Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фиқҳ ва фатволар / Иймон китоби («Ҳанафийлик далиллари» китоби)

Иймон китоби («Ҳанафийлик далиллари» китоби)

1-ИЙМОН КИТОБИ

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида эдик. Шунда олдимизга кийимлари ниҳоятда оппоқ, сочлари эса ўта даражада қоп-қора бир кимса келди. Унда бирон бир сафар аломати кўрилмас ва бизлардан ҳеч ким уни танимас ҳам эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, тиззасини у зотнинг тиззаларига теккизиб, икки кафтини у зотнинг оёқларига қўйиб ўтириб олди-да: «Эй, Муҳаммад! Менга Исломдан хабар беринг!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом – «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммад расулуллоҳ», деб гувоҳлик беришинг, намозни барпо қилишинг, закот беришинг, рамазон рўзасини тутишинг ва йўлга қодир бўлсанг, байтуллоҳни ҳаж қилишингдир», деб жавоб бердилар. Ўша кимса: «Тўғри айтдингиз», деди. Биз унинг ўзи сўраб, ўзи тасдиқлашидан ажабландик. У яна: «Менга имондан хабар беринг!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига имон келтиришинг ва тақдирнинг яхшилиги-ю ёмонлигига имон келтирмоғингдир», дея жавоб бердилар. Ўша кимса: «Тўғри айтдингиз», деди. Кейин: «Менга эҳсондан хабар беринг!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга худди уни кўриб турганингдек ибодат қилишингдир. Агар Уни кўра олмасанг, У сени кўриб туради», деб жавоб бердилар. Ўша кимса: «Менга қиёматдан хабар беринг!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бунда сўралган кимса сўрагувчидан кўра билимлироқ эмас», деб жавоб бердилар. Ўша кимса: «Унда, унинг аломатларидан менга хабар беринг!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл ўз тарбиячисини туғади, ялангоёқ, яланғоч, фақир қўй боқувчиларнинг бинолар қуришда бир-бирлари билан ўзишаётганини кўрасан», деб жавоб бердилар. Сўнг ўша кимса қайтиб кетди. Мен ҳайрон бўлиб, узоқ вақт туриб қолдим. Кейин у зот менга: «Эй, Умар! Сўровчининг кимлигини биласанми?» – дедилар. Мен: «Аллоҳ ва Унинг расули билгувчи», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу – сизларга динингизни ўргатгани келган Жаброил эди», деб айтдилар.

Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилишган[1].

[1]  Ҳадисни имом Муслим  саҳиҳи Иймон китоби (8) да ривоят қилган. Лафз у кишиники. Имом Бухорий саҳиҳида мухтасар ҳолда Иймон китоби (50) да, Аҳмад муснади 1/15 (367) да, Термизий Сунани Иймон китоби (2610) да, Насоий Сунани Иймон китоби (4990) да, Абу Довуд Сунани Муқаддима китоби (63) да ва шу лафз билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан (64) ривоят қилишган.