Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ўзингиздан олдингиларнинг суннатларига қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашасизлар»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ўзингиздан олдингиларнинг суннатларига қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашасизлар»

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, ўзингиздан олдингиларнинг суннатларига қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашасизлар. Ҳатто, улар зоббнинг уясига кирсалар, уларга эргашиб, сиз ҳам кирасизлар», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, яҳудий ва насороларгами?» дедик.

«Бўлмаса, кимга?!» дедилар.

Бошқа бир ривоятда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Форс ва Румга ўхшабми?» дейилди.

«Ўшалардан бошқа қайси одамлар бўларди?» дедилар».

Икки ҳадисни икки Шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Муаллиф бу ҳадисни нима учун «Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш боби»да келтирганидан мақсади аниқ. Чунки бу ҳадиси шарифда мусулмонлар бир вақтлар келиб, Китоб ва Суннатга эмас, ўзларидан олдин ўтган умматлар ва ғайридин қавмларнинг суннатига эргашадиган бўлиб кетишлари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даврларида ва ундан ке­йинги бир неча асрларда мусулмонларнинг хаёл­ларига ҳам келмайдиган салбий ўзгариш бўлажагининг хабарини олдиндан бермоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга:

«Албатта, ўзингиздан олдингиларнинг суннатларига қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашасизлар», демоқдалар.

Яъни, эй мусулмонлар, сиз ўзингиздан олдин ўтган қавмларнинг одатларига, ишларига, қилмишларига қадам-бақадам эргашасизлар. Улар нима қилса, шуни қилишга ҳаракат қиласизлар. Бу бизга тўғри келадими-йўқми, демайсизлар, деяптилар.

«Ҳатто, улар зоббнинг уясига кирса, уларга эргашиб, сизлар ҳам кирасизлар», дедилар».

«Зобб» эчкиэмарга ўхшаш, аммо ундан кичикроқ ҳайвон, унинг уясига одам сиғмайди. Лекин, ҳадисда «ўша ғайридинлар зоббнинг уясига кирса, уларга эргашиб сизлар ҳам кирасизлар» деганлари, «агар улар одамга мос бўлмаган ишни қилсалар, сизлар ҳам қиласизлар» деганларидир.

Ҳадис ровийи Абу Саъийд ал Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, яҳудий ва насороларгами?!» дедик».

Яъни, биз уларга қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашадиган, ҳатто зоббларнинг уясига кирсалар, ортларидан биз ҳам кирадиган қавмлар яҳудий ва насороларми?! Ўшаларга эргашамизми, деб сўрадик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бўлмаса, кимга?» дедилар.

Яъни, бошқа ким ҳам бўлар эди, деганлари.

 Бошқа бир ривоятда:

«Яҳудий ва насороларгами?» ўрнига,

«Форс ва Румга ўхшабми?» деб сўралган ва Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўшалардан бошқа, қайси одамлар бўлар эди», деб жавоб берганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари қарийиб ўн уч ярим асрдан сўнг юзага чиқди. Ўша вақтда мусулмонлар ўзларидан олдин ўтган қавмларга эргашиш қандоқ бўлишини тасаввур ҳам қила олмас эдилар. Лекин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ҳақиқат сифатида эшитиб, қабул қилган ва таслим бўлган эдилар.

 Кейинчалик эса, мусулмонлар Китоб ва Суннатни маҳкам тутиб, бутун дунёга ўрнак бўлдилар. Жуда кўп қавмларни ўзларига эргаштирдилар. Ўша пайтнинг энг катта икки давлати–Форс ва Рум империялари мусулмонлар қаршисида тиз чўкди. Бутун дунё мусулмонлар ортидан эргашди. Ислом Оврупонинг қалби бўлган Париж остоналаригача етиб борди. Оврупанинг катта бир қисмида Андалусия номли Ислом давлати қарийиб саккиз аср ҳукм сурди. Илм-фан, маданият, техника, тиб ва бошқа соҳаларда мусулмонлар эришган ютуқлардан бутун дунё халқ­лари баҳраманд бўлиб турди.

Лекин минг афсуслар бўлсинким, усти бут, қорни тўқ бўлмаса ҳам, иймони кучли, бутун дунё­га Ислом нурини ёйишга хизмат қилиш ишқида ёнган фотиҳ мусулмонларнинг набиралари боболарига муносиб бўла олмадилар. Улар Китоб ва Суннатни маҳкам тутмадилар, бу икки масдарни аста-секин қўлдан чиқара бошладилар. Қуръон ва Суннатга амал қилишдан узоқлашдилар. Устилари бут, қоринлари тўқ, иймонлари заиф бўлди. Суннатга амал қилиш ўрнига ҳойи ҳавас ва айшу ишратга берилдилар.

Оқибатда, мусулмонлар аста-секин дунё миқё­сидаги ўз мавқеларини йўқотдилар. Ислом аҳли таназзулга юз тутди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан.