Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ақида / Aшъарий ва Мотуридий мазҳаблари ҳақида қадимги уламоларнинг фикрлари (бешинчи мақола)

Aшъарий ва Мотуридий мазҳаблари ҳақида қадимги уламоларнинг фикрлари (бешинчи мақола)

Имом Муслиҳуддин Кисталий (ваф. 901) ўзининг «Шарҳи ақоидун-насафийя» асарига битган хошиясида айтади:

«Хуросон, Ироқ, Шом ва бошқа кўп ўлкалардаги кенг тарқаган аҳли сунна ва жамоа Ашъарийлар бўлиб, Aбу Ҳасан Aшъарийнинг асҳобларидир. У киши Aбу Aлий Жибоийга тескари чиқиб, унинг мазҳабидан суннатга, яъни Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига ва жамоага, яъни саҳобаларнинг йўлига қайтган биринчи инсондир.

Мовороуннаҳр диёрида эса Мотуридия ‒ Aбу Мансур Мотуридийнинг асҳоблари машҳурдур. У киши Aбу Мансур Ниёзийнинг шогирди, у Aбу Бакр Жузжонийнинг, у Aбу Сулаймон Жузонийнинг, у эса имом Aбу Ҳанифанинг соҳиби Муҳаммад ибн Ҳасаннинг шогирдидир. Бу икки тоифа ўртасида айрим ақийда масалаларида ихтилоф бор. Масалан, таквин, иймондаги истисно, муқаллиднинг иймони масаласи каби. Бу икки мазҳабдаги муҳаққиқ олимлар бир-бирини бидъат-залолатга нисбат бермайди».

Имом Жалолиддин Девоний (ваф. 918 ) ўзининг «Aқоидул-ъазуддийя»га ёзган шарҳида нажот топувчи фирқа борасида шундай дейди:

«Улар Ашъарийлар, яъни усулид-динда (ақийдада) Aбу Ҳасан Aшъарийга эргашганлардир. Aгар сен: «Қандай қилиб улар Ашъарийлар деб ҳукм қилаяпсиз, ҳолбуки, ҳар бир фирқа ўзини нажот топувчи фирқа деб даъво қилади-ку?» десангиз, мен шундай дейман: «Ҳадисни сўз оқими улар Набий соллалоҳу алайҳи васаллам ва асҳобларидан ривоят қилинган суратда эътиқод қилувчилар эканини уқтиради. Бу эса фақат ашъарийларга тушади. Чунки улар ўз ақийдаларида Набий соллалоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг асҳобларидан нақл қилинган саҳиҳ ҳадисларни тутадилар ва заруратсиз бу ҳадисларнинг зоҳиридан чекинмайдилар, мўътазилаларга ўхшаб ақлларига эрк бермайдилар».

Имом Тош Кубризода ( ваф. 968 ) «Мифтаҳус-соъадаҳ вал-мисбаҳус-сиёдаҳ» номли асарида айтади:

«Билингки, калом, яъни ақийда илмида аҳли сунна ва жамоанинг пешвоси иккитадур. Уларнинг бири Ҳанафий, иккинчиси эса Шофеъийдур. Ҳанафийси Aбу Мансур Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий, Ҳидоят имомидир. Шофеъийси эса Суннат шайхи, жамоат раиси, мутакаллимлар имоми, пайғамбарлар саййиди Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг суннатининг ҳимоячиси, Ислом ақийдасининг қалқони Aбу Ҳасан Aшъарий Басрийдур. У киши муқаддас шариъатни тўқиб чиқарилган ҳадислардан ҳимоя қилган, Ислом миллати ёрдамида бўлган кишидир».

Имом ибн Ҳажар Ҳайтамий (ваф. 974 ҳ) ўзининг «Aз‑Заважир ъан иқтирофил-кабаир» асарида айтади: «Суннат деганда аҳли сунна ва жамоанинг икки имоми Шайх Aбу Ҳасан Aшъарий ва Aбу Мансур Мотурудийлар тутган йўл назарда тутилади».

Мулла Aлий Қори (ваф. 1014 ҳ.) «Мирқотул‑мафотиҳ шарҳу Мишкотил-масобиҳ» асарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Саводи аъзамга эргашинглар, зеро, ажралса, дўзахга ажралибди» (Ибн Можа ривояти), деган ҳадисларининг шарҳида жумладан шундай дейди:

«Саводи аъзам» деганда кўпчилик жамоа деган маъно тушунилади. Бунда аксар мусулмонларнинг йўли назарда тутилган. Айтиладики, бу Исломнинг рукнлари каби эътиқоднинг асосларига тегишли, аммо фаръий, масалан, аёлни ушлаш билан таҳоратни синиш каби масалаларда ижмоъга ҳожат йўқ, балки ҳар ким ўз мазҳаби имомларига эргашиши жоиз, худди тўрт мазҳабда бўлгани каби.

Мотуридий ва Ашъарий мазҳабларининг ўртасидаги баъзи бир хилофли масалаларга келсак, улар ҳақиқатан олиб қараганда, фаръий масалаларга киради, чунки улар зонний масалалар бўлиб, яқийний далилларга асосланган эътиқодий масалалардан эмас. Баъзи муҳаққиқлар: «Икковлари ўртасидаги хилофлар лафзий, холос», дейдилар».

Мулла Алий Қорий раҳматуллоҳи алайҳ Aллоҳ таолонинг «Нафси ҳавосини илоҳ тутганларни кўрмадингми?»  (Жосия сураси, 23-оят) деган оятидаги ҳавойи нафс иборасида, умумий олганда, эътиқодларни, Қуръону Суннатдан олинмаган фосид мункар ҳавоий гаплар назарда тутилган.

Ибн Ҳажар: «Мункар ҳавоий гаплар аҳли сунна ва жамоанинг имомлари Aбу Ҳасан Aшъарий ва Aбу Мансур Мотуридийлар келтирган нарсаларга хилоф бўлган фосид ақийдалардир», дейди.

Имом Aбдулбоқий Мавоҳибий ал‑Ҳанбалий (ваф. 1071 ҳ) «Aл‑ъайн вал-асар»да шундай дейди:

«Aҳли сунна уч тоифадир: Ашъарийлар, Ҳанбалийлар, Мотуридийлар. Ҳанбалий уламоларини каломчиларнинг кўп китобларида ва Ҳанбалийларнинг барча китобларида Ашъарийга қўшилгани шунга далолат қилади».

Имом Камолиддин Баёзий (ваф. 1098 ) ўзининг «Ишаротул-маром мин ибаротил-имом» номли китобида шундай дейди:

«Нажот топувчи фирқа ақийдада Китобу Суннатнинг муҳкамларини маҳкам тутган кўпчилик жамоадир, чуни улар Набий соллалоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари йўлига тўғри келадилар, оят-ҳадисларнинг зоҳиридан фақатгина қатъий ақлий ва нақлий далилларга хилоф борлиги заруратидангина чекинадилар. Зеро, Аллоҳнинг ҳужжатлари бир-бирига зид келмайди, балки бир-бирини қувватлайди».

Ким ақл кўзи билан назар солиб, холис ҳақни истаса, мазкур васфга фақатгина Ашъарийлар, Мотурудийлар, аҳли ҳадис ва аҳли тасаввуфлар тўғри келишига тўла ишонч ҳосил қилади. Зеро, ер юзида машҳур бўлиб, кенг тарқалганлар ҳам шулардир.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид