола ўтирган ўриндиқнинг яқинроқ жойига келиб қўнди ва ердан нималарнидир териб ея бошлади.

Шунда ота бўйнини қуш томон чузиб, яна сўради: “Бу нима?”.

Ўғли отанинг нигоҳи қадалиб турган жойга қарадида, малолланиб, баланд ва дағал овозда: “Чумчуқ, ота, чумчуқ! Чууум-чууу-қ!”, деди. Сўнг қўлидаги газетани ёпдида, отасига қовоқларини солиб, ёқимсиз ва совуқ назар солди.

Ота бамисоли қўрқиб кетган беғубор, мурғак ва заиф гўдак бола мисол ногаҳон яна ўша саволни қайтариб юборди: “Бу нима?”.

Ўғли ўтирган жойида отаси томон вужудини ўгириб: “Бу нима деганингиз… Неча маротаба чумчуқ, деб айтдим-ку… Нимага тушунмайсиз…”, дея сўзларига қўл ишораларини ҳам қўшиб, дағдаға ила жавоб қилди.

Шу дам ота ўрнидан туриб, қаёнгадир бир-икки қадам ташлаган эди, ўғли ундан: “Қаерга кетаяпсиз?”, деб баланд овозда асабийлашиб сўради.

Тасодиф жаранг урган овоздан ота сесканиб кетди. Сўнг ўғлига ярим бурилиб қарадида, қўллари билан оҳиста ишора қилиб: “Ўтириб тургин, ҳозир…”, деган мазмунда сўзсиз жавоб берди ва уй ичкариси томон майда-майда қадам ташлаб, ўғлидан узоқлашди.

Ўғлининг кайфияти бузилиб, қўлидаги газетани ерга улоқтирди ва нима бўлаётганини тушунмай ҳалиги қушга қаради. Қуш ҳамон сўнги жойида олтин ранг мисол нур сочиб турган дарахт хазонларидан бирини ўйнар эди.

Шу дамда қуш ҳам учиб кетди…

Бироз муддатдан сўнг ота қўлида қандайдир дафтар билан қайтиб келди ва ўғлига яқинроқ ўтирди.

У дафтар отанинг ҳаётий кундалик дафтари эди. Дафтарни варақлаб-варақлаб, унинг бир саҳифасида тўхтади ва уни ўғлининг қўлига тутқазди. Тўғридан-тўғри эмас, балки бир меҳрибон қўллари билан ўғлининг қўлини тутди ва иккинчиси билан унга дафтарни ушлатди.

Шундан сўнг очилган саҳифадаги бир сатрга ишора қилди ва “Шу жойни ўқи!”, дегандек, яна овозсиз ишора қилди.

Ўғли уни овоз чиқармасдан, ичида ўқий бошлади.

Ота дарҳол: “Баланд овозда!”, деб эшиттириб ўқишини айтди. Ўғил уни овоз чиқариб ўқий бошлади. Унда шундай ёзилган эди:

Бугун … катта ўғлим ва бир неча кун олдин уч ёшни қарши олган кичик ўғлим (ушбу ўғлини назарда тутмоқда) билан бирга боғда ўтирган эдик. Шу аснода олдимизга бир чумчуқ келиб кўнди.

Кичик ўғлим мендан: “Отажон, бу нима?”, дея жами йигирма бир маротаба қайта ва қайта сўради.

Мен ҳам унга ҳар бир саволига жами йигирма бир маротаба “Бу – чумчуқ”, дея жавоб бердим.

Нафақат жавоб берар, балки “Бу нима?”, деган савол беришида ҳам унга – “Бу нима?”, деб кўмаклашиб турар эдим.

У эса мендан ҳар гал айнан ўша митти жониворнинг нималигини такрор ва такрор сўрайверар эди.

Бу ҳолат менинг ғазабимни қўзғамас, балки менинг қалбимда менгагина ишонувчи, суянувчи, мурғак, қизиқувчан ва софкўнгил болажонимга бўлган муҳаббат ва меҳримни денгиз тўлқинлари мисол уфуртириб, янада жўшқин уришига хизмат кўрсатар эди!

Ушбу ширин хотираларни эшитиш отага ҳузр бахшида этди…

У ўзини гўё яна ўша дамларга қайтиб қолгандек, ҳис этарди. Шу дам отанинг чеҳрасида ширин табассум пайдо бўлди.

