Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Хатми Қуръонга марҳабо – 13

Хатми Қуръонга марҳабо – 13

Мавзуга доир икки масала хусусида айрим мулоҳазалар

 

Таровеҳ ва ундаги хатмларга оид бўлган, вақти‑вақти билан кўтарилиб турадиган айрим масалалар хусусида бир неча оғиз сўз юритсак.

  1. Тарвиҳа масаласи. Бу сўз «дам бериш» маъносини англатади. Унинг кўплик шакли «таровеҳ» бўлади. Ҳар икки саломдан, яъни ҳар тўрт ракъатдан кейин бироз тин олиб, дам олиш, нафас ростлаш таровеҳ намозига хос одатлардан бири бўлиб, салафлардан мерос бўлиб келган. Таровеҳ намозининг номи ҳам ана шу одатнинг номидан олинган. Таровеҳнинг ҳар тўрт ракъати бир тарвиҳа ҳисобланади. Кейинчалик ушбу дам олиш пайтида тасбеҳ айтиш йўлга қўйилгани учун бизда буни «бир тасбеҳ» деб юритиш одат бўлиб қолган.

Даставвал таровеҳ намозларда қиём жуда узоқ қилинган. Мисол учун, саҳобаи киромлар даврларида ҳар ракъатга икки юз оят ўқилган экан. Ракъатнинг охирига бориб, одамлар намозда таёққа суяниб қолишар экан. Шунинг учун ҳар икки саломда бир муддат хордиқ чиқариб, танага бироз дам берилган, бу орада қорилар ҳам, жамоат ҳам ўзларини ростлаб олишган экан.

 

Ҳанафий мазҳабининг энг мўътабар асарларидан бири «Ал‑Муҳитул‑Бурҳоний»да шундай дейилади:

«Ҳар гал бир тарвиҳа ўқилгач, икки тарвиҳа ўртасида бир тарвиҳа миқдорида кутиб турилади. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида ҳар тарвиҳада бир тарвиҳа миқдорида кутиш мустаҳабдир. Икки Ҳарам аҳли ҳам шунга амал қилиб келади. Фақат Макка аҳли икки тарвиҳа ўртасида етти марта тавоф қилади, Мадина аҳли эса бунинг ўрнига (мустақил равишда) тўрт ракъат ўқийди. Ҳар бир юрт аҳлининг ихтиёри ўзида бўлиб, (тарвиҳа пайтида) тасбеҳ ё таҳлил, ёки такбир айтиш, ёхуд жим кутиб ўтириш мумкин».

Имом Косоний «Бадоеъ»да шундай дейди:

«(Мустаҳаблардан) яна бири – имом ҳар гал бир тарвиҳа ўқиганда икки тарвиҳа ўртасида бир тарвиҳа миқдорича ўтириб, тасбеҳ, таҳлил, такбир айтади, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтади ва дуо қилади».

Худди шу маънодаги матнларни «Ал‑Мабсут», «Мухторун‑наваазил», «Фатаават‑татархоонийя» ва бошқа фиқҳий китобларимизда ҳам кўриш мумкин. Уларда айтилган фикрлардан хулоса қиладиган бўлсак, ҳар тарвиҳада бир муддат тин олиш, озгина дам олиш мустаҳаб амалдир. Хусусан, витрдан олдинги тарвиҳада ҳам. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва бошқа фуқаҳолар таровеҳ намозининг исми жисмига монанд бўлиши учун, берилган ушбу ном воқеликда акс этиши учун, салафи солиҳлардан келаётган анъана бўлгани учун бу ишни мустаҳаб санаганларини таъкидлаганлар. Тин олишнинг муддати қанча бўлиши, унда нималар ўқилиши ҳар бир юрт аҳлининг, ҳар бир жамоатнинг ўз ихтиёрида. Ўқиш учун ҳар қандай зикрни танлаш мумкин. Тасбеҳми, таҳлилми, истиғформи, фарқи йўқ. Муҳими, жамоатга муносиб бўлиши, салафи солиҳларнинг тутумларига зид бўлмаслиги керак. Айрим ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари: «Бу ўринда тиловат қилиш, баъзилари ёлғиз ҳолда намоз ўқиш тавсия қилинмайди», дейдилар. Бу ҳам, албатта, ўз ўрнида керакли ва биздаги шароитга муносиб гап. Шунингдек, баъзи уламоларимиз: «Тасбеҳни бир киши ўқиб, қолганлар тингласа, мақсадга мувофиқ бўлади», дейишган.

Бизнинг юртларда ҳамма жойда тасбеҳ айтиш йўлга қўйилган. Айтилганда ҳам, асосан тасбеҳларнинг ичида энг улуғи, шу ойга муносиби, тааллуқлиси, суннатга асослангани айтилади. Буни жорий қилган улуғларимизни Аллоҳ раҳматига олсин!

Изланишлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, ўша тасбеҳни таровеҳда ўқиш жуда қадимда, буюк мужтаҳид уламолар замонида йўлга қўйилган бўлиб, бу амал ҳадиси шарифлардан олинган экан.

Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ «Раддул‑мухтор»да, «Таровеҳ» бобида шундай дейди:

«Қуҳистоний айтади: «…ва уч бора «Субҳаана зил‑мулки вал‑малакуут, субҳаана зил‑ъиззати вал‑ъазомати вал‑қудроти вал‑кибрийаа’и вал‑жабаруут. Субҳаанал‑маликил‑ҳаййиллазии лаа йамуут. Суббууҳун қуддуусур‑роббул‑малаа’икати вар‑рууҳ. Лаа илааҳа иллааллоҳу настағфирулооҳ. Нас’алукал жанната ва наъуузу бика минан‑наар», дейди. «Манҳажул‑ъибаад»да шундай».

Имом Қуҳустоний ҳанафий фақиҳларнинг энг улуғларидан бўлиб, машҳур «Жомиъур‑румуз» китобининг мусаннифидир. Бу киши ўз даврида Бухоронинг муфтийси бўлган, ҳижрий 953, милодий 1546 санада вафот этган. Демак, мазкур тасбеҳ ўша даврларда ҳам йўлга қўйилган бўлган, шу билан бирга, фақат бизда эмас, бошқа юртларда, жумладан, Шом ўлкаларида ҳам жорий қилинган. Дамашқлик олим Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳнинг мазкур иқтибосида бунга ишора бор.

Тасбеҳнинг суннатдаги асосларига келсак, ҳадисларда айтилишича, унинг калималари фаришталарнинг тасбеҳлари экан:

Ибн Жарир Табарий ўз тафсирида, Абу Нуъайм «Ал‑Ҳилйа»да Саъид ибн Жубайрдан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан фаришталарнинг намозлари ҳақида сўрабди. У зот ҳеч қандай жавоб қайтармабдилар. Шунда Жаброил келиб, шундай дебди: «Дунё осмони аҳли: «Субҳаана зил‑мулки вал‑малакуут», дея қиёматгача саждададир. Иккинчи осмон аҳли: «Субҳаана зил‑ъиззати вал‑жабаруут», дея қиёматгача рукуъдадир. Учинчи осмон фаришталари эса: «Субҳаанал‑ҳаййиллазии лаа йамуут», дея қиёматгача қиёмдадир».

Ибн Жарир Табарий раҳматуллоҳи алайҳ ва Ибн Абу Ҳотимлар ўз тафсирларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қиёмат кунида фаришталар айтадиган тасбеҳни ҳам нақл қилишган. Унда жумладан, қуйидаги калималар ҳам бор:

«Субҳаана зил‑ъиззати вал‑жабаруут. Субҳаана зил‑мулки вал‑малакуут. Субҳаанал‑ҳаййиллазии лаа йамуут. Субҳааналлазии йумиитул‑холаа’иқо валаа йамуут. Суббууҳун қуддуусур‑роббул‑малаа’икати вар‑рууҳ».