Ўғли кундалик дафтарни, тўғрироғи инсон ҳаётининг дунёларга сиғмас энг ширин ва мазмунли онларини ўзида мужассам этган дафтарни оҳиста ёпди ва ўзига келди…

Хатосини тушуниб етди…

Отасининг елкасига бошини қўйиб, уни меҳр билан қучоқлади. Отасининг бошидаги бола-а-а-м, деб оқарган сочлари устидан ўпиб қўйди”.

Ҳақиқатдан ҳам ота-оналаримиз биз фарзандларга бор меҳрлари у ёқда турсин, топиш мушкул бўлган меҳрларни ҳам топиб берадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга буюриб, кейинги навбатда ота-онага яхшилик қилишга чорлаган.

Қуръони каримнинг “Исро” сураси, 23-24-оятларида шундай марҳамат қилинади: “Раббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, (уларнинг хизматларини қилишдан нолиб ёки бирор ташвишингни ошкор этиб) уларга “Уфф!” (безор бўлдим, чарчадим!) дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларнинг ҳар иккисига ҳам меҳрибонлик билан, хорлик қонотини паст тут (лутф ва марҳамат кўрсат) ва (дуоингда) айт: Эй Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда (раҳм-шафқат ва меҳрибонлик билан) тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”.

Ёшлик чоғларимизни бир ёдга олиб кўрайлик…

Ёш ва беғубор эдик. Ёз кунлари уй ичи иссиқ бўлгани боис кечалари ҳовлида ухлаб дам олиш биз учун мароқли эди.

Эрта тонг…

Бу вақт уйқунинг энг ширин палласи. Уйқудан кўзимизни асло очгимиз келмасди. Хўрозлар эса биз болажонларга “Тонг отди, туринглар!”, дегандек тинмай қичқираверарди.

Ҳа демай самодаги қуёш бобо ҳам ўзининг ёқимли нурлари билан юзимизни силай бошлайди.

Шу дам отамизнинг узун ҳассаларини “дўқ-дўқ”, дея дўққиллаган овозлари қулоғимизга чалинар, овоз эса бизга тобора яқинлашиб, ниҳоят бошимиз олдида сўнар эди. Отамизнинг бошларидан ҳеч тушмайдиган, меҳнатда топланиб, қуёш нурларидан ранглари қочган сарғиш миллий нақшинкор дўппилари бу дамда одатдагидек бошларида эмас, қўлларида. Одатдагидек, дўппи ичида биз учун нимадир аталгани тайин.

Отамиз дўппиларини биз томон узатиб: “Тур болам, тур! Қара, сенга нима олиб келдим…”, дерди. Меҳр билан жаранглаган ушбу хитоблардан юзимизга табассус югирарди.

Бошимизни кўтариб дўппи ичига қарасак, унда эрта тонгдан қағ-қағ, деб тухум қўйган товуқларнинг тўрт-беш дона тухум доналари бир бирларини суйкалиб турарди.

Шу зайлда уйқуларимиздан аъло кайфиятда оёққа турар эдик…

Онамизни айтмайсизми…

Эрта тонгдан ерларга сув сепиб, ҳовлини супириб-сидирган. Ҳамма томон сарамжон-саришта.

Бу кайфиятимизга янада кайфият қўшар эди.

Билагимизга куч тўлган сайин бизни меҳнатга топланишимиз, ҳалол меҳнат билан қаноатланишимизни истаган ота-оналаримиз тарбиясига кўра қўлга этак ва ўроқни олиб, хонаки қўй-қўзи ва мол-ҳолларга ўт-ўлан олиб келиш учун далага отланар эдик.

Аслида олиб келган ўтимизга бир қўзи ё бузоқча ҳам тўймасди-ю, шундай бўлсада олма дарахти сояси остига жой солиб, дастурхон тузаб, биз учун ниманидир атаб, интизор ўтирган онажонимиздан олқишлар ҳам эшитиб олар эдик: “Мана менинг Полвоним… Айланай сендан!”.

Юз-қўлимизни ювиб дастурхон қошига келсак, меҳрибон онамиз бошимизни силар, ажин тушган қўлларини тахмондаги кўрпачалар орасига солиб, бир парча латтага ўралган тошдек наввотни иссиқ чойимизга солар, уни аралаштириб: “Ол, Болам, Ич! Яхши-яхши еб-ичгин! Менинг Полвонгинам…”, деб бизга ёқимли иштаҳа тилар ва қорнимиз тўйгунича ёнимизда парвона бўларди.