«Тафсири Бағавий»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Аршни кўтариб турувчи фаришталарнинг қуйидаги тасбеҳни айтиб туришлари зикр қилинган:

«Субҳаана зил‑ъиззати вал‑жабаруут. Субҳаана зил‑мулки вал‑малакут. Субҳаанал‑ҳаййиллазии лаа йамуут. Суббууҳун қуддуусур‑роббул‑малаа’икати вар‑рууҳ».

Бу тасбеҳнинг Рамазонга алоқадорлиги хусусида Имом Аҳмаднинг Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан қилган қуйидаги ривоятини келтириш мумкин:

«Рамазон кечаларидан бирида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. У зот намоз ўқишга турдилар. Такбир айтгач: «Аллооҳу акбару, Зул-малакуути вал-жабаруути вал-кибрийаа’и вал-ъазомати», дедилар…»

 

Хулоса қилиб айтганда, ушбу тасбеҳнинг Аллоҳни поклаб ёд этиш мазмунидаги калималари фаришталарнинг тасбеҳларидан олинган экан. Қолган қисми эса шаҳодат калимаси, истиғфор ва дуони ўз ичига олган. Ҳадиси шарифларда уларнинг турли кўринишлари маълум ва машҳурдир. Шу билан бирга, мазкур зикр ва дуолар энг муҳим маъно, сўров ва олий мақсадни ўзида ифода этганки, Рамазон кечалари, хатми Қуръон асносида мазкур зикрларни айтиш ва дуоларни сўрашнинг айни мавридидир.

Шу ўринда фурсатни ғанимат билиб, бир кичикроқ, аммо кўпчиликнинг эътиборида бўлган, баъзан турли эътироз ва мунозараларга сабаб бўладиган мавзу хусусида ҳам тўхталсак. Кўпчиликдан эшитишимизча, айрим масжидларимизда тасбеҳ айтишга интиладиган кишилар ҳам бор бўлиб, аслида улар бунга ҳақли эмас эканлар. Ўша жойда тасбеҳни улардан кўра яхшироқ, барчага манзур қилиб айтадиган қорилар, билимли кишилар бўла туриб, ўша ишқибозлар тасбеҳни илиб кетишар, жамоат эса чиройли тасбеҳ тинглаб, ҳузурланиш орзусида қолиб кетаверар экан. Уларнинг муҳаббатлари, қалблари Аллоҳга маълум. Аммо билишлари лозим бўлган ҳақиқат шуки, таровеҳда тасбеҳ айтишдан ва эшитишдан мақсад айрим кишиларда намозда узоқ тик турилгандан ҳосил бўлган толиқишни, чарчашни ёзишдир, яъни тарвиҳадан кўзланган мақсадни рўёбга чиқариш. Бинобарин, бундай пайтда энг хушовоз, маҳоратли кишиларга йўл бериш, уларнинг нафасларидан кўпчиликнинг баҳраманд бўлишини таъминлаш лозим. Ўзининг ички хоҳишини қондиришни бошқаларнинг истаклари, ҳузур‑ҳаловатларидан устун қўйиш одобдан эмас, албатта. Хатми Қуръонга мутасадди бўлган кишилар ҳам бунга эътибор бериб борсалар, мақсадга мувофиқ бўлади.

Таровеҳларда тасбеҳларни ўқиб, эшитар эканмиз, уларнинг матни ва маъноларини яхшироқ билиб олсак, фойдадан холи бўлмайди. Бунга кўпчиликнинг қизиқишини инобатга олиб, юқорида ўтган таровеҳ тасбеҳининг матни ва маъносини эътиборингизга ҳавола қилсак:

 

سُبْحَانَ ذِي الْمُلْكِ وَالْمَلَكُوتِ، سُبْحَانَ ذِي الْعِزَّةِ وَالْعَظَمَةِ وَالْقُدْرَةِ وَالْكِبْرِيَاءِ وَالْجَبَرُوتِ، سُبْحَانَ الْمَلِكِ الْحَيِّ الَّذِي لَا يَمُوتُ، سُبُّوحٌ قُدُّوسٌ رَبُّ الْمَلَائِكَةِ وَالرُّوحِ، لَا إلَهَ إلَّا اللهُ نَسْتَغْفِرُ اللهَ، نَسْأَلُكَ الْجَنَّةَ وَنَعُوذُ بِكَ مِنَ النَّارِ.

Ўқилиши: «Субҳаана зил‑мулки вал‑малакуут. Субҳаана зил‑ъиззати вал‑ъазомати вал‑қудроти вал‑кибрийаа’и вал‑жабаруут. Субҳаанал‑маликил‑ҳаййиллазии лаа йамуут. Суббууҳун қуддусун Роббунаа ва Роббул‑малааикати вар‑Рууҳ. Лаа илааҳа иллаллооҳу настағфируллоҳ. Нас’алукал‑жанната ва наъуузу бика минан‑наар».

 

Маъноси: «Мулк ва малакут Эгасини поклаб ёд этаман! Иззат, буюклик, қудрат, улуғворлик ва ҳукмронлик Эгасини поклаб ёд этаман! Ҳаргиз ўлмайдиган Ҳаййни, Маликни поклаб ёд этаман! У Зот Суббуҳдир, Қуддусдир, фаришталарнинг ва Руҳнинг Роббидир. Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ! Аллоҳдан мағфират сўраймиз. Сендан жаннатни сўраймиз ва дўзахдан Ўзингдан паноҳ тилаймиз».

«Ҳайй» сўзи барҳаёт деган маънони англатади. Ҳа, Аллоҳ таоло барҳаётдир, шунинг учун ҳам У Зот барча махлуқотга ҳаёт бахш эта олади. Унинг ҳаётлиги бирор сабабга боғлиқ эмас, аммо Ундан бошқанинг ҳаёти Унинг иродасига боғлиқдир. У Зот азалдан барҳаёт ва абадул-абад барҳаётдир.

Малик – мутлақ подшоҳ.

Мулк – подшоҳлик, ҳукмронлик.

Малакут – мутлақ тасарруф, мутлақ подшоҳлик. Тасаввуф уламолари истилоҳига кўра, «мулк» – шаҳодат олами, яъни зоҳирий, ҳиссий олам бўлса, «малакут» – ғайб олами, яъни ҳис қилиш аъзолари билан билиб бўлмайдиган олам.

«Суббуҳ» – Аллоҳ таолонинг исм‑сифатларидан бири, ҳар қандай нуқсондан пок маъносида.

«Қуддус» – айблардан пок, муборак Зот.

«Руҳ» – Жаброил алайҳиссалом. Аллоҳ таоло Қуръонда бу зотни шундай номлаган.

Айтиш мумкинки, бу тасбеҳ ушбу ўрин учун энг муносиб тасбеҳдир. Шундай бўлса­да, мавзуга доир юқорида ўтган маълумотларга кўра, тасбеҳнинг бошқа турларини ҳам ўқиб туриш ҳам мумкин, чунки инсонда бир хил нарсадан зерикиш табиати бор. Шу боис, ора‑орада бошқа зикр, салавот ва тасбеҳларни ҳам ўқиб туриш мақсадга мувофиқдир. Мисол тариқасида яна бир тасбеҳни келтирсак.

 

سُبْحَانَ الرَّحِيمِ الرَّحمَانِ، سُبْحَانَ خَالِقِ الْإِنْسَانِ، عَلَّمَهُ الْبَيَانَ وَالْقُرْآنَ. الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي وَعَدَ لِلصَّائِمِينَ الدُّخُلَ بِالرَّيَّانِ، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي كَتَبَ عَلَيْنَا صِيَامَ شَهْرِ رَمَضَانَ، شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ، هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنْ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ. لَا إلَهَ إلَّا اللهُ نَسْتَغْفِرُ اللهَ، نَسْأَلُكَ الْجَنَّةَ وَنَعُوذُ بِكَ مِنْ النَّارِ.