Ўзлари эса нимагадир ҳеч нарса емас ва ичмасдилар…

Гоҳо ота-оналаримизнинг айрим саволларига жавоб бериш ёки кичкина илтимосларини бажариш бизга тоғдек оғир туюлади…

Бу ҳолат уларнинг хизматларини ҳис этмаган ва тушуниб этмаганимиздан бўлса керак…

Мана шундай муносабат фарзанднинг ҳаётдаги энг катта хатоси бўлса, ажаб эмас.

Бордию, уларнинг илтимосларига биноан фаразан бир кило олма олиб келсак, ундан бир-икки тишлам эмасалар, ҳаммасини ўзимиз ёки фарзандларимизга сиздирмаган ҳолда тортиқ этганини билмай ҳам қоламиз…

Шундай экан бизнинг ширин сўзимиз ва хизматимизга ўз умри, саломатлиги, шодлиги, қўйингки барча борлиғини биз фарзандларига атаб, қаддиларини дол қилган ота-оналаримиздан олдин бошқа ким ҳам ҳақли бўлиши мумкин?!

Зотан, биздаги қувват, саломатлик ва шодлик, барча-барчаси уларнинг заифлиги, кучсизланишлари, барча дардларни биздан беркитиб, ичларида ҳазм қилишлари эвазига келган.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Хошимов шундай дейди: “Онасини беҳурмат қилган одам қўшни кампирни яхши кўраман деса, ишонмайман…

Ота-онани ранжитиш, яъни уларга оқ бўлиш энг катта гуноҳ. Пайғамбаримиз (У Зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин) жаннатга кирмайдиган ва қиёмат куни Аллоҳ таоло назар солмайдиган кишилар рўйхатида биринчи бўлиб ота-онасини ранжитганларни санаганлар.

Аллоҳ таоло барча гуноҳлардан истиганига жазони қиёматга қолдириши мумкин. Фақатгина ота-онага оқ бўлиш ундай эмас. Аллоҳ таоло оқ бўлган фарзандга шу дунёнинг ўзидаёқ жазосини тезлатади. Охиратда эса дахшатли азоблар унга “мунтазир” бўлади.

Абу Қазъа (Аллоҳ У кишидан рози бўлсин) бир кишидан қуйидаги воқеани ривоят қилиб берди:

“Йўлда бир ерга тушдик. Кечаси эшакнинг ҳанграшини эшитдик. Сўраган эдик, бизга: “Бу бизнинг ичимиздаги одам эди. Унинг онаси бор бўлиб, боласига бирор нарса айтса, у (онасига қарата): “Эшакка ўхшаб ҳанграйверма!” дерди. У ўлганидан кейин қабридан эшак ҳанграшини эшитдик”.

Бу шу дунёдагиси… Эртага Аллоҳ таолога рўбарў бўладиган кунда унинг ҳолига вой бўлиши муқаррар.

Ҳар бир инсон ҳар қандай ҳолати ва ёшидан қатъий назар ким учундир фарзандлигича қолаверади. Шундай экан, ҳар дам табаррук ота-оналаримиз, азиз устоз-мураббийларимиз, бир бор бўлсада яхшиликка чорлаган азизларимизнинг ҳаётларини зиёрат қилиб, хизматларини қилсак, ўтганларини ширин хотирласак, шу билан бирга ўгит ва насиҳатларига амал қилиб яшасак уларнинг биз учун фидо этган бутун борлиқларини саробга айлантирмасдан, хизматларини оқлаётган бўламиз!

Ўткир Хошимовнинг яна бир сўзлари ёдимга келди:

“Энг тоза туйғу нима?

Биринчи маошингни келтириб бериб, отангизнинг дуосини олганингизми?

Биринчи марта совға келтирганингизда онангизнинг қўзида қалқиган ёшми?

… Ҳаммаси… Ҳаммаси покиза туйғулар… Аммо…

Бола эмизиб турган онага зимдан разм солинг… Гўдагига кўксини тутиб, термилиб ўтирган онанинг кўзларига синчикла-а-а-б тикилинг…

Энг олий туйғу нималигини тушуниб етасиз!”

Азиз тенгдошлар! Ота-оналаримизнинг ширин орзу ва туйғуларини саробга айланишига асло йўл қўймайлик!
Уларни ҳар дам, ҳар лаҳза эъзозлаб, қадрлайлик!
Бахтимизга мана шундай меҳрли, азиз инсонларимиз доимо соғ-у омон ва бор бўлсинлар!

Зангиота тумани бош имом-хатиби
НУРАЛИ Мавланов