Ўқилиши: «Субҳаанар‑Роҳиимир‑Роҳмаан, субҳаана холиқил‑инсаан, ъалламаҳул‑байаана вал‑Қур’аан. Ал‑ҳамду лиллааҳил‑лазии ваъада лис‑соо’имиинад‑духуула бир‑Ройаан, вал‑ҳамду лиллааҳил‑лазии катаба ъалайнаа сийаама шаҳри ромадоон. Шаҳру ромадоонал‑лазии унзила фиҳир‑Қуръаан, ҳудан линнааси ва баййинаатин минал‑ҳудаа вал‑фурқоон. Лаа илааҳа иллаллооҳу настағфируллоҳ. Нас’алукал‑жанната ва наъуузу бика минан‑наар».

 

Маъноси: «Раҳиму Раҳмонни поклаб ёд этаман! Инсонни яратган Зотни поклаб ёд этаман! Унга баённи (сўзлашни) ва Қуръонни ўргатди. Рўзадорларга Райёндан киришни ваъда қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Бизларга Рамазон рўзасини фарз этган Аллоҳга ҳамд бўлсин! «Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилингандир». Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ! Аллоҳдан мағфират сўраймиз. Сендан жаннатни сўраймиз ва дўзахдан Ўзингдан паноҳ тилаймиз».

Бу тасбеҳда рамазон ойининг оят­ҳадисларда берилган таърифларидан айримлари ўрин олган. Буни Рамазон руҳи ҳукми остида ўзимиз ёзганимизни айтиб қўйишим лозим.

 

  1. Табарруклар масаласи. Юртимизда кўп жойларда хатми Қуръоннинг баракасидан умид қилиб, Қуръон тиловат шарафига нозил бўладиган раҳмату файздан насибадор бўлиш мақсадида хатми Қуръон бўлаётган жойга сув, чой‑тузларни олиб келиб қўйиш одати бор. Кўпчилик юртдошларнинг шу ҳақдаги саволларига умумий жавоб бўлсин, деган мақсадда ушбу масала хусусида ҳам тўхталсак.

Хатми Қуръонда сув ё чой‑туз каби айрим егуликларни келтириб қўйиш ҳақида махсус шаръий кўрсатма йўқ. Фақат айрим аҳли илмларимиз, муҳаббатли кишиларимиз бу борадаги умумий тушунчалардан хулоса чиқариб, шуни одат қилишган. Буни шаръий буйруққа айлантирмаган ҳолда қилишга монелик йўқ, иншааллоҳ. Ҳар ким ўзининг ихлос‑муҳаббатига яраша барака ва ажру савоб олаверади. Бу ҳам шариатимизда кенгроқ ташлаб қўйилган мавзулардан биридир.

Бу мавзуни очишимизга сабаб бўлган иккита ҳолат бор. Биринчиси – ушбу егуликлар солинган идишлар масаласи. Кўпинча намозхонларимиз бепарволикданми ёки билмаганлариданми, турли жонли нарсаларнинг суратлари бор идишларни олиб келишади ва қибла томонга қўйиб қўйишади. Қиблада бундай сурат туриши эса макруҳ иш бўлиб, намозга путур етказади. Шунинг учун бундай идишларни олиб келмаслик, шунингдек, ўта нақшинкор, гули кўп, ёзувли идиш бўлса, уларни бирорта суратсиз, одмироқ идишга солиб қўйиш лозим бўлади. Бу ҳам жойларда кўпчиликка безовталик келтираётган масала бўлгани учун айтиб ўтдик.

Иккинчи масала – ўша келтирилган сув ва чой‑тузларнинг устини очиб қўйиш керакми ёки ёпиқ турса ҳам бўлаверадими, деган савол. Айрим намозхонлар ўртасида мана шу хусусда ҳам турли тушунмовчиликлар ва тортишувлар бўлаётгани ҳақида бизга саволлар келаётгани учун жавоб қидиришга ҳаракат қиламиз.

Ушбу саволга айнан бирор шаръий китобдан етарли жавоб топиш қийин. Шу боис, мавзуга тааллуқли умумий маълумотлардан хулоса чиқаришга ҳаракат қиламиз.

Сувга шифо умидида Қуръон ўқиш ўтган салафи солиҳлар давридан буён давом этиб келаётган амаллардандир. Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиз ривоят қилган машҳур саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръон ўқиб, кафтларга дам уриб, қўллари билан бутун баданларини силашлари ривоят қилинади. Бундан Қуръон ўқилгандаги нафасдан барака ва фойда борлиги тушунилади. Шу асосда бир қатор уламоларимиз сувга Қуръон ўқиб, дам солишнинг манфаати борлигини айтганлар ва буни тажрибаларида ҳам кўрганлар. Жумладан, Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ Маккаи Мукаррамада яшаган вақтларида бемор бўлиб, табиб ҳам, дори ҳам топа олмай, замзамдан бироз олиб, унга Қуръон ўқиганларини, сўнг уни ичиб, яхши бўлиб кетганларини айтадилар. У киши буни бир неча марта қилганларини ва бошқа беморларга ҳам тавсия этганлари ҳамда уларнинг ҳам кўпчилиги шу билан тузалиб кетганини алоҳида таъкидлайдилар. Биз Қуръони Каримнинг баракоти, манфаати борлигига ишонамиз, уламоларимизнинг тажрибаларига суянамиз, бунга шубҳа қилмаймиз. Аммо ушбу ҳақиқатни замонавий илмлар ҳам исботлаб турганини айтиб ўтиш фойдадан холи бўлмаса керак.

Бугунги кунга келиб, сувнинг хусусиятини ўрганган олимлар мазкур тажрибани тасдиқлайдиган илмий хулосаларни эълон қилишмоқда. Сув ўлик эмас, тирик мавжудот экан. Қизиғи, у яхши гапдан ҳам, ёмон гапдан ҳам таъсирланар экан ва унинг олган таъсири истеъмолчига ҳам ўтар экан. Яхши гапларни тинглаган сувни ичсангиз, жисмингизга фойда бўлса, ёмон гапларни эшитган сув зарар бўлар экан. Бу ҳақда турли илмий‑амалий кўрсатувлар ҳам намойиш этилди.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, Аллоҳнинг каломидан ҳам яхшироқ калом бўлиши мумкинми? Сув Ўз яратувчисининг сўзидан таъсир олмай, нимадан таъсир олсин?! Аллоҳнинг каломи тиловат қилинган жойни раҳмат, сакинат ўраб олиши ҳадислардан маълум. Оддий инсон сўзидан таъсирланган сув нима учун булардан таъсир олмасин?!

Энди бевосита саволга тўхталсак. Юқоридаги маълумотлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, хатми Қуръонга табаррук учун егулик қўйишни икки ҳолатдан бирига қиёслаш мумкин:

  1. Қуръони Карим тиловатининг нафасидан умидворлик, яъни юқорида айтилган сувга Қуръон ўқиш ҳолати. Бунда қорининг нафаси егуликка етиб туриши кўзда тутилади. Бунинг учун эса егуликнинг усти очиқ бўлиши керак.
  2. Маънавий барака ва Қуръон садосининг таъсиридан умидворлик. Бунинг учун эса егуликнинг усти очиқ бўлиши шарт эмас, овоз ўтса бас.

Агар ушбу мезон асосида қаралса, хатми Қуръонлардаги сув ва чой‑тузларнинг устини очиш‑очмасликнинг аҳамияти йўқ, чунки бунда егуликлар ҳеч қачон қорининг нафаси етадиган жойга қўйилмайди ва бунинг имкони ҳам йўқ. Шу боис, бу ерда иккинчи ҳолат мавжуд, холос ва шунга кўра иш кўрилаверади, яъни идишнинг оғзини очиш шарт бўлмайди. Мабодо кимдир идишнинг усти ёпиқ туришидан кўнгли тўлмай, очиб қўйгиси келса, бу ўзининг иши, монелик йўқ. Муҳими, ихтилофга бормаслик керак. Валлоҳу аълам.

 

[carousel-horizontal-posts-content-slider